Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида  авж олаётган қарама-қаршиликлар Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани  барчамизни  ташвиш ва хавотирга  солмасдан  қўймади.

    Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёткорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб  яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай  бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз.

Юртимизда осойишталик ҳукм сураётган даврда  дунёнинг турли худудларида кескин қарама-қаршиликлар, тўс–тўпополонлар содир бўлмоқда. Динимиз душманлари қўлида қўғирчоқ бўлаётган бир тўда фуқоролар томонидан қилинаётган қўпорувчиликлар, босқинчилик ва ваҳшиёна ҳаракатлар ҳар қандай кишини ларзага солади ва янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди.

       “Одамлар орасида  шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи  сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги ”имони”га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир”.  (Бақара сураси, 204-оят)

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳнинг ягоналиги, Пағамбар алайхиссалом унинг элчиси эканига имон келтирган, ислом динига эътиқод қиладиган ҳар қандай киши мўмин хисобланади. Ҳеч кимга инсоннинг имонини ўлчаш унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган. Чунки имон қалбда бўлади. Қалб эса фақат Аллоҳнинг хукмидадир.

            Интернетда, террорчилик ва бошқа бузғунчиликларни тарғиб қилувчи веб-сайтлар, ижтимоий тармоқдаги гуруҳлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу холат дунёқараши шаклланмаган ва ғўр ёшларнинг соғлом эътиқодини, онгу шуурини захарламоқда. Ғаламисларнинг интернет орқали ҳужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, улар ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситалардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлсада, лекин ички сахифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб-журналларни тақдим этмоқда.

Ривоят қилинишича, Имом Бухорий бир ҳадиснинг ровийсини қидириб, топадилар. Лекин ровий бир ҳайвонни қуруқ қўл билан алдаб, қўрага олиб кираётганини кўриб, сухбатлашмасдан қайтадилар. Яна бошқа ривоятда айтилишича, бир ровий олди тарафига туфлагани сабабли, ундан ҳам ҳадис ривоят қилмаганлар. Мана, аждодларимиз қандай йўл тутишган? Улар ислом динига хос бўлмаган маълумотлар у ёқда турсин, ҳатто мусулмонга ярашмаган бир сифат эгасидан ҳам маълумот олишмаган.

            Юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.

Абдуманнон домла Усмонов,

Пахтаобод туман бош имоми-хатиби