Дуо ҳам ибодатдур

998

Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсон руҳига қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилиб келади. Инсон ҳаётдага ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган.
«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» («Ғофир» сураси, 60-оят).
Мана шу оятда Аллоҳ дуони «ибодат» деб атаган. Кимки ундан кибр билан юз ўгирса, Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган. Дуо кўпгина касалликларнинг давосидир. Инсон табиати шундайки, ўзининг қалбидаги дарду ҳасратини энг яқин дўстига тўкиб солиб, ўзининг қайғу аламини енгиллатгиси келади.
Руҳий касаллик табибларининг таъкидлашича, кўпгина асабий, руҳий аламларнинг тузалиши, шу аламларнинг сабабини бир яқин ёр-дўстга ошкор қилиш билан бўлар экан. Бу нарсани бировга айтмай, яшириб юрилса, дард зиёда бўлар экан. Агар инсон ўз қайғусини Парвардигорига айтсачи, ундан ёрдам сўрасачи? Албатта, бу вақтда унинг қалби осойишталик билан тўлади, қайғу аламлари кўтарилади. Чунки, иймони унга «Аллоҳ сен билан бирга, ундан бир нарсани сўрасанг, албатта, сўраганингни беради» деб турибди. Аллоҳ бу ҳақида «Бақара» сурасининг 186-оятида шундай дейди:
«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар».
Ислом талаб қилаётган дуо ҳамма вақт: хурсандчилик вақтида ҳам, хафачилик вақтида ҳам керак. Чунки инсон доимо ўз парвардигорини эслаб, ибодатини қилиб бориши керак. Инсон қийинчилик вақтларида ўз-ўзидан Аллоҳга илтижо қилади, лекин Аллоҳ унинг мушкулини осонлаштириши биланоқ Аллоҳни эсдан чиқариб, ўз қуввати билан ғурурланади. Бу эса, ўз навбатида Аллоҳнинг буйрукларидан бўйин товлаш ва фасод ишларни қилишга олиб келади. Бу ҳақида Қуръон шундай дейди:
«Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверади» («Юнус» сураси, 12-оят).
Шунинг учун ҳам, инсон Аллоҳ уни ҳалокатдан қутқариб қолганидан сўнг, унга осий бўлмасдан, балки ўша ҳолатини Аллоҳнинг тоат ибодати учун доимо эслатма бўлиб турадиган қилиб олиши керак. Дуо Исломда руҳий улуғворликнинг асосий рамзи ҳамдир. Бу улуғворлик мусулмон кишини жасади учун керакли баъзи бир дунёвий нарсалардан ўзини юқори тутадиган ва камолот чўққиларига чиқадиган қилиб қўяди. Бунинг устига, аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон киши дуо орқали Аллоҳдан фазл (устунлик), ишларининг осон, мушкулининг енгил бўлишини ва бошқа нарсаларни сўрайди. Қуръони Каримда дуо шаклида жуда ҳам кўп оятлар бор. Бу оятларни ёдлаб олиб, дуо қилиб юрилса, Қуръонга мувофиқ дуо қилинган бўлади. Дуо фазилатли иш эканлиги тўғрисида жуда ҳам кўп далиллар келган. Шулардан бир ҳикояни эслатиб ўтиш кифоя бўлса керак:
«Алае Ландберг» исмли самолёт командири билан 9 киши ҳалокат туфайли океанга тушиб қолишганда, ҳамма уларни «ҳалок бўлди» деб ўйлаган. Бу ҳақида командир қуйкдагича ҳикоя қилади: «Бир амаллаб иккита қутқарув резина балонига жойлашиб олдик. Бизда бир қултум сув ҳам, бир тишлам нон ҳам йўқ эди. Ҳаммамиз даҳшатда эдик. Фақат орқа пулемётчимиз Альберт Гранандез даҳшатга тушмади, балки ихлос билан ёлвориб, дуо қила бошлади. Бизни тинчлантириб: «Мен биламан, Аллоҳ менинг дуоимни қабул қилади, бизга тезда ёрдам беради», дерди. Аёвсиз қуёш иссиғида қолдик. Шундай бўлсада, ичимизда Аллоҳга ёлвориб дуо қилар эдик. Шу ҳолда 3 кун ўтиб, оқшом пайти кичкина оролчага кўзимиз тушди. Шу пайт ҳеч кутилмаган воқеа содир бўлди бизга қараб учта қайиқ сузиб кела бошлади. Ичида яланғоч кишилар бор эди. Кейин билсак, бизнинг халоскорларимиз австралиялик туб аҳолилардан бўлиб, қора танли яланғоч кишилар экан. Улар ўз юртларидан юзлаб мил масофани сузиб ўтиб, шу ерга келибдилар. Ўзларининг айтишларича, улар кеча ўлжаларини олиб, юртларига қайтишмоқчи экан, лекин қандайдир сирли туртки уларни ўз қайиларини мана шу, ҳамманинг эсидан чиқиб кетган, ҳеч кимга фойдасиз тарафга буришни раво кўрибди». (Бу воқеа 1944 йил октябр ойида содир бўлган.)
Ушбу воқеадан ҳам дуонинг фойдаси қанчалик кўп эканини билиб олса бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзига доимо дуо қилгувчи бандаларидан қилсин!.

Убайдуллоҳ Тўрақулов

Булоқбоши тумани

“Кулла”

жоме масжиди имом-ноиби