Соҳта тариқатчиларнинг кирдикорлари

1156

Сўфийлик бу- оилани,атрофни унутиб, таркидунё қилиш эмас, балки барчага намуна бўларлик гўзал хулқ ва оила аъзоларидан тортиб барча жонга меҳр шафқатни кўрсата олишдир. Росулуллоҳ (с.а.в.) “Исломда таркидунёчилик йўқ”… “ Сизларнинг  яхшиларингиз дунё ишини деб охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва одамларга малоллигини тушурмайдиганларингиздир” деганлар.

  Хозирда юртимизда ҳам тариқатдан сабоқ беришни даъво қилучилар, ҳамда пирга қўл бериб, ўзини сўфий санайдиган сохта тариқатчилар пайдо бўлган. Аслида ўзлари бу соҳани яхши ўқиб тушунмаган ҳолда нотўгри ҳатти ҳаракатлар қилиб, савоб ўрнига гуноҳ, мартаба ўрнига ўзларига маломат ортирмоқдалар. Ваҳоланки тариқатга киришдан олдин шариъат аҳкомларини пухта эгаллаш шарт эди. Сохта тариқатчиларнинг йўлларига бир назар солиб кўрайлик. Энг ачинарлиси улар пирга қўл бермаган кишини мусулмон деб ҳисоблашмайди. Таҳажжуд ва нафл намозларини фарз даражасига кўтаришади. Пирлари тўғрисида ғайбий сирларни ҳам билади деган гапларни ҳам тарқатишади. Маҳалла – куйдан  ажраш, ҳатто оила ва фарзандларини қаровсиз қолдириш ҳоллари кузатилмоқда. Яна бир тоифаси пирини таҳорат қилгандан оқиб тушган сувни табаррук деб билмоқда. Шунингдек, сохта тариқатчилар жамоаси ясама тишли имом орқасидан намоз ўқимаслиги, намоздан кейин қуръон тиловатини макруҳ, қўлни югандан кейин артиш мумкин эмас, каби асоссиз даъво қилиши мусулмонлар ичида ихтилофга сабаб бўлмоқда. Тариқатчиларни жамоа тадбирларида иштирок этмаслиги, фарзандларини мактабда ўқишларига монелик қилишлари жаҳолатга қайтиш бўлиб, бундай шахслар келажакда жамият учун фойдасиз унсунга айланиб қолишга олиб келади.

Ваҳоланки, нақшбандия тариқатининг шиори – қўл иш билан , дил эса Аллоҳ билан бўлсин, демакдир. Халқдан ажраш, оиладан вос кечиш бу тариқатга мутлақо ёт нарса. Нақшбандия тариқатининг тамоилларидан бири – “Хилват дар анжуман”. Яъни, халқ ичида бўла туриб ҳам хилватда ибодат қилгандек савобли ишларни қилиш мумкин. Яна бир тамоили – “Сафар дар ватан”. Бу дегани, ўз уйида, ўз ватанида туриб, узоқ сафарларга чиқмасдан ҳам илм – маърифат, қурбат ва камолат ҳосил қилиш мумкин дегани.

Искандарбек домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби