Бугунги кунда инсонни ақлини оладиган, унинг хотирасини заифлаштирадиган, турли касалликлар: асаб касаллиги, ошқозон, ўпка касаллиги, нафас йўлини сиқувчи, фикр ва зеҳн ўткирлигини сустлаштирувчи, аъзоларда қаттиқ оғриқ пайдо қилувчи, таомга иштаҳани сустлаштирувчи, инсонни оздириб юборувчи, жинсий заифликка сабаб бўлувчи, қон томир ва тана аъзоларини уюшиб қолиши, рак касали, иродасизлик, дангасаликни келириб чиқарувчи ва яна бошқа санаб бўлмас турли касалликларга сабаб бўлувчи, шариатимизда гунохи кабиралардан саналган иллат, аср вабоси — гиёхвандалик ва маст қилувчи нарсалар ҳақида кўп сухбатлар қиляпмиз. Ха, бугун гиёхвандалик ва маст қилувчи нарсаларнинг зарарлари ҳаммамизга ойдек равшан. Динимиз халол билан харом ўртасини ажратишни фарз қилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан: Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ҳалолни талаб қилиш фарздан кейинги фарз”, дедилар. Яъни, илм олишдан кейинги фарз халолдан талаб қилишдир. Бошқа бир хадисда шундай дейилган: Халолни талаб қилиш хар бир мўъмин учун фарздир. Қуръони каримда эса: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан халол-покларини енглар”. (Бақара 168) дейилган. “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар” Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида тиловат қилинганда, Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) ўринларидан туриб: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўлувчи (бандалардан) қилишини дуо қилинг”, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга: “Эй Саъд, луқмангни покла, дуоси ижобат бўлувчилардан бўласан, менинг жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта банда қорнига харом луқма ташласа, унинг қирқ, кунлик амали қабул қилинмайди ва қайси банданинг гўшти (яъни танаси) харом ва рибодан ўсса, унга дўзах хаклидир”, дедилар. Ибодатимиз ва дуоларимизнинг қабул бўлиши истеъмол қилаётган таомимизга боғликдир. Харом истеъмол қилувчи ароқхўр ва гиёхвандларнинг қирқ кунлик ибодат ва дуолари қабул бўлмай турар экан. Бу нақадар катта мусибат. Аслида мўъминнинг бир кунлик, бир лахзалик ибодатининг қабул бўлмаслигининг ўзи катта мусибатдир. Чунки Аллоҳ таоло пок нарса истеъмол қилишни амал қилишга буюришдан олдин келтирган: “Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар”. Ушбу оятда солиҳ амал қилишдан олдин ейдиган луқмамизнинг пок бўлишига буюриляпмиз. Ер юзида ейиладиган нарсаларнинг бир нави наботат яъни, ўсимлик хисобланади. Булардан инсоннинг соғлиги ва ақлига зарар берадигани халол саналмайди. Наркота, наша, хамр ва гиёхвандликка ўхшаш ақлни кетказадиганлар ва захар каби хаётни кетказадиганлар динимизда харом саналади. Қуръони каримда бу хақида шундай дейилган; “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз!..”. Бошқа бир оятда эса: “…ўзларингизни (бир-бирингизни нохақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга рахм-шафқатлидир”. Гиёхвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабаб бўляпти. Шунга қарамай бу нарсалар кўпайса кўпайяпти, лекин камаймаяпти. Эркагу аёл, ёшу қари, студенту мактаб болалари орасида ҳам топиляпти. Бунинг сабаби Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратда сўроқ-савол қилинишдан қўрқмасликдандир. Шунинг учун бу “аср вабоси” муаммосини барча давлатлар бирлашиб ҳам ҳал қилишга эриша олмаяпти. Бу нарса жамиятга ниҳоятда катта зарар келтиряпти. Жумладан: Иқтисодий зарарлар. Хисобсиз молу-мулки ва ақл заковатини кайфу сафога сарфлаяпти. Бу исроф ҳисобланади. Оилани хароб қилади. Фақирликни келтириб чиқаради. Улар жамиятга манфаат келтириш ўрнига ишламасдан зарар келтиради. Ривожланишдан ортда қолади. Турли сон-саноқсиз касалликларга дучор бўлади. Ўзларидан ногирон зурриётларни дунёга келтириб, жамиятга ташвиш ва оғир юк бўлади. Ёшлайин ногирон бўлиб қолади ёки ҳаётдан кўз юмади. Энг даҳшатлиси бу азоблардан шу дунёнинг ўзида қутилмай, балки Аллоҳнинг ҳузурига кабира гунох билан рўбарў бўлади. Мазкур зарарларни ҳисобга олиб шариатимиз бу “оқ захар” деб номланган нарсани ижмоъ билан харом деган ва гуноҳи кабиралардан санаган. Бу билан тижорат қиладиганлар инсоннинг жони билан тижорат қилувчилар хисобланади. Демак улар қилаётган тижорат бошқа инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиб, гўёки ана шу сабабдан хаётдан кўз юмганларга нисбатан улар қотил хисобланади. Биз одам савдоси хақида жуда кўп гапирамиз. Одам савдоси билан шуғулланувчилар одамларнинг жасадини тирклайин сотишса, гиёхванд моддалар билан тижорат қилувчилар одамларнинг жонини сотишяпти, бу иккиси ҳам ўта катта гуноҳ саналади. Гиёхванд моддалар билан шуғулланувчилар ўзларининг бу қилмишларига қарши чиқувчиларни йўқ қилишга молларини сарфлаб бўлсалар ҳам тайёрдилар. Шунинг учун шариатимиз уларнинг ушбу қилмишлари яъни, ер юзида фасод қилаётганликлари сабабли уларни қуйидаги оятнинг таҳтига дохил қилади: “Аллоҳга ва Унинг Пайғамбаримизига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу (нарса) уларга бу дунёда ор бллур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор”. (Моида-33). Демак улар бу хорликдан дунёда ҳам, охиратда ҳам қутила олмас эканлар. Демак бу билан касб қилишлик харом, унинг таъсирида қилинган ибодатлар мақбул бўлмас, унинг фойдасидан савоб умид қилиб садақа қилиб бўлмайди ва унинг топган пуллари хайрли ишларга сарфлашга ярамайди. Улар ўзларича гўёки садақа қилиб турса топган моллари пок бўлади, деб ўзларини алдашади. Суфён Саврий (p.a.) айтадилар: Ким Аллоҳнинг тоатига харом нарсани инфоқ қилса, гўёки нажас теккан кийимни бавл билан поклабди. Нажосат теккан кийим сув билан поклангани каби гуноҳлар ҳам халол нарса билан покланади. Аллоҳ таоло бундай ақлни олувчи иллатларни шайтоннинг амалидан деб мўъмин бандаларини ундан қайтарган: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни хамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хохлайди. Энди тўхтарсизлар?!» (Моида 90-91). Мазкур оятда хамр (ароқ) бут билан ёнма-ён келди. Бут шариатда ширк хисобланади. Хадис шарифда шундай дейилган: Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Хамр (ароқ)га берилган агар ўлса, Аллоҳга бутга сиғинувчи каби йўлиқдир”. Оятда хамрни “рижс” яъни, ифлослик, қабохат деб келтирди. Бу билан кифояланмасдан, шайтоннинг ишидир дейилди. Шайтоннинг иши фахш ва мункар иш эканини яхши биламиз. “Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фохиша ва мункарга буюради”. Давомида эса, “Бас, ундан четда бўлинг, бошқа тарафда туринг дейилди. Яъни, харом бўлди, деб қўя қолмади. Сўнгра, булардан сақланиш нажот эканлигини айтиб, “Шоядки, нажот топсангиз”, деди. Баъзилар дорилик учун ичамиз деб ўзларини алдаб, хотиржам бўлишади. Воил ибн Хужр (р.а.)дан ривоят қилинади: “Ториқ ибн Сувайд ал-Жуъфий Набий (с.а.в.)дан хамр ҳақида сўради. (Пайғамбаримиз с.а.в.) уни ундан (яъни, хамрдан) қайтарди. Шунда у: “Мен уни даво учун қиламан”, деди. (Пайғамбаримиз с.а.в.): “У даво эмас, лекин у дарддир”, дедилар. Баъзи холатларда духтирлар “бу соғлигинга зарардир” деса, қайтилади-ю, шариат қайтарган дейилса эътибор қилинмайди. Тиббиёт бу нарсаларнинг ҳамма зарарларини хали тўлиқ билмайди. Шариат буюрдими, қилайлик. Шариат қайтардими қайтайлик. Хикматини билмасак Аллоҳ таолога ҳавола қилиб қўяйлик. Чунки бугун бунинг зарарлари исбот талаб қилмайдиган хақиқат бўлиб турибди. Турли бедаво касалликларга чалиниш, ишсизлик, ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, оилаларнинг бузилиши, фарзандларнинг сарсон-саргардон бўлиши, нафсга қул бўлиш, иродасизлик, ўлим, турли ўғрилик ва одам ўлдириш каби жиноятлар, автоҳалокатига учрашлар содир бўляпти. Ўзларининг бу нотўғри мақсадлари йўлида гиёхвандлик моддасини юртига олиб кириб юртга хиёнат қиляпти. Юртнинг келажаги бўлган ёшларнинг онгини захарлаб, бошқа давлатларга қарам бўлишга ёрдам беришяпти. Мақсадимиз хар томонлама комил, соғлом, олийжаноб, юксак тафаккур ва маънавиятли, ижтимоий фаол намунали жамият барпо этишдир. Тарихдан маълумки, бир давлат бошқа давлатни ўзига қарам қилиш учун аввало ўша юртнинг ёшларини онгу-идроки ва ақли-заковатини сусайтириш пайига тушади. Буларнинг энг кучлиси гиёхвандлик ва ароқхўрликдир. Мусулмонлар кечиримли, ғазабни ютувчи бўлади деймиз. Лекин хар бир шахс ўзининг хаққида кечиримли бўлиши мумкин. Аммо динимизга, Ватанга, юртимизга, халкимизга, мусулмонларга, Аллоҳга ва Расулига қилинган бундай нохақлик ва хиёнатлар кечирилмайди, уларга ғазаб қилинади. Бундай мункар ишлар содир бўлаётганидан хабардор бўлганлар бунинг олдини олишлари, керакли органларга зудлик билан хабар беришлари лозим. Пайғамбаримизимиз (с.а.в.) шундай деганлар: Абу Саид ал Худрий (р.а.) айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)ни: “Сизлардан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан ўзгартиришга қодир бўлса қилсин, агар қодир бўлмаса, тили билан (ўзгартирсин), агар қодир бўлмаса, қалби билан (шу ишни ёмон кўрсин) ва бу иймоннинг заифидир”, деб айтаётганини эшитдим”, деди. Демак уммат, жамият учун зарар бўладиган бундай ишларни олдини олишда, унга қарши курашишда хамма, катта-ю, кичик, эркагу-аёл, ёшу-қари ҳамма, айниқса биз мусулмонлар биринчи сафда бўлишимиз керак. Аллоҳ таоло жаннатмисол диёримизни тинч ва омонликда ўз панохида сақласин. Хар бир бандасига берилган неъматларига шукр қилишга насиб этсин. ОМИН.

Мухаммаджон домла Мамитов 

Жалақудуқ тумани “Абдусалом хожи” жоме масжиди имом хатиби