Билим ва маърифатни қаердан оламиз?

1115

“Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”.                 Ш.М. Мирзиёев.

Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Киши билмаганларини асосан ўқиб ўрганади. Биз умр бўйи – бешикдан қабргача, билмаганларимизни ўрганишга буюрилганмиз. Зеро, билим қалбимиз ҳаётидир. Шунинг учун динимиз илк босқичдаёқ ўқишга, илм олишга катта аҳамият берган. Бутун инсониятни зулмат, жаҳолат, залолатдан фақат илму маърифатгина халос эта олиши барчага маълумдир. Албатта, мана шу илму маърифат китоб ўқиш, илм олиш билангина бўлади. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маъноларда келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром-харишлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Кўп китоб ўқиган, илмга чанқоқ бўлган кишининг тафаккур доираси ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. У оламни, ҳаёт ҳақиқатини, яхши-ёмонни терангроқ англайди. Нима учун дунёга келгану, нима билан ўзининг қадрли бўлган умрини ўтказмоқда, қайси амали фойдали ва қайси иши нотўғри экани борасида мушоҳада этади. Китобхон бўлган одам нафақат ўзи, балки оила аъзолари, фарзандлари ва атрофдагиларни ҳам китобнинг сирли олами томон чорлайди. Секин – аста эса жамиятда китоб ўқишга бўлган истак ортиб бораверади.

Китоб ўқиш ва илм олишнинг аҳамияти ва фазилати тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида шундай марҳамат қилади:

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

яъни: Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).

Муҳтарам азизлар! Илм олиш ва китоб мутолаа қилиш борасида улуғ зотлардан ажойиб хотиралар қолган. Жумладан мазҳабимиз уламоларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларида, хурсанд бўлиб кетганларидан: яъни: Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, – дер эканлар.

Имом Шофеъий айтадилар: яъни: Илмнинг қадри шунчалик баландки, кимга илм нисбати берилса, –  гарчи у арзимас нарсада бўлсада – хурсанд бўлади. Агар кимни илмсиз дейилса, хафа бўлади”. 

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча китобларини олиб ўқир эканлар.

Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.

Ал-Ҳасан ибн Саҳл айтадилар: Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб васият қилар эди: яъни: Ёлғизлик ваҳшатини китобларни ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир.

Ал-Ҳасан Ал-Луълуий айтадилар: Қирқ йил бўлди, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас.

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан. Сизлар бекор ўтириб, одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб  жавоб бердилар.

Бобомиз Амир Темур айтадиларки: Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.

Барчаларимиз Юртбошимиз билим ва маърифатни  Аввало, китоб деган хазинадан олайлик деб айтган сўзларига мувофиқ ёш авлодларимизни таълим-тарбияси борасидаги давлат дастурини амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларини тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз иншааллоҳ. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

яъни: “…Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас…” (Раъд сураси, 11-оят)

Ҳозирги фаровон, тинч-омон ва тўкин-сочин ҳаётимиз қадрига етмаган айрим ёшлар таълим олиш, ўқиш-ўрганиш, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш, касб-ҳунар сирларини ўрганиш фурсатини ғанимат билмай, бепарволик қилмоқдалар. Улар олтиндан қиммат вақтларини кўча-куйларда бемақсад юришлар билан бой беришяпти, кунларини мазмунсиз ўтказиб, бегона ёт ғоялар ортидан эргашиб, ёш умрларини хазон этмоқдалар.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади. У зот: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.

Азизлар, фарзандим илмли, одобли, аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десангиз, ҳаётда ҳар хил кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга ҳеч эринманг. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилинг, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқинг ёки ўқишини албатта назорат қилиб туринг.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илмий, маънавий, маърифий, диний китобларга, илмга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилиб, ўқиган ҳар бир китобимиз нафақат ўзимизга, балки атрофдаги барча инсонларга манфаатли бўлишини насиб этсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.