САХОВАТ ВА САОДАТ ОЙИ

487

Юртимизда муборак Моҳи Рамазон шукуҳи кезиб юрибди. Бутун дунёни ташвишга солган пандемия шароитида ушбу мавсум янада саховатга, меҳр ва эътиборга бой бўлаётир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тузилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати айни йўналишдаги миллий қадриятларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шундай экан, имконияти борки одам бу ишга ўз ҳиссасини қўшмоғи шу куннинг талабидир.

Бу борада мамлакатимиздаги илғор бўғин – тадбиркорларимизнинг ҳозиржавоблиги эътирофга лойиқ. Пандемия шароитида уларни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, амалий чоралар бизнес вакилларини кайфиятини кескин ошириб юборди. Улар бу эътиборга амалий меҳнат билан жавоб қайтариш, бугунги ташвишли вазиятни жипсликда енгиб ўтишга ҳаракатига тушганлар. Бунинг учун айни кунларда тадбиркорлар ўз имконияти даражасида бир неча ўнлаб оилаларга моддий-маънавий кўмак кўрсатишяпти. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига ҳисобига ўтказилган маблағларга сотиб олинган зарур маҳсулот ва дори-дармонлар эса жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга етказиб бериляпти.
Тўғри-да, инсон саховат билан саодатга етишади. Агар тўқ одам уйида ҳамма шароити бор-у қўшниси ёки маҳалладаги бирор оила етишмовчиликдан азият чекса бемалол луқма ейиши инсонийлик талабларига мос тушмайди. Қолаверса, саховатпешалик дунёвий йўналишда ҳам, диний йўналишда ҳам юксак фазилат саналади. Шу ўринда қалбида саховат истаги жўш урган ҳамюртларимиз эътиборига мана бу ривоятни ҳавола қилишни лозим топдик:
Бир куни саховати билан танилган Умар ибн Убайдуллоҳ йўлда кетаётиб, бир боғнинг ёнидан ўтди. Боғнинг девори ёнида бир қул бола овқат еб ўтирарди. Шу пайт унинг ёнига бир ит келди. Бола ўзи бир луқма еса, итга ҳам бир луқма берарди. Буни кўрган Умар ибн Убайдуллоҳ: “Бу сенинг итингми?” деди. Бола: “Йўқ”, деди. Умар: “Унда, нега уни овқатингга шерик қиляпсан?” деган эди, бола: “Ўзим еб, унга бермаётганимни кўриб қолишларидан уяламан”, деди. Боланинг жавобидан лол қолган Умар: “Сен ҳурмисан ёки қулми?” деди. Бола: “Мен шу боғ эгасининг қулиман”, деди.
Умар жўнаб кетиб, бироздан кейин қайтиб келди-да: “Суюнчи бер, Аллоҳ сени озод қилди. Бу боғ энди сеники бўлди”, деди. Бола хурсанд бўлиб: “Гувоҳ бўлинг, бу боғнинг ҳосилини шу шаҳардаги камбағалларга атадим”, деди. Боланинг ҳимматига қойил қолган Умар: “Мени ҳайрон қолдирдинг. Ўзинг муҳтож, камбағал бўла туриб, шунақа қиласанми?” деди. Шунда бола иймон ва ишонч билан: “Аллоҳ менга сахийлик қилиб турганда, бахиллик қилишдан уяламан” деб жавоб берди.
Дарҳақиқат, азизлар, аввало бизни ўзгаларга кўмак берувчи, бу борадаги имкониятларимизни зиёда қилиб қўйганига шукр қилайлик. Шу боис муборак Рамазон ойида саховатли, ҳимматли бўлайлик. Бу бизни ҳар икки дунё саодатига элтувчи ёруғ йўлдир.

Зиёдулло домла ИСОМИДДИНОВ,
Бўстон туманидаги

“Абдуназар ота” масжиди имом-хатиби