БИР ДОНА АМАЛ БИЛАН ЖАННАТГА КИРГАН КИШИ

1857

Аллоҳ таолонинг марҳамати шу даражада чексиз ва карами кенг эканки, банданинг биттагина яхши иши туфайли бутун умри давомида қилган гуноҳларидан ўтиб жаннатга киргизиб юборар экан. Имом Бухорий бобомиз машҳур “Адаб ал-муфрад” асарида Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳикояни келтирадилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб бердилар:

Сизлардан олдинги яшаб ўтган қавм ичида бир киши бор эди. Вафот этди, ҳисоб майдонига келтирдилар. Унинг амал дафтарида ҳеч яхшилик топилмади. Илло, битта яхши амали қайдланган экан. У одатда одамлар билан ишлар, иши кўпчилик билан боғлиқ ва ўзи бадавлат одам эди. Иш юзасидан ҳисоб китоб ишларида ходимларига “шароити оғирларни тўғри тушуниб, енгиллик қилиб беринглар” деб тайинлар эди. Унинг амал дафтарига фақат “муҳтожлар ҳолини тушуниб, енгиллик қилиб берарди.”—деб ёзилган эди холос. Аллоҳ таоло ҳисоб-китоб чоғида: “муҳтожни ҳолини тушуниб, унинг айбидан ўтишга биз ҳақлироқмиз”—деди ва ҳалиги одамнинг жамики гуноҳларидан ўтиб юборди. Ал-адаб ал-муфрад/293. Имом Бухорий.

Ана Раббимиз Аллоҳнинг саховати! Муҳтожга енгиллик қилиб берган бир бандасининг ҳеч қандай бошқа яхши амали йўқ бўлса ҳам кечириб юборди. Бизнинг Раббимиз ана шундай марҳаматли Зот!

Азизлар! Аввало Аллоҳ ҳеч кимни бандасига муҳтож ва қарам қилиб қўймасин! Мабодо сизга шундай ночор одам рўбарў бўлиб қолса, билинки уни Аллоҳ юборган. Сиз уни асло ноумид қайтарманг. У Аллоҳнинг бир ожиз бандаси. Бугун сизга муҳтож бўлиб турибди. Сиз унинг ўрнида бўлмаганингизга шукр қилиб, имкон қадар ёрдам қўлингизни чўзинг.

Бугун сиз яхши яшаяпсиз. Аммо эртага қиёматда албатта сиз ҳам ночор ҳолга тушасиз. Данғиллама уйлар, қоп-қоп пуллар, қимматбаҳо машиналар ортимизда қолади. Охиратда шоҳлар ҳам, бойлар ҳам, амалдорлар ҳам шу дунёдаги гадойлар билан бир сафда туради. Агар шу дунёда Аллоҳнинг бир бандасига ёрдам бериб ҳаётида унга енгиллик яратиб берган бўлсангиз, Аллоҳ албатта уни ҳисобга олади. Зора, юқоридаги ҳадисда айтилган ўтган замондаги киши каби Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлсангиз!

Нодирбек домла КЕНЖАЕВ,

Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби