АРАЗНИ ТАРК ЭТИНГ, САОДАТГА ЭРИШАСИЗ

452

Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлиш гўзал амаллардандир. Бу ҳақида кўплаб ҳадислар нақл қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча иймонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар бажарсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар”. (Муслим ривояти). Ҳадис шарҳида Имом Нававий: “Фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлади”, – дейдилар. Иймонимиз комил бўлиши, ҳолатимиз яхшиланиши ўзаро меҳр-муҳаббатга боғлиқ экан, шунга ҳаракат қилишимиз керак. Албатта, инсон меҳр-муҳаббат билан тирикдир.

Инсонларни бир-бирига яқинлаштирадиган, гўзал хислатлар борки, улардан бири кечиримлилик, гина сақламасликдир. Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 22-оятида марҳамат қилган: “… балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло: (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси ҳудди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир …”, («Шўро» сураси, 40-оят) дея, бандаларига кечиримли бўлишни буюради. Демак, инсон бошқаларнинг айбини авф қилиб кечирса, Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳларини кечиради ва бу яхши амали учун бу инсонни мукофотлайди.

Афсуски, ҳозирда ҳаётимизда бир-бирлари билан аразлашиб, сўнг умуман кунлаб, ойлаб, ҳатто, йиллаб гаплашмай юрадиган инсонларга гувоҳ бўлиб қоламиз. Албатта, бу гўзал аҳлоқий муносабатларга зид ҳолатдир.

Абу Ҳирош Асламийдан ривоят қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, бу унинг қонини тўккан билан баробардир”, – деганларини эшитган экан. Узоқ муддат аразлашиб юриш инсон қонини тўкишдек оғир гуноҳ билан тенглаштирилган экан ҳар бир иймонли инсон гина-кудуратдан сақланиши лозимдир. Агар инсон бир инсондан аразлаб юрса, у инсонни кўришни ҳоҳламайди, унинг дўстлари, яқинлари билан ҳам алоқани камайтиради. Доим қалбида ўша инсонга нисбатан бир ёмон ўй-фикрлар келаверади. Инсоннинг ўзига хос заифликлари ҳисобга олиниб, 3 кунгача аразлашишга рухсат берилган. Бундан ортиқ аразлашиб юриш ҳалол эмас. Бир йилгача ярашмай, аразлашиб юриш эса, билиб туриб гуноҳ ишда бардавом бўлиш демакдир. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, – дедилар. Демак ким кечиримлироқ бўлса, гинани тезроқ унутса ҳадисда мақталган “яхшироқ” мақомида бўлади. Бундай инсон Аллоҳ таолога ҳам суюклироқ ва маҳбуброқ бўлади.

Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса, ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга киришмайди”,-дедилар.

Агар мўмин-мусулмонлар аразлашиб қолишса, уч кундан ўтказмасдан ярашиб олишлари лозим бўлади. Акс ҳолда, икки томонга ҳам оғир оқибатлар етади. Аразлашиш ҳолати фақатгина дўстларда эмас, балки опа-сингиллар, ака-укалар ўртасида ҳам содир бўлиши мумкин. Бундай вақтларда нафақат ўзаро муносабатлар, балки оилавий муносабатларга ҳам путур етиши мумкин.

Айрим ҳолларда ака-укалар, опа-сингиллар ўзаро қуда бўлиб, тақдир тақозоси билан фарзандларининг тақдир йўллари айро бўлса, бир-бирлари билан силаи-раҳм алоқаларини узадилар, турли давраларда кўришишса ҳам ҳатто, бир-бирларига салом ҳам бермасликларининг гувоҳи бўлиб қоламиз. Ахир улар бир ота-она фарзандлари-ку, барча ишни Аллоҳнинг тақдиридан, деб билиб, бир-бирларидан гина сақламасдан, ўзаро муносабатларни ислоҳ қилишса, қандай ҳам гўзал иш бўлар эди.

Аллоҳ таоло: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат этишидан) кар, кўзларни эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир». (Муҳаммад сураси, 22-23). Яъни, яқин қариндошлар билан алоқани узганлардан Аллоҳ рози бўлмайди. Бу ишни қанчалик гуноҳ эканлигини чуқур англаб етишимиз ва ундан узоқ бўлишимиз лозим.

“Гина” ҳақида халқимизга хос бўлган: “Яхшида гина бўлмас”, “Гина – адоватнинг қўшниси” каби мақоллар ҳам бежиз эмас албатта.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга ўтирганларида: “Ҳозир шу эшикдан жаннат аҳлидан бўлган киши кўринади!”, дедилар. Бас, Саъд ибн Молик розиаллоҳу анҳу кирди. Унинг амалларини Абдуллоҳ ибн Амр розиаллоҳу анҳу кузатдилар. Улар унда ортиқча амални кўрмайдилар. Сўнг Саъд ибн Моликдан бу ҳақида сўрадилар. У эса: “Ётарканман, қалбимда кимсага нисбатан адоват бўлмайди”, – деб жавоб бердилар. Демак, жаннат аҳлидан бўлишга сабаб бўладиган яна бир фазилат – қалбида ҳеч кимга нисбатан адоват, гина сақламаслик экан. Барчамиз Аллоҳ таолонинг розилига эришишни, жаннатга киришни ҳоҳлаймиз. Бу мақсад сари ҳаракат қилиб, амалларимизни, муомаламизни гўзал қилишимиз лозим экан.

Аслида, гина сақласа, қалбда бир қора доғ пайдо бўлади. Уни ўз вақтида бартараф этмаса, қора доғ вақт ўтгани сари бутун қалбни қорайтириб, гуноҳ ва маъсиятларни қилишга мойил қилиб, кечиримлилик сифатларини ҳам буткул ўчиради. Қалбда бир инсонга нисбатан гина сақлаши, аввал ана шу инсонни ички оламини қийнайди, мана шу сабабли қалб хотиржам бўла олмайди. Аммо қатъият билан, “Агар уни кечирсам, Аллоҳ ҳам менинг гуноҳларимни кечирар”, деган ниятда кечирса, ўзи ҳам анча енгиллашади ва қалбини қийнаётган нарса ҳам уни буткул тарк этади.

Ҳозирги кунда барча инсонлар бир-бирларини кечиришса, аразлашишмаса, гина сақлашмаса, ораларидаги меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Натижаси эса бутун жамият учун манфаатли бўлади. Меҳр-шафқатли бўлайлик ва шу сабабли саодатга эришайлик. Инсон юмшоқ қалбли, раҳмли, шафқатли, кечиримли бўлмоғи нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам фойдалидир. Бағритош инсонларни ҳеч ким ҳушламайди. Кечиримлилик, меҳрибонлик, меҳр-шафқат, меҳр-оқибат, меҳр-мурувват каби гўзал фазилатлар орамизда бор экан, инсонлар ўзаро ҳамжиҳатликда гўзал ҳаёт кечирадилар. Меҳр-муҳаббат зиёсини улашувчи гўзал қалб эгалари бўлиш барчага насиб етсин.

 

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл тумани

“Уйшин” жоме масжиди имом-хатиби.