Мусулмоннинг улуғ фазилатларидан бири — бу саховатлик бўлишдир. Чунки мусулмон одам ўзига яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам яхши кўради. Динмиз кўрсатмасига мувофиқ қўшниси мухтож бўлса унга бепарво қараб турилмайди.

саховатнинг фазилатлари жуда ҳам кўпдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).

Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нечта муборак ҳадисларини келтириб ўтсак:

«Садақа балоларни қайтаради ва умрни узайтиради»;

«Касаллигиларингизни садақа билан даволанглар». Қаранг кимгадир берган озгина хайр-эҳсонимиз сабабидан Аллоҳ таоло бизга келиши мумкин бўлган балоларни қайтарса, умримизни узайтирса, касалимизга шифо берса! Садақа қилиб туриш керак эканда. Қолаверса бу хайри-эҳсонимиз билан бир мусулмонни хурсанд қилсак, Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор: “Ким бу дунёда бир одамни хурсанд қилиб қалбидан ғамни кетказса, қиёмат куни у бандани қалбидан ғамни кетказиб хурсанд қиламан», деган.

Яхшилик қилган одамни Аллоҳ таоло ва фаришталар яхши кўради. Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида: «Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни яхши кўрур», дейилган. Бугунги кунда бутун дунё ва мамлакатимизда ҳукм сураётган пандемия сабаб бир қанча одамлар моддий қийинчиликка учраб турибди. Шундай инсонларни топиб, уларга қўлимиздан келган ёрдамларни қилсак, Иншааллоҳ кўп савобларга эга бўламиз ва хайр-садақанинг фазилатларига етамиз.

2018-йилда Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган бўлиб, ҳозиргача ушбу фонд томонидан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Уй-жойга мухтожларга уйлар куриб берилди, беморларни даволанишига, моддий ёрдамга мухтож талабаларга шартнома пуллари ўтказиб берилди. Шу кунларда ҳам бутун мамлакатимиз бўйлаб яна саховат тадбирлари бошланди. Ушбу тадбирлар доирасида бизнинг Булоқбоши туманимиздаги 37 та МФЙ лардан 10 тадан ёрдамга мухтож оилалар танлаб олиниб, жами 370 та оилага “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган навбатдаги хайрия эҳсонлари ўз эгаларига тарқатилди. Ушбу хайрлик ишларни амалга оширишда туман ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани кўллаб-кувватлаш бўлими бошлиғи ҳамда ҳудудлардаги масжид имом-хатиблари беминнат хизмат қилдилар. Аллоҳ таолодан бу хайрия эҳсонларни қабул қилиб, юртимиз ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашини сўраб қоламиз. Ушбу хайрли ишга маблағи, хизматлари билан хисса кўшганларни доимо соғ-саломат бўлиши Яратгандан тилаб қоламиз.

Миркомил домла Ботиров,

Булоқбоши туман бош имом-хатиби.