Бугунги кунда жамиятимизда кенг тарқалган ёмон иллатлардан бири ёлғончиликдир. Минг афсуслар бўлсинки, бу иллат одамлар орасида жуда ҳам авж олмоқда. Айниқса уяли алоқа воситаларидан фойдаланишда ёлғон гапиришлик жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Роббимиз, Аллоҳ таоло биз бандаларни ёлғон гапиришдан қайтарган. Ёлғон гапириш энг оғир гуноҳлардан саналади. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда ёлғон ҳақида юздан ортиқ муборак оятлар нозил бўлган.

    Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 28-оятида “Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас” – дейди. Бу ояти каримада ёлғончи шахс ҳаддидан ошган киши эканлиги таъкидланмоқда. Бундан ёлғончи шахс гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг ёмон томони эса, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан. Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ёлғон гапиришни қаттиқ қоралаган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёда энг гўзал хулқ соҳиблари эдилар. Умматнинг ислоҳи учун ғамхўр ва жонкуяр зот эдилар. Ул зоти шарифнинг ҳар бир сўзида биз осий умматларнинг икки дунё саодатига етишимиз учун етарлича дарс ва сабоқлар бор. Қуйидаги ҳадисдан маънавий иллат – ёлғончилик ҳақида керакли сабоқ олишимиз мумкин:

   Суфён ибн Асад ал-Хазрамийдан ривоят келтирилди. У киши айтадики: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эдим, у киши шундай дер эдилар:

“Мусулмон биродарингга сўзлаётган сўзингга у ишонса-ю аммо сен ёлғон сўзлаётган бўлсанг, мана шу хулқинг энг катта хиёнатдир!”. Абу Довуд ривоят қилган. (Мирқотул-мафотиҳ 4845).

  Инсон бирор дўстига, мўмин ва диндош сифатида ишониб, қулоқ солса-ю аммо у кимса ишончни оқламаса, уни алдаб ёлғон сўзласа, бу унинг диндошига нисбатан энг катта хиёнати экан. Дўстимиз ва биродарларимиз билан суҳбат чоғида фақат Аллоҳдан қўрқиб, уялиб сўзлашмоғимиз лозим. Инсондан уялиб, ёки ундан қўрқиб уни норози бўлишини истамаслик баҳонаси ила ёлғонга йўл қилсак, бу бизнинг иймонимизга хиёнат, диндошимизга хиёнат, Расулимизга хиёнат, Раббимизга хиёнат ўлароқ баҳоланади. Бу суҳбат қандай ҳолда бўлишининг аҳамияти йўқ. Хоҳ у юзма-юз бўлсин, ёҳуд телефон орқали, ва ёки ижтимоий тармоқлар орқали бўлсин. Бари бирдек баҳоланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Ушбу муборак ҳадиснинг маъноси шундан иборатки, бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта хам унинг ёлғонини сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси қочган одам ким деган одам бўлади? Халқимиз ичидаги “Фалончининг фариштаси йўқ” деган гаплар бежиз эмас экан.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда эса, қуйидагилар айтилади: Ҳадис ривоятчиси Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?», деб сўралди. У зот «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. У зот «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?», деб сўралди. У зот «Йўқ», дедилар».

Имоми Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик-мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган:

«Мунофиқнинг аломати учтадир: Гапирса, ёлғон гапиради, ваъда, берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди».

Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Ўуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: Бир одам келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?», деб сўради. Расулуллоҳ: «Ёлғончликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради», деб жавоб бердилар.

Асбиҳоний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳсаллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Ота-онага яхшилик қилиш, умрни зиёда қилади. Ёлғон, ризқни қисқартиради. Дуо, қазони қайтаради», деганлар. Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири-Ризқни камайтириш зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ Таоло ёлғончи шахснинг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан барокотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди.

Ёлғончилик туфайли инсонлар қалбига озор берилади, инсонлар орасига совуқлик тушади. Ёлғончилик жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ўзаро муносабат ва меҳр-оқибатни йўқолишига олиб келади. Инсон орасидаги меҳр оқибат йўқолиб, инсонлар бир-бирларидан узоқлашадилар. Ёлғончилик ҳамма халқларда қораланадиган ишлардандир.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин!

Муҳаммад қуддус Абдулманнон

Хўжаобод тумани Еттичинор жоме масжиди имом ноиби