Ҳозирги кунларда жуда кўп ёш оилаларнинг бузилиб кетиш сабаларини ўргансангиз, кўпчилигида асосан тилга эҳтиётсизлик қилиш оқибатида келиб чиқаётганлигига гувоҳи бўласиз. Эр айтади: “Жаҳл устида хотинимга уч талоқсан, деб юборибман. Икки нафар фарзандимиз бор. Биттаси мактабда ўқийди. Ёрдам беринг. Оилам бузилиб кетмасин”.

Оиласини бузиб бўлиб, кейин ёрдам сўраб келинади, одатда. Ёки қайнонани келинга ғазаб билан ҳақоратли, дилни оғритадиган сўзлар билан дашном бериши орқасидан, кичкинагина тил орқали айтишувлар, катта оилавий низоларни келтириб чиқараётганлиги, ҳатто, икки – уч нафар фарзандлари бор оилалар ажрашиб, фарзандлар тирик етим бўлиб яшаётганлари, ёки никоҳдан ташқари бўлган учинчи ва тўртинчи шахсларни мустақил, никоҳ гувоҳномаси бор оилаларни ички ҳаётларига аралашуви, яъни янги  келган келинга қулдек муносабатда бўлишлик, гўёки келин борган хонадонда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқга эга бўлмаган, ҳаммани ишини қилишга мажбур бўлган шахс сифатида муносабатда бўлишлик, айниқса, келинларга нисбатан қўпол сўзлар билан муомила қилишлик оқибатида ёш оилаларни бузилиб кетиши  оддий ҳолатга айланиб қолаётганлиги ачинарлидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

– “Киши мусулмонлигининг гўзаллиги маъносиз сўзларни тарк қилишлигидир” дедилар.

Луқмони Ҳакимдан:

– “Биз сизда кўриб турган нарсага қандай эришдингиз”,  деб сўрашганда у киши жавоб бериб:

– “Гапнинг тўғрилиги, омонатни адо этишлик ва кераксиз сўзларни тарк қилишлик билан” дедилар.

Ҳакимларнинг баъзилари айтишди:

– “Жоҳил киши олти хислат билан билинади:

  1. Беҳуда нарсаларга ғазаб қилишлик;
  2. Фойдасиз калом. Оқил киши ўзига фойда бермайдиган гапларни гапирмайди;
  3. Кераксиз жойга бормоқ. Яъни молини ажр беришга нолойиқ жойга сарф қилишлик;
  4. Ҳар кимнинг олдида сирини очавериш;
  5. Ҳар инсонга ишонавериш;
  6. Дўстни душмандан ажрата олмаслик.

Биринчи душман шайтондир.Унга ҳеч жойда бўйсунмаслик лозимдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди:

  • “Тилига эгалик қилган, уйидан ташқарига чиқмаган ва хатосига йиғлаган киши нақадар яхши”.

Факиҳ айтди: Отам Ҳасан Басрийдан гапирди:

  • “Донишманднинг тили юрагининг орқасидадир. Агар гапирмоқликни хоҳласа, юрагига қарайди, мабодо унда яхшилик бўлса гапиради, агар бировнинг зарарига бўлса гапирмайди. Жоҳилнинг юраги тилининг атрофидадир. У юрагига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади” дедилар.

Шундай экан келинглар тилимизга эҳтиёт бўлайлик. Тилимиз туфайли орамизга совуқлик тушмасин,дўстларимиз бизни тарк этмасин. Қариндошчилигимизга, оилаларимизга дарз кетмасин. Аллоҳ таоло бизларни бир биримизга ширин сўз ва ширин суҳан бўлиб яшашликни насиб этсин. Омин!

Искандар домла Ортиқов

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби