Чин мусулмон меҳнаткаш одамдир, дейилади. Чунки Аллоҳнинг амри меҳнат қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амри меҳнат қилишга ундаш бўлган. Барча олимлар ўзларининг меҳнатлари билан бизга ўрнак бўлганлар.
Кунларнинг бирида ўргимчак ипак қуртига бундай деди:
– Биродарим ипак қурти, озгина пилла ўраш учун неча кун тинмайсан. Мен бўлсам, бир деворни бир неча соатда ўраб ташлайман. Ипак қурти унга жавобан:
– Тўғри, ўргимчак қардош, сен қисқа вақтда ишни битира оласан, аммо қилган ишингни бировга фойдаси тегмайди. Вақтинг зоя кетади, вақт қадрини биласанми ўзи? Мен секин, шошилмай ишлайман, аммо толамдан ажиб, гўзал, бетимсол матолар тўқилади, тасаввур қила олмайсан. Ипагим ажойиб ишларга қодир. Инсонлар менинг маҳсулимдан кўп фойдалар кўрадилар. Оз иш қиламан, аммо ишимни пухта ва тоза қиламан. Ўз санъатимни яхши ишлата биламан. Чунки ишини яхши бажарган, санъатини яхши қўллаганларни Аллоҳ севади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам севади. Инсонлар ҳам жуда севадилар. Дуо қиладилар. Мана шунинг учун мен ишимни, вазифамни яхши бажаравераман. Вақтимни бекор кетказмайман, -деб жавоб берибди.
Демак, меҳнат қилиш ипак қуртини-ки улуғликка кўтаряпти эканми, яхши меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмас экан. Шунинг учун биз ҳам фаровон ҳаёт кечиришимиз учун ҳалол ва шижоат билан меҳнат қилмоғимиз зарур экан. Илмга ҳам меҳнат билан етишилади. Энг буюк ишлар меҳнат орқали амалга оширилади экан. Жаъфар ибн Муҳаммад оталаридан ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорга чиқиб, оила аҳллари учун керакли нарсаларни сотиб олдилар. Бу қилган ишини сабабини сўрашганида: “Менга Жаброил (алайҳиссалом), одамларнинг қўлига қараб қолмаслиги учун аҳли оиласи йўлида ҳаракат қилган кишининг Аллоҳ йўлида эканини хабарини берди”, – деб жавоб қилдилар.
Демак, меҳнат қилган мусулмон ҳам ўзига, ҳам оиласига, ҳам миллатига, Ватанига, ҳам бола-чақасига нисбатан хайрли, фойдали бир инсон бўлади.
Бу эса, албатта яхши меҳнат қилиш билан амалга ошади. Аллоҳ барчаларимизни меҳнат билан бахту саодатга эришган бандаларидан бўлишимизга насиб айласин.
Искандар домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби