“Дуо” сўзи луғатда ёлвориш, ёрдам сўраш, чақириш маъноларини англатади. Хаттобий унинг истилоҳий маъноси ҳақида бундай деган: “Дуо банданинг Роббисидан иноят, ёрдам сўраши, Унга муҳтожлигини изҳор қилиши, ўзининг ожизлигини тан олишидир. Дуо бандаликни белгиси, башарий ожизликнинг кўринишидир. Дуода Аллоҳ таолога ҳамду сано айтилади, Унинг карамли, марҳамат Зот эканига иқрор бўлинади”.

Қуръони каримда дуо қилиш ҳақида бир неча оятлар бор:

(Эй Муҳаммад), «Агар ростгўй бўлсанглар, айтинглар-чи, Аллоҳнинг азоби келса ё қиёмат бўлса, Аллоҳдан ўзгага ёлборасизларми?»  деб айтинг. (Анъом, 40)

Бошқа бирояти каримада эса:

(Эй мўминлар), Парвардигорингизга ёлбориб махфий дуо қилинглар, албатта, у ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди. (Аъроф, 55)

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло дуода ҳаддан ошувчи кимсаларни ёқтирмайди. Одамлар кўрсин ёки эшитсин деб узун, қофияли дуо қилиш, унда фақат дунёсини сўраш дуода ҳаддан ошишдир. Дуо узун ва қофияли эмас, балки, жамловчи бўлиши лозим.

Энг афзал дуо Қуръони карим ва суннатда келган дуолардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг “Бақара” сурасидаги 201-оятда келган дуони кўп такрорлар эдилар ва бошқаларни ҳам шу дуони қилишга чақирардилар. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кўп айтадиган дуолари: “Аллоҳумма роббана атина фид дуня ҳасанаҳ ва фил ахироти ҳасанаҳ вақина азабаннар” (“Ё Аллоҳ, Роббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, ва охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”) дуоси эди. (Имом Аҳмад ривояти)

Дуо ибодатдир. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дуо айни ибодатдир”, деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ таоло дуо қилишни бандаларига буюрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу нарсани ўзлари қилиб, биз умматларига ҳам қилишни тарғиб қилганлар.

Қанчадан-қанча қийинчиликлар, мусибатлар дуо туфайли ариган. Агар кимики дуо қилишни “шунча дуо қилдим ижобат бўлмаяпти” деган хомҳаёл билан тарк қилган бўлса, жуда кўп яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Дуо қилишимиз керак экан деб, бугунги кунда баъзи одамлар ўзларини фидойи кўрсатиш учунми ёки бошқа сабабми: “Унинг ўрнига менинг жонимни ол” ёки “Унга дард бергунча менга бергин ўша дардни” ва шунга ўхшаш ибораларни кўп ишлатишади. Бу гапларни эшитганларга, балки, бу фидойиликдек туюлар, лекин унутмайликки бу дуо. Сўраётган одам дўстидан ё қариндошидан “фалон нарса ўрнига фалон нарсангни бериб тур” деб сўраётган бўлса кошки эди. Аммо илтижо қилинаётган Зот осмонлару-ерни ва ундаги барча мавжудоту-махлуқотни яратувчиси бўлмиш Аллоҳ-ку. “Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман.” (Бақара, 186) деб марҳамат қилган Зотдан тилаклар шу тарзда тиланадими? Юқорида зикр қилинганидек бу дуодаги ҳаддан ошишлик эмасми? Афсуски бу пайтда на дуода савоб бор ва на дуо қилувчи инсоннинг қалбига таскин. Ижобат бўлганда эса натижаси ёмон…

Дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Дуони Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш билан бошлаб, яна шундай тугатиш керак ва дуода юқорида айтилганидек фақат дунё яхшиликларини эмас, балки, охират яхшиликларини ҳам сўраш даркор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жаллага дуодан кўра суюклироқ нарса йўқ” деганлар. (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Дуо қилинаётган пайтда Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш лозим. Дуо қабул бўлиши учун эса инсон луқмаси ҳалоллигига эътиборли бўлиши керак. Инсон дуо учун шарафли вақтларни, яъни, Арафа кунини, Рамазон ойини, Жумъа кунини, саҳар вақтларини ғанимат билиши ва яна дуо учун шарафли ҳолатларда: намозлардан сўнг, азон ва иқомат ўртасида, рўза тутган ҳолда дуо қилиши зарур.

Дуони фақат ўзимиз учун эмас, балки, ҳамма учун, она Ватанимизни бунданда равнақ топиб, гуллаб-яшнаши учун, Аллоҳ таоло барча ёмонликлардан барчамизни асраб, ҳаммамизга дунё ва охират яхшиликларини ато қилиши учун қилишимиз лозиму лобуддир.

Отабек домла Ҳусанов,

Олтинкўл тумани “Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби