Сабрнинг турлари ҳақида

838

Сабр мўминни юксак мақомларга кўтаргувчи сифатдир. Банда сабр қилгани учун Аллоҳ таоло ҳузурида бериладиган мукофот ҳам бошқа амалларга бериладиган ажрлардан кўра юқоридир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

“Қиёмат куни бўлганида тарозу қўйилади. Шунда намоз аҳллари келтирилади. Уларнинг ажрлари тарозида тўла қилиб берилади. Кейин рўза аҳллари келтирилади. Уларнинг ажрлари ҳам тарозида тўла қилиб берилади. Сўнг ҳаж аҳллари келтирилади. Уларнинг ажрлари ҳам тарозида тўла қилиб берилади. Кейин бало аҳллари келтирилади. Уларга тарози қўйилмайди, девон ҳам очилмайди. Уларнинг ажрлари ҳисобдан ташқари берилади. Аллоҳ таолонинг (берган) савоби кўплигидан ҳатто офият аҳллари уларнинг манзилларида бўлишни орзу қиладилар”. (Мунаббиҳот)

Сабрнинг турлари кўп. Имом Бухорийнинг “Адаб ал-муфрад” китобида буларнинг бир неча кўриниши баён қилинади. Шулардан бири одамлардан келган озор ва жафоларга сабр қилмоқдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар вақтдагидек ўлжаларни тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши: “Аллоҳга қасамки, бу тақсим Аллоҳ ризоси учун қилинган тақсим эмас”, деди. Мен бу гапни албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказаман, деб ҳузурларига борганимда саҳобийлар билан ўтирган эканлар. Ансорийнинг гапини секин қулоқларига айтдим, у зотга оғир тушди, ғазабландилар, ранглари ҳам ўзгариб кетди. Ҳатто мен бу хабарни етказмасам бўлар экан, деб афсус қилдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ҳа, Мусо алайҳис салом бундан ҳам кўпроқ озор кўрган, лекин сабр қилган эди”, дедилар”.

Мусибатга сабр қилиш. Абу Ҳурайра разияллоҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Мўмин ёки мўмина баданида, аҳлида ва молида синовларга шунчалар мубтало бўлаверадики, ниҳоят Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққанида унда хатолардан ҳеч нарса қолмайди”.

         Ато ибн Аби Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Менга ибн Аббос разияллоҳу анҳумо:

            ‒ Мен сенга Жаннат аҳлидан бўлган хотинни кўрсатайми? ‒ деди.         ‒ Майли, ‒  дедим.

            ‒ Анави ҳабаш хотин, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Менинг тутқаноқ дардим бор ва очилиб қоламан. Бас, мен учун Аллоҳга дуо қилиб беринг” ‒ деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар хоҳласанг,  сабр қилсанг ‒ сенга Жаннат бўлғуси. Ва агар хоҳласанг Аллоҳ таолога дуо қиламан, сенга шифо беради”,‒ дедилар. “Мен сабр қилгум, ‒ деди. Сўнг яна: ‒  Мен очилиб қоламан. Бас, мен учун Аллоҳга дуо қилиб беринг, очилиб қолмайин”,‒ деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуо қилдилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

            Ривоят қилишларича ўша аёл шундан сўнг тутқаноқ бўлса-да, устлари очилиб қолмас экан.

Бошқа ишларда ҳам сабр даркор. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Сизлардан бирингиз гуноҳ қилмаган ва қариндошлик алоқаларини узмаган ҳолида дуо қилса ёки сабрсизлик билан шошиб дуо қилдим, лекин дуоим ижобат бўлмади, деб иддао қилмаса, албатта дуоси ижобат бўлади”, дедилар”.

Сайфуддинов Мирсаидхон

Марҳамат туман

“Иброҳим Халилуллоҳ”

жоме масжиди имом-хатиби