Бахтимиз қомуси

965

Мустақиллик берган улуғ имкониятлардан бири бу халқимизнинг ҳурлик ва озодлиги, унинг кафолатларини таъминловчи Бош Қомусимиз Конституциямиз саналади. Шу кунларда қабул қилинганлигининг 25 йиллиги нишонланадиган ушбу муҳим ҳужжатнинг муқаддимасидан тортиб ҳар бир моддаси юксак тафаккур билан ишланган.

Ундаги моддалар мазмуни жаҳон андозаларига мос келиши, инсонпарварлиги, кишиларнинг виждон эркинлиги, иймон-эътиқодини ҳимоя  қилиши ва  бошқа қатор муҳим жиҳатларни ўзида акс эттирганлиги дунё  миқёсидаги қонуншунослар томонидан ҳақли равишда эътироф этилган. Бош Қомусимизнинг катта бир имкониятларидан бири шуки, юртимизга асрий қадриятлар  қатори динимиз ҳам қайтди. Исломни  улуғлаган, унинг инсонни маънавий камолотини тарғиб қилишга хизмат қилувчи таълимотини ҳурматлаган юртдошларимиз эса бугун эмин-эркин ибодат қилишаяпти. Жойларда юзлаб масжидлар, ислом олий  ва ўрта махсус ўқув юртлари фаолият олиб боряпти.

Мазкур асосий қонунда фуқароларимизнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши узоқ йиллар динга нисбатан тазийқ остида яшаган халқимиз учун катта аҳамиятга эга бўлди. Демократиянинг асосий тамойилларидан бири бўлган эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласи Конституцияда ўз аксини тўлиқ топди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги таъкидлаб қўйилди. Ҳеч қайси дин давлат дини даражасига кўтарилмаслиги, барча миллат, элат ва дин вакилларининг қонун олдида тенг эканликлари жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган юртимизнинг демократик тамойилларга асосланган мустақил тараққиёт йўлига эга давлат эканлигининг ёрқин далили сифатида намоён бўлди.

Истиқлол йилларида диний бағрикенглик масаласи юртимиз бош шиорларидан бири сифатида майдонга чиқди. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат  ва 16 та диний конфессия вакиллари аҳил ва баҳамжиҳатликда яшамоқдалар.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимиз бағрикенглик соҳасида динлар ва миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўрната олган ҳамда бу соҳада бошқаларга намуна бўла оладиган давлат сифатида жаҳонда ўз ўрнига эга.

 

Бўз тумани бош имом-хатиби

Абдулаҳад қори ТОЖИБОЕВ,