Борлиқ тасодифан пайдо бўлмаган!

81

Барчангиз мактабга боргансиз. У ерда сизларга Ерда ҳаёт қандай пайдо бўлгани ҳақида таълим беришган. Ўша таълимни яхши эслайсизлар. Унда мана бу гаплар айтилар эди: “Бундан тахминан уч миллиард саккиз юз миллион йил олдин улкан уммон бўлган. Ўша уммоннинг ичида бошланғич ҳаётни таъминловчи барча нарсалар тасодифан пайдо бўлиб қолган. Ўша нарсалар бир-бири билан аралашиб турганида уларга тўсатдан яшин ва электр зарядлари келиб урилган. Бунинг натижасида ҳарорат кўтарилиб, илк тирик ҳужайра пайдо бўлишига олиб келган”. Сизларга мактабларда айтиб беришган қисса тахминан шундай эди.

Бугун мен ушбу дарсга қўл телефонимни олиб келдим. Сизларга бу телефон қўлимга қандай келиб қолгани ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Телефоннинг устки қисми қайси моддадан эканини биласизларми? Пластик моддадан. Пластик модда нимадан олинишини биласизларми? Нефтдан.

Ҳа, пластик модда нефтдан олинади. Ушбу қўл телефонининг ичида кремний моддасидан ишланган пластинка бор. Кремний моддаси эса қумларда бўлади.

Бу телефон асли Ироқдан. Шундай давлат борлигини эшитгандирсизлар.

Уч ярим миллиард йил олдин Ироқда тўхтовсиз ер силкинишлари содир бўлди. Ана шундай силкинишлар содир бўлаётганда ер ичидан вулқон лавалари отила бошлайди. Кейин бу лава тасодифан нефт билан аралашади. Ушбу аралашиш натижасида нефт эриган пластикка айланади. Кейин бу эриган пластик тасодифан бир харсангтошнинг устига тушади. Харсангтошнинг шакли худди қўл телефон шаклига ўхшарди. Шундан сўнг осмондан қор ёғиб, бояги харсангтош устидаги пластик модданинг совушини таъминлайди. Шундай қилиб телефоннинг устки қисми пайдо бўлади. Орқадан қисқа вақт ўтгач, яшин пластик турган жой яқинидаги қумга урилади. Натижада қумнинг яшин тушган қисми кремнийга айланади. Айланганда ҳам қандайдир кремнийга эмас, айнан қўл телефони ичидаги катта хотира сиғимига эга бўлган, махсус дастурлар билан таъминланган кремний пластинкасига айланади. Бу орада яна ер силкиниши содир бўлади ва харсангтош устида турган телефон қутиси шаклидаги пластик ердаги ҳалиги кремний пластинканинг устига бориб тушади. Ана шундан кейин смартфон ишлай бошлайди. Бир неча кун аввал мен Ироқнинг саҳросида юрганимда тўсатдан кўзим ерда ётган ушбу телефонга тушиб қолди. “Ахир бу телефон-ку” дедим-да, дарҳол ўша ердан туриб аёлимга қўнғироқ қилдим.

Бу ҳеч ким ишонмайдиган нарса! Шундай эмасми?

Лекин сизлар мактабда Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақида эшитган ҳикоянгиз бундан фарқ қилмайди.

Энди мен сизларга ҳаёт билан боғлиқ ҳақиқатлардан баъзисини айтиб бераман. Тирик ҳужайраларнинг барчаси протеинлар (оқсиллар)дан ташкил топган. Ҳа, бу сайёрадаги ҳар бир тирик ҳужайра оқсиллардан ташкил топган. Оғир атлетика, бодибилдинг билан шуғулланувчилар протеин нималигини яхши билишади. Оқсиллар эса аминокислоталардан ташкил топади. Ҳа, протеинларнинг асосини аминокислоталар ташкил этади.

Аминокислоталар турли шаклларда бўлиб, уларнинг таркибий тузилиши ҳам турлича бўлади. Ҳар бир аминокислота икки хил шаклга эга: бири ўнг тарафга айланади, иккинчиси чап тарафга айланади. Улар кўринишидан бир хил ҳажмга эга бўлса-да, аммо бир-бирига қарама-қарши жойлашган бўлади. Масалан ўнг қўл ва чап қўл ҳажми бир хил. Аммо улар бир-бирига қарама-қарши жойлашган. Аминокислоталарнинг ҳолати ҳам шундай бўлади. Бир қисми ўнг тарафга қараб ҳаракатланса, бошқалари чап тарафга қараб ҳаракатланади.

Сайёрамиздаги ҳар бир тирик ҳужайра фақатгина чап тарафга қараб айланадиган аминокислоталарни ўз ичига олган. Агар протеинлардаги аминокислоталар фақат ўнг тарафга айланадиган бўлганида, бирорта протеин моддаси ташкил топмаган, бунинг натижасида эса бирорта ҳужайра шаклланмаган бўларди.

Энг содда тузилишдаги протеинлар 100 та аминокислоталардан ташкил топади.

Энди юқорида айтиб ўтганимиз уммонни эсга олсак. Бир дона протеин модда пайдо бўлиши учун ўша уммон ичида 100 та чап томонга қараб айланадиган аминокислоталар мавжуд бўлиши керак. Чунки уммон ичидаги 100 та аминокислота фақат ўнг тарафга қараб айланадиган бўлса, у ҳолда протеин шаклланмайди.

Тасаввур қил: катта битта халтада юзта оқ ва юзта қора коптокчалар бор. Сен эса халта ичидан тўғри келган коптокчани оляпсан. Халтага юз марта қўл солганингда кетма-кет фақат оқ рангли коптокчалар чиқиши ақлингга сиғадими?! Халтачадан оқ коптокчаларнинг тартиб билан чиқиш эҳтимоли 2200 га тенг. Яъни 2 рақамидан кейин 200 та нол бор. Бу дегани тасодифан юзта уринишда тартиб билан 100 та оқ копток чиқиши мумкин эмас.

Шундай қилиб, битта оқсил пайдо бўлиши учун 100 та чап тарафга айланадиган аминокислоталар керак бўлар экан. Биз ҳали тирик ҳужайра ҳақида гапирмаяпмиз. Фақат битта протеиннинг пайдо бўлиши учун зарур бўлган модда ҳақида гапиряпмиз.

Тирик ҳужайраларнинг энг содда тури бўлмиш бир дона тирик бактерия пайдо бўлиши учун миллиард дона протеин (оқсил) керак бўлади.

Британия энциклопедиясида шундай дейилган: “Тасодифий йўл билан ҳаёт пайдо бўлиш эҳтимоли бир киши тангани миллион марта тепага отганда, танга ҳар сафар тартиб билан рақамли томони юқорига қараган ҳолда ерга тушиш эҳтимолига тенгдир”.

Фред Ҳойл исмли астроном шундай деган: “Тасодифнинг ўзи билан ҳаёт пайдо бўлиш эҳтимоли темирлар уюми турган жойдан катта тўфон ўтганда Боинг 747 самолёти пайдо бўлиш эҳтимолига тенг. Шунингдек, битта протеиннинг тасодифан пайдо бўлиш эҳтимоли кубик-рубик ўйинида кўр одам барча рангларни тўғри мослаштириш эҳтимолига тенгдир”.

Ҳаёт ҳеч қачон тасодифан пайдо бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Атрофимиздаги борлиққа ва биз яшаётган ушбу сайёрамизга назар солганимиздан сўнг олимлар бирорта сайёра кашф этиб, у ерда сув бўлиши мумкин деган фикрни айтсалар киши ҳайрон бўлади. Ўша олимлар сув бор, демак у ерда тирик жонзотлар ҳам бўлиши мумкин, дейишади. Гўё биз бу сайёрамизда фақат сув борлиги сабабли яшаётгандек. Йўқ, биз бу сайёрада фақат сув борлиги сабабидан яшамаяпмиз.

Аввало Еримизнинг ҳажми. Агар Ер шари ҳозирги ҳажмидан каттароқ ёки кичикроқ бўлганида, Ерда ҳаёт бўлмасди.

Унинг ўқи 23,5 даража бурчак остида эканлиги. Ҳа, бундан кўп ҳам, оз ҳам эмас, айнан 23,5 даража.

Шунингдек, Ер ўз ўқи атрофида 24 соат давомида бир марта айланиб чиқади. 10 соат ёки 15 соат эмас, айнан 24 соат давомида. Агар Ер ўз ўқи атрофида 10 ёки 15 соат мобайнида айланиб чиққанида биз бу ерда яшамаган бўлардик.

Шунингдек, биз Қуёшдан муайян масофада жойлашганмиз. Агар Қуёшга бироз яқинроқ ёки бироз узоқроқ жойлашганимизда биз бу ерда яшамаётган бўлардик.

Бундан ташқари сайёрамизни ҳаво қобиғи бўлмиш атмосфера ўраб туради.

Еримизни озон қатлами ўраб туради. Бу қатлам Қуёшдан келадиган турли зарарли радиацияларни, шу жумладан, ультрабинафша нурларининг ортиқча қисмини тутиб қолади.

Шунингдек, Ернинг магнит тасмаси бор. У белбоғ Қуёшдаги портлашлар, чақнашлар натижасида Ерга етиб келадиган ўта зарарли радиацияларни ушлаб қолиб, Ерга ўтказмайди.

Шу билан бирга атмосферамизда карбонат ангидрид гази бор. Бу газнинг атмосферадаги миқдори 0.04%ни ташкил этади. Аслида бу миқдор ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Аммо шу миқдор сабабли Ер сайёрасининг ўртажа ҳарорати 14 даражани ташкил этади. Лекин агар ҳаво қобиғимизда шу миқдорда карбонат ангидрид бўлмаса эди Ер сайёрамиздаги ўртача ҳарорат -19 даражага тушиб кетарди. Бу музлаткичнинг музхонасидаги ҳарорат бўлиб, ҳамма нарса музлаб қоларди.

Ер сайёраси ва унда ҳаёт мавжуд бўлиши билан боғлиқ ушбу ҳақиқатлар одамни жуда ҳайратда қолдиради.

Агар биргина Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиш назариясига эътибор берсак, қойил қолмай иложимиз йўқ.

Ёшлигимдан мени астрономия илми ўзига жалб этиб келади.

Бир неча йил олдин Диетер Хеерман исмли олимнинг бир ажойиб китобини ўқигандим. Бу китобда борлиқ ва фазо илмлари ҳақида сўз боради. Муаллиф ушбу китобда айтишича, борлиқнинг қандай пайдо бўлгани ҳақида изланишлар олиб борган олимлар “Борлиқ шаклланаётган пайтда (“Катта портлаш” назариясига кўра) коинотнинг кенгайиш тезлиги бир квинтиллион (бир рақамидан кейин 18 та нол) кубаси (бир квинтиллионнинг кубасида 1 рақамидан кейин 54 та нол бўлади)дан 1 нисбатда тезроқ ҳаракатланганда фазовий моддалар сочилиб, тарқалиб кетган, натижада юлдузлар ва сайёралар пайдо бўлмаган бўларди. Шунингдек, агар коинотнинг кенгайиш тезлиги бир квинтиллион (бир рақамидан кейин 18 та нол) кубаси (бир квинтиллионнинг кубасида 1 рақамидан кейин 54 та нол бўлади)дан 1 нисбатда секинроқ ҳаракатланганда ҳам фазовий тупроқларнинг бирикиши имконсиз бўлган ва биз бу ерда ўтирмаган бўлардик. Ҳа, бу жуда юқори даражадаги аниқ ва намунали ўлчовдир” дейишган экан.

Қолаверса, бу китоб тортишиш қонунияти ҳақида айтишича, моддаларни бир-бирига тортиб, уларни мустҳаҳкам тарзда бирикишига сабаб бўладиган тортишиш кучи ҳозиргидан бир триллион (1 рақамидан кейин 12 та нол) кубасидан (бунда 1 рақамидан кейин 36 та нол бўлади) 1 нисбатда каттароқ ёки кичикроқ бўлганида, биз бу ерда мавжуд бўлмаган бўлардик.

Айтмоқчиманки, эслашга арзимайдиган даражада жуда кичик ўзгариш, хоҳ у тезликнинг тез-секинлиги бўлсин, хоҳ тортишиш кучининг каттароқ-кичикроқлиги бўлсин ёки бошқа заруратлар бўлсин, агар уларда жуда кичик ўзгариш бўлганда, юлдузлар, сайёраларнинг пайдо бўлиши хаёл бўлиб қоларди.

Шунча илмий ҳақиқатлар турганда, эсипаст, нодон кимса қандай қилиб бу борлиқ тасодифан пайдо бўлиб қолган дейди?!

Йўқ, бу борлиқ тасодифан пайдо бўлмаган. Уни Аллоҳ таоло аниқ низом ва ўлчов билан яратган. У Зот бу ҳақида шундай марҳамат қилган:

  إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ

“Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар сураси, 49-оят).

Бу борлиқни Аллоҳ таоло қандай яратгани ҳақидаги ушбу оятга эътибор берайлик:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?”

(Ояти карима маъноси хусусида тафсирчилар бир неча хил маънолар айтганлар. Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббослардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади. Иккинчиси, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади. Учинчиси, Ҳасан, Қатодалардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор. Тўртинчиси ҳозирги замон баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди. Булар, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади.) (Анбиё сураси, 30-оят).

МАНБА: muslim.uz

Немис миллатига мансуб мусулмон олими мавъизаси

ҳамда интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади