Бидъат ва хурофотлар хатари

504

Эътибор берсак, бидъат ва хурофотларга кўпроқ аёллар берилувчан эканини кўрамиз. Масалан: назардан сақлайди деган мақсадда дарвоза тепасига исириқ, тақа, қалампир ва ҳоказолар осиб қўйиш; “Кимнингдир ўлимига сабаб бўлмасин”, дея одамнинг эгнида кийимни чатмаслик; “Шомдан кейин сут қатиқ сотилса ёки берилса, сигирнинг сути камаяди” каби хато ўйлар асосан аёллар орасида ёйилган. Хўш, бундай хурофотларнинг авж олишига сабаб нима? Энг ачинарлиси, нафақат аёллар, балки эркаклар, айрим ёшу қарилар ҳам ушбу бидъат ва хурофотларга берилишади ҳамда мазкур ишларни диндан деб билишади. Шариат аҳкомларига тўкис амал қилишмаса ҳам, бидъатлардан ҳеч оғишмайди. Буларнинг барига билимсизлик, Аллоҳ таолога таваккулнинг озлиги, дин аҳкомларидан хабарсизлик сабабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда ким биз буюрмаган амални бажарса, у рад қилингандир”, дея огоҳлантирдилар (Имом Муслим ривояти). Мазкур ҳадиси шарифни Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай шарҳлайди: “Ҳадис Исломнинг буюк асосларидан биридир. Худди: “Барча амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадиси ботиний амалларнинг ўлчови бўлгани каби, ушбу ҳадис зоҳирий амалларнинг ўлчовидир. Динда Аллоҳ таолова унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) рухсат бермаган нарсани пайдо қилган ҳар бир киши диндан гапираётган ҳисобланмайди. Ҳар бир мўмин  мусулмон “Барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан Унинг изни билан амалга ошади”,  деган эътиқодда бўлсада, лекин кўпчилик бу ақидани ҳаётга татбиқ қилишда сусткашлик йўл қўяди. Оқибатда асоссиз нарсаларни ўйлаб топади. Уларга амал қилиш орқали Исломдан узоқлашади. Ўз ҳаётини қийинлаштиради. Демак, бирор – бир амални ҳаётга татбиқ этишдан олдин, унинг шариат аҳкомларига мос келиш – келмаслиги ҳақида фикр юритиш лозим. Агар бу ҳақда кишида етарлича билим ва асос топилмаса, у ҳолда зикр аҳлидан сўрайди. Чунки билимсизликнинг давоси сўрашдир. Демак, бидъат ва хурофотлар кишилар наздида арзимас саналсада, аслида катта – катта хатарларни келтириб чиқариши рост. Бу борада уламолардан бирининг ушбу фикри сўзимиз исботидир: “Агар мункар ва бидъат амаллар одамлар орасида ёйилса, ёмон амаллари уларнинг атрофини ўраб олади ва улар билан Робби орасини тўсиб, зулматга айлантириб қўяди ва шу сабабдан инсонлардан раҳмат кесилади. Уларга қаҳатчилик етади. Касалликлар тарқалади. Барака кўтарилади. Чунки Аллоҳ таолога одобсизлик боис азоб эшиклари очилади ва фойда йўллари тўсилади Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом айласин.

Отабек домла Ҳусанов

Олтикўл тумани “Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби