Юртимизда бебаҳо бўлган маънавий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга алоҳида эътибор берилмоқда. Мана шу сабабдан ҳам маънавий меросимиз дурдоналарини излаб топиш, асраб авайлаш, сақлаб қолиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича истиқболли режалар тузилмоқда ҳамда бу борада жуда катта кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Улуғ алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама, холисона ўрганила бошланди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, мана шундай улуғ алломаларимиз, шариат ва тариқат пешволарининг мангу қўним топган жойлари хукуматимиз томонидан обод гўшаларга айлантирилди ва уларнинг ёзган асарлари ва қўлёзмалари хурмат билан сақланмоқда ва уларни тадқиқ қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Қимматли асарлари билан нафақат ислом олами, балки бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Хожа Ахмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ва шулар каби тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий- маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашларининг асл мохияти ва ахамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам нихоятда зарурдир. Мустақиллик йилларида диний қадриятларни қайта тиклашга жуда катта эътибор қаратилди. Бу эса жуда яхши ҳолат. Аммо, Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг турли худудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди. Баъзи бир инсонлар илмсизлиги ва ишонувчанлиги сабабли баъзи бир сохта пирларга қўл бериб, уларга (хос шогирд) мурид бўлиб, шариатимизга зид холда амал қилиб, керак бўлса оила –ахлларига этиборсиз бўлиб келишаётганлар ҳали хануз учраб турибди. Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни ислом таълимоти, шариат аҳкомлари ва ижтимоий хаётдан узоқлашган холда талқин этмоқда.
Аслидачи?, аслида тариқат бу – руҳий, маънавий покланишга даъват этувчи, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йўналиш бўлиб, ислом дини кенг тарқалишида тасаввуф ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган.
Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритади. Бироқ уларнинг баъзилари тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетганини айтиш ўринли. Шайхлик мақоми маблағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Айрим мамлакатлардаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларининг ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.
Афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатни муридбозликка, мансаб, мол-дунё орттириш манбаига айлантириб олдилар.
“Тасаввуф” атамасининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча қарашлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида мазкур атаманинг арабча “сувф” – “жун” сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Аввало, бу атама луғавий маъно жиҳатидан тўғри. Негаки, кўп ибодат билан машғул кишилар кийимни жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган. Зеро, тасаввуфга эргашган шахслар таналарини риёзатга чиниқтириш учун ҳамда дунёнинг моддий бойликлари дабдабасидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.
Хўш, тасаввуф йўналишида ким хоҳласа пирлик, яна ким хоҳласа муридлик даъвосини қилиши мумкинми?
Ҳозирги кунда пирлар ўзаро бир-бирини адашган, нотўғри йўл танлаган, жоҳил, илмсиз, деб даъво қилиб турган бир пайтда қандай қилиб уларга эргашиш мумкин?
Айни пайтда баъзи пирлар ўз муридларига қатор вазифаларни беришда асосан эшитган, қайсидир “пир” таъсирида бўлган даврларидаги таассуротларига таянмоқдалар. Муридлар ҳам бу вазифаларни адо этишни вожиб ўринда кўрмоқдалар.
Бинобарин, баъзи бир пирларнинг ўзлари билмаган ҳолда шариат қоидалари бузилишига олиб борувчи айрим кўрсатмалари бўйича халқимиз ўртасида эътирозлар пайдо бўлмоқда. Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

  • кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз ёки вожиб деб таъкидлаш;
  • шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур деб билиш;
  • пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари, шунингдек, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, дейиш;
  • муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига бормаслик;
  • расмий имомларнинг амри маъруфларини менсимаслик;
  • ўзидан бошқа тариқат пирларини ошкор танқид қилиб, уларнинг адашганликларини айтиш;
  • ўзгалар (тарафдорлардан бошқалар)нинг диний ва дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмаслик;
  • қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди дейиш;
  • намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ деб билиш;
  • Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат (янгилик), деб билиш ва инкор этиш.
    Булардан ташқари, айрим тариқатчилар томонидан турли мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани таажжублидир. Хусусан, улар пирнинг уйи томонга оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади, дейишади. Шариатда рухсат қилинган қўл ювилгандан кейин қўлни ёки юзни сочиқ билан артишни мумкин эмас деб даъво қилишади. Баъзи бирлари эса ислом шариатида жорий бўлиб келган амаллардан кўра пирлари буюрган амални устун кўрадилар.
    Чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади деб, шунингдек, бошқаларнинг чап қўлда қуйган чойларини ичишмайди.
    Ўз пирларини бошқа пирлардан юқори кўришда чарчамайдилар. Айрим муридлар ота-оналари, муқаддас оилалари ва фарзандларини ташлаб, девоналикни даъво қилишади.
    Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бундай амаллар шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам мутлақо тўғри келмайди.
    Тариқат ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканликларини аниқлаш учун улар амаллари шариатга, маърифий ислом дини кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштиришнинг ўзи кифоя қилади.
    Диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ҳар бир ишда илмнинг йўқлиги ғарибликни келтириб чиқаради. Нақшбандия тариқати эса касб-ҳунар ва меҳнатдан ажралмаган ҳолда, илм-маърифатни муттасил зиёда қилиб боришга даъват этади.
    Ваҳоланки ҳозирги вақтда айрим тариқат аҳли илмларини муттасил зиёда қилиб бориш ўрнига ўзлари илм-маърифатга қизиқмаганлари ҳолда ёш авлодни мактаб ўқишларидан ва замонавий фанларни ўзлаштиришдан совутишга журъат қилмоқдалар. Замонавий илмлардан баҳраманд бўлмаган кишидан комил инсон чиқиши мумкинми?
    Айни пайтда айрим тариқатчиларни ўзининг жамоасига қўшилиб олиб, кўчама-кўча, қаерда эҳсон бўлса ўша ерда хозир бўлиб, бола-чақанинг нафақасини буткул унутаётганларни ҳам учратишимиз мумкин.
    Нақшбандия тариқати таълимоти бўйича ҳалол касб билан оиланинг нафақасини таъминлаш муҳим ишлардан ҳисобланади. Оила ва фарзандларни тарк этиб, ўз манфаати йўлида узоқ жойларга кетиб қолиш шариат қонунларига ва тариқат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмайди. Диний ва миллий қадриятларга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ишлар жамиятимиз учун салбий ишлардир. Улардан на динимизга, на тасаввуф тариқатига бирор манфаат бор.
    Тариқат бу – Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрор Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир.
    Асл тариқатда таркидунёчилик, оила ва фарзандлар нафақаси ва тарбиясига бепарволик йўқ. Мавлоно Жалолиддин Румий ишсизлик, дангасалик, бепарволикка, таркидунёчиликка қарши қаттиқ курашганлар. У киши инсонларни ҳаракат ва жидду жаҳд қилишга, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишга чақирганлар. Тариқат халқ билан бирга бўлишга, халқнинг оғирини енгил қилишга буюради. Ташқи кўриниш сўфийнамо бўлиб, бадхулқ бўлишни қаттиқ қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса, мунофиқлик ҳисобланади. Аҳмад Яссавий таъкидлаганидек,

Ҳар ким қилса тариқатни даъвосин,
Аввал қадам шариатга қўймоқ керак.
Шариатнинг ишларини адо қилиб,
Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, омонимизни мусаффо, халқимизни эса ҳидоятда барқарор айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги