БАХТНИНГ ИЛОҲИЙ ФОРМУЛАСИ

1158

Халқимизда аёлларни “заифалар” деб аташ одати бор. Бу эса бир жиҳатдан динимиз кўрсатмаларига ҳам мувофиқ келади: Аёл кишининг тана тузилиши ҳам

нозик хилқатли бўлиб, жисмоний ва ақлий жиҳатдан эркак кишидан тубдан фарқ қилади ва заифлиги кўзга яққол ташланади. Баъзи ўринларда битта эркак киши топилмай қолса, ўрнига икки аёл қўйилиши ҳам шундан бўлса ажабмас.

Таъкидлаш лозимки, бу эса ҳар жабҳада аёл киши заифаю, эркак ҳамма томонлама бақувват дегани ҳам эмас. Чунки дунёда Пайғамбарлардан бошқа ҳамма одам ҳаётининг кўп ҳолларида ўзи билиб-билмай, хоҳлаб-хоҳламай бир ёзимаган қонунга амал қилади. У қонун – кучлининг кучсиз устидан ўз ҳукмини ўтказиб, ҳукмронлик қилишга табиатан мойиллигидир. Ҳар ким ҳатто тенгдошлари орасида ҳам имконқадар, ҳар қандай йўл билан бўлсада ҳар жойда ўз сўзини ўтказишга, бошқалардан устун бўлишга ҳаракат қилади. Ўйлаб кўринг-а, унинг устига рақиби ҳар томонлама заифҳол бўлса, асти қўяверасиз. Муштумзўрлик қилиб бўлса ҳам ҳукмига бўйсундириш қўл келади. Оилада бундай бўлмайди, эр-хотин доимо бир-бирини тушуниб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва масъулиятларини ҳис қилиб, бахтиёр ҳаёт кечирадилар, деб ҳеч ким кафолат бера олмаслигига ҳаётнинг ўзи гувоҳ. Аллоҳ таоло Ҳаким Зот. Ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Агар эркак киши ҳар томондан бақувват, мукаммал бўлиб, аёл киши ҳар жабҳада заиф бўлганида буларнинг орасида ҳам ўша “қонун” ишлар, натижада аёл киши жамиятда ўрни йўқ, доим зулмга маҳкум бир хизматкорга айланган бўлур эди. Буни билувчи адолатли Аллоҳ таоло эса зулмга ҳеч қачон йўл бермаган, бермайди ҳам. Шунинг учун бу икки жинс эгалари бўлмиш: эркак ва аёлни бир бирига табиатан муҳтож қилиб яратиб қўйди. Токи икки томоннинг бири ўзидан кетиб, бироз ҳаддидан ошмоқчи бўлганида эртага яна иккинчи томонга иши тушишини эсга олиб, бироз ўзини қўлга олсин ва зулмга ўтмасин.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 28 оятда:

وَ خُلِقَ الْإِنْسانُ ضَعِيفاً يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ яъни “Аллоҳ сизларга (ҳур аёлларга никоҳланишга моддий имкониятингиз етмаса, чўриларга ҳам уйланаверишингизга рухсат бериб, сизга) енгиллик қилишни хоҳлар, (чунки) инсон (хотинларсиз яшашга тоқати етмайдиган) заиф қилиб яратилгандир”, деган. Муфассирларимиз бу оятнинг тафсирида аёл кишининг юқорида айтилган заифлик томонларини айтиб ўтгач, эркаклардан бақувват ва устунлик бир жиҳати ҳам борлигини таъкидлайдилар. У ҳам бўлса, соф табиатли эркак киши аёлларсиз узоқ яшашга бардоши етмас экан. Аллоҳ таоло бу ва олдинги ояти карималарнинг маъносида: “Эй эркаклар! Мен сизларга никоҳ борасида ҳатто чўриларга ҳам уйланишга рухсат бериб, енгиллик қилишни ихтиёр қилдим. Чунки Менинг Ўзим сизларни шундай заиф, аёлларга муҳтож, уларсиз яшашга сабр қила олмайдиган қилиб яратганман!”, дейди.

Бу оятнинг мўъжизакор маъносини, эҳтиёжи вақтида қондирилмаслиги унинг соғлигига жиддий таъсир кўрсатиши ҳақиқат эканини бугуннинг илғор табобати ҳам тасдиқламоқда. Аёллар ўзларига берилган буюк неъмат бўлмиш иффат-у ҳаёлари сабаб бу борада эркаклардан ангча бардошли бўлар эканлар.

Бундай эҳтиёжни яратган Аллоҳ таолонинг Ўзи уни покиза никоҳ йўли билан қондирилишини уқтирган. Никоҳ нима, уни қандай йўл билан қилинади, уни эълон қилиш ва одамларга зиёфат бериш кимнинг вазифаси эканини эса Ўзининг севикли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётий намуналарида бизга кўрсатиб берган. Пайғамбаримиз никоҳланиб яшаганлар ва унга умматларини тарғиб қилиб, ундан юз ўгирганларни эса “Мендан эмас” яъни “Менинг ҳақиқий умматим эмас”, деб огоҳлантирганлар.

У зот алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар:

Бу никоҳни эълон қилинглар ва уни масжидларда ўтказинглар ҳамда унда танбур уринглар. Ҳар бирингиз ўз никоҳ тўйида агарчи (ҳеч бўлмаганда, энг камида) битта қўй (сўйиш) билан бўлсада зиёфат қилиб нишонласин…”.                                                                                           (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан никоҳ тўйини ҳаммага эълон қилиб, жамоат жойларда, танбур чалиб, тантана ва кўтаринки кайфиятда нишонлаш тавсия қилинмоқда. Токи никоҳ ҳар хил ахлоқий бузуқликлар, зино каби жамият кушандалари бўлган гуноҳ ишлардан фарқли бўлсин. Эълон ва зиёфатнинг барча сарф-харажатлари куёвнинг зиммасида экани ҳам очиқ айтилмоқда. Қолаверса, бир умр унинг эҳтиёжини қондириб, беминнат хизматини қилиб, келажакда унинг номи қолишига сабаб бўладиган фарзандларни туғиб тарбиялаб вояга етказиб, эрнинг юкини енгиллатувчи келин хонимга аввало, маҳр, ҳар хил тақинчоқлар ва сарпо олиб бериш, яшашига қулай тарзда жиҳозланган уй-жой таъминоти, еди-ичди, кийим-кечак билан доимий таъминлашни жаноб куёвтўранинг зиммасига юклаган. Бу эса ақл ва мантиққа ҳам тўғри келади. Зеро, саломга яраша алик олиш аксиома, қатъий қоидадир. Аксинча, қизнинг отасининг бўйнига келин-куёвнинг уйини палос-гилам, диван-кресло, мебел ва бошқалар билан жиҳозлаб беришини юклаш, фарзанд кўргач эса бидъат-хурофот одат бўлмиш “бешик тўй” қилиб бериш, бордию фарзанд ўғил бўлса яна бир икки йилдан сўнг “суннат тўйи” га буқа-новвос олиб беришини талаб қилиш эса шариат тугул, ақл ва мантиққа зиддир. Бу гўёки бировга: “Кел, менга фалон сўм бергинда, сўнг мендан нон-чой талаб қилмай, ўз ўроғинг билан томорқамдаги буғдойни ўриб бер”, дейишдан фарқи йўқ-ку! Бу зулмдан бошқа нарса эмас! Буни бахт деб билиш эса жуда аянчли, керак бўлса, йиғлагулик фожеадир! Зеро, зулмнинг ортида бахт эмас, нақ “бахт” туради…!

Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло бутун мавжудотларни, жумладан инсониятни ҳам, эркаг-у аёлни ҳам заиф қилиб яратган. Уларнинг ҳаёти доимий тарзда бир бирига муҳтожлик билан кечади. Мақсад ҳеч ким ҳеч кимга зулм қилмасин. Қайси жойда бу қоида бузилса, зулмкорлик сари қадам ташланса, ҳаёт издан чиқади, жамиятда парокандалик юзага келади. Бахтли бўлмоқчи бўлган кимсалар доимо бахтнинг

қонун-қоидаларига, илоҳий бахт формулаларига тўла-тўкис амал қилиб ҳаёт кечира олсалар шунда уни қўлга киритадилар!

“Ал-Кашшоф”, “Ибн Касир”, “Руҳул-баён” ва “Жалолайн”

тафсирлари асосида Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади.