Фармон ва ижро
Мустақиллик аталган бебаҳо неъмат халқимизга нафақат жаҳон айвонида тенглар ичра тенг бўлиш бахтини, балки умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконини берди.
Давлатимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимизда инсоннинг эркин яшаш, ўқиш, ишлаш, ижтимоий ҳимояланиш каби асосий ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланди. Энг асосийси, инсон ҳуқуқлари – олий қадрият этиб белгиланди.
Фуқароларга берилган бу имкониятлардан барча бирдек, шу жумладан, ҳаётда билиб-билмай адашган кишилар ҳам баҳраманд бўлмоқда. Зеро, халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик ғоялари давлатимиз сиёсатининг туб моҳиятида мужассамлаштирилган.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг афв этишга оид яна бир фармони эълон қилингани юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олинишининг яна бир ёрқин намоёни бўлди.
Қайд этиш керакки, давлат раҳбарининг 2017 йил декабрь ойида Конституциямизнинг 25 йиллиги арафасида эълон қилинган фармони билан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар афв этилган эди.
2018 йил 12 июнда Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган афвга оид Президент фармони билан билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.
Ватанимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида, яъни 2018 йил 30 августда Президентимиз “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
– Халқимизнинг энг улуғ байрами арафасида Президентимизнинг афв этишга оид фармони эълон қилингани халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларини янада юксак намоён этди, –дейди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Баҳромбек Одилов. –Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ қабул қилинган фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 261 нафар фуқаро афв этилди.
Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Айни пайтда фармон ижросини таъминлаш, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида фармон ижросига оид тадбирлар бўлиб ўтди.
Афв этилганлардан бири – чирчиқлик Хуршид Маматқуловдир. У Ўзбекистонда тақиқланган диний ташкилотларга аъзо бўлгани учун озодликдан маҳрум этилган эди. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, муҳими, ҳаётда тўғри йўл танлашни мақсад қилган Хуршид қамоқдан озод бўлиб, яқинлари бағрига қайтди.
Андижонлик Марҳабо Азизова ҳам диний эктремистлар қутқусига учганлардан бири эди.
– Уйдан, фарзандларимдан айро тушгандагина оқибатини ўйламай иш қилганимни тушундим, – дейди М.Азизова. – Аёл учун юртнинг тинчлиги, фарзандлар камоли аслида катта бахт экан. Хатоларимни тушуниб, Президентимизга кечирим сўраб мурожаат қилган эдим. Мени бағрикенглик қилиб кечирганларидан беҳад миннатдорман. Байрамни уйда, болаларим билан нишонлаш бахти насиб этаётганидан қувончим чексиз. Бунинг учун бағрикенг халқимиздан қарздорман, албатта.
Бугун нафақат афв этилганлар, балки уларнинг яқинлари, оилаларига ҳам катта хурсандчилик туҳфа этилмоқда.
Фармонга кўра, афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун тегишли ташкилотлар барча зарур кўмак кўрсатади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
манба: muslim.uz