Дуо ибодатларнинг муҳридир

927

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар, – дея марҳамат қилган.
(Бақара сурасининг 186-ояти)
Муфассир уламолар оятда мўминлар учун улкан башорат бордир у ҳам бўлса дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир дея изоҳ беришади.
Дуо хақида сўз юритадиган бўлсак,
Дуо ­– раҳмат эшиги, инсон учун энг кўп манфаат келтирадиган ва  зарарни энг кўп даф қиладиган сабаблардан бири, ҳамда ибодатларнинг муҳридир.

Аллоҳ таъоло ушбу ояти каримада: “Эй Раббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Раббимиз, дуони қабул этгин. Эй Раббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин” -деб мархамат қилган.(Иброҳим сураси 40-41-оятлар).

 Бу оятларда Иброҳим алайҳиссалом ўзини ва келажакда келадиган зурриётлари ва ота-оналари ҳамда мўминларни дуо қилиганликлари зикр қилиниб, бизларга кимларнинг ҳақига дуо қилиш кераклиги таълим берилмоқда.

Муҳаммад сурасининг 19-оятида: “Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ, ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўра”, деб марҳамат қилинади.

Аллоҳ таъло бу оятда пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи вассалам ва сизу-бизни барча мўминларнинг хақига дуо қилишга буюрмоқда.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши ўз биродари учун ғойибдан қилган дуоси ижобатдир. Унинг бошида турган муаккал фаришта ҳар доим дўстининг хақига яхшилик билан дуо қилганда “Омийн, сенга ҳам шунча бўлсин!” дейди”,-дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган).

Бировнинг орқасидан яхшилик тилаб қилинган дуо мақбул бўлади, чунки бу дуода риё, хўжакўрсин бўлмайди ва у ихлос ва муҳаббат ила тўлган бўлади. Ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам ўша биродарига сўраган тилаклари етишади. Имом Нававий айтадилар: “Ўтган баъзи солиҳ инсонлар ўзлари учун дуо қилмоқчи бўлсалар, ўз биродарини шу дуо билан дуо қилашарди. Албатта у дуоси ижобат бўлади ва ўзига ҳам  биродарига сўраган тилакларича берилади”.
Бугунги синовли (пандемия, табиий офат) кунларда ҳам бир-биримизни дуода унутмайлик!
Албатта дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир.

Шохимардон домла Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди имом хатиби