Дўстлар зиёрати

573

Дўстлар зийрати ҳам бир ибодатдир. Мўмин банда доимо дўстларнинг ҳолидан хабар олиб, уларни зиёрат қилиб туради. Кимки бир биродарини Аллоҳ учун яхши кўриб, уни зиёрат қилса унга ҳам Аллоҳнинг муҳаббати муносиб бўлиб қолади.

وعن أَبي إدريس الخولاني رحمه الله ، قَالَ :دخَلْتُ مَسْجِدَ دِمَشْقَ ، فَإذَا فَتَىً بَرَّاق الثَّنَايَا وَإِذَا النَّاسُ مَعَهُ ، فَإِذَا اخْتَلَفُوا في شَيْءٍ ، أَسْنَدُوهُ إِلَيْه ، وَصَدَرُوا عَنْ رَأيِهِ ، فَسَأَلْتُ عَنْهُ ، فَقيلَ : هَذَا مُعَاذُ بْنُ جَبَل – رضي الله عنه – . فَلَمَّا كَانَ مِنَ الغَدِ ، هَجَّرْتُ ، فَوَجَدْتُهُ قَدْ سَبَقَنِي بالتَّهْجِيرِ ، ووَجَدْتُهُ يُصَلِّي ، فانْتَظَرتُهُ حَتَّى قَضَى صَلاتَهُ ، ثُمَّ جِئْتُهُ مِنْ قِبَلِ وَجْهِهِ ، فَسَلَّمْتُ عَلَيهِ ، ثُمَّ قُلْتُ : وَاللهِ إنّي لأَحِبُّكَ لِله ، فَقَالَ : آلله ؟ فَقُلْتُ : اللهِ ، فَقَالَ : آللهِ ؟ فَقُلْتُ : اللهِ ، فَأخَذَنِي بِحَبْوَةِ رِدَائِي ، فجبذني إِلَيْهِ ،فَقَالَ : أبْشِرْ ! فإنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ الله – صلى الله عليه وسلم – ، يقول : (( قَالَ الله تَعَالَى : وَجَبَتْ مَحَبَّتي لِلْمُتَحابين فيَّ ، وَالمُتَجَالِسينَ فيَّ ، وَالمُتَزَاوِرِينَ فيَّ ، وَالمُتَبَاذِلِينَ فِيَّ

Абу Идрис Хавлоний айтади:
“Дамашқ масжидига кирсам, тишлари ярақлаган бир йигит турибди. Одамлар унинг атрофида. Қачон бир нарсада ихтилоф қилишса, унга юзланишар ва унинг раъйини қабул қилишар эди. Унинг кимлигини сўрадим. “Муоз ибн Жабал” дедилар. Эртаси куни саҳарлаб масжидга кeлсам, у мендан ҳам олдин кeлган экан. Қарасам, намоз ўқияпти. Намозни адо қилгунича кутиб турдим.
Кейин унга пешвоз чиқиб салом бердим ва:
«Аллоҳга қасам, мен Сизни Аллоҳ учун яхши кўраман», дeдим.
«Аллоҳ учунми?» дeди.
«Аллоҳ учун», дeдим.
«Аллоҳ учунми?» дeди яна.
«Ҳа, Аллоҳ учун», дeдим. Шунда у зот ридоимнинг бир томонидан ушлаб ўзига тортди ва
«Хушхабар! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларни эшитганман:
«Аллоҳ таоло: «Мен учун бир-бирларини яхши кўрувчиларга, Мен учун бирга ўтиргувчиларга, Менучун бир-бирларини зиёрат қилгувчиларга ва Мен учун борини нисор қилгувчиларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди», дeйди», (Имом Молик «Муватто»да саҳиҳ иснод билан ривоят қилган)
“Бўстонул орифин” китобида (ЗиёУз.ком кутубхонаси) баён қилинади:
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: Биродар ва дўстларни зиёрат қилиш яхши ва бу савобли ишдир. У билан дўстлик зиёда бўлади. Абу Умома Боҳилий:
“Бир мил юриб касални зиёрат қил, икки мил юриб Аллоҳ йўлидаги дўстингни зиёрат қил, уч мил юриб икки кишининг орасини ислоҳ қил”, дедилар.
Ҳукамолардан баъзиси:
“Зиёратни тарк қилиб қўйма, сени эсдан чиқариб юборадилар, зиёратни кўпайтирма ҳам, сендан малолланиб қоладилар”, дейди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Ҳурайрага:
“Ё Абу Ҳурайра, камроқ зиёрат қилсанг, муҳаббатинг ортади”, дедилар.
Бакр ибн Абдуллоҳ Мазаний:
“Соғ одам зиёрат қилинади, касал бориб кўрилади”, дейдилар.
Умар (розияллоҳу анҳу) Абу Мусо Ашъарийга:
“Олдингга келган инсонларни юзларига қара ва уларни ҳурмат қил, чунки инсонлар орасида ҳожатларни чиқарадиганлари, зикр қиладиганлари, албатта, бор”, дедилар.
Абу Жаъфар айтадилар:
“Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) кўрпача тўшадим, унга ўтирдилар-да:
“Ҳурматдан фақатгина эшак бош тортади”, дедилар”.
Ториқ ибн Абдураҳмон:
“Шаъбий ҳузурида ўтирган эдим, унинг олдига Фалон ибн Жарир келган эди, унга ёстиқ ташлади, у ўтирди-да:
“Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Сизларга бирор қавмнинг улуғи келса, уни ҳурмат қилинглар”, деб айтганлар” деб ҳикоя қилади.
Салма ибн Куҳайл Абу Жуҳайфадан ривоят қилади:
“Улуғлар билан ўтир, уламолар билан бирга юр, ҳукамолар билан дўст бўл”.
Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Киши Маҳшаргоҳга дўстининг динида келади, бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин”, дедилар”.

Мухторжон Шарофуддинов

Марҳамат тумани бош имом хатиби