Шайх Рамазон Бутий бир насихатларида айтганлар: “Аллоҳнинг муҳаббатига етишим учун қаердан куч топаман”? – деб сўрайсан. Бунга жавоб беришим учун ҳозир вақт етмайди. Лекин мен сизларнинг олдингизга учта сабабни қўяман, агар шуларни амалга оширсак қалбимиз Аллоҳнинг муҳаббатига тўлиб тошади.

   Биринчи сабаб, эй одам боласи, ҳаётингда сенга яхшилик қилувчи ягона зот Аллоҳ эканини эслаб юришингдир. Ушбу ҳақиқатни доимо эслаб шунга яраша муомалада бўлишингдир.

Нафасингни ўз ўрнида доимий равишда кириб чиқиб туришини ким амалга ошираётганини ўз нафсингдан бир сўраб кўр. Сени едириб ичираётган ким? Оғзингга солган луқмани ёки ичаётган бир қултум сувни сен тиқилмайдиган қилиб яратди. Ётганингда сени ухлатиб қўядиган ким, ухлаб ором олганингдан сўнг сени қайта уйғотадиган ким?? Ювиниш жойига кирганингда сени у ердаги офатлардан асрайдиган ким, еру осмонни ва ҳайвонларни сен учун бўйсундириб қўйган ким?

Агар Аллоҳ уни сен учун бўйсиндирмаганида бирор қишлоқда ушбу ҳайвонларни қўлга ўргатишга ҳеч куч топа олмас эди. Аллоху Таъоло мархамат қилиб

“Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимиз—ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик–эгадирлар-ку!” деб айтган. (Ясин 71)

Қоида шуки, эҳсон (яхшилик) инсонни қулга айлантиради.

Шубҳа йўқки, агар Аллоҳ субханаҳу ва таоло сен учун Муҳсин эканини билсанг, Уни яхши кўришинг ва қалбингдаги муҳаббат билан унга юзланмоғинг лозим. Лекин фикр қил ва бу фикрингда давом эт, шунда қалбингни муҳаббат билан Аллоҳга юзланганини топасан.

Иккинчи сабаб; Бу инсон ўз нафсини яхши кўришидир.

Бу аниқ кўзга ташланиб турган ишлардан эмасми, бирортамиз ўзимизни яхши кўриб, бизни доимо тинч омон ва ҳотиржам бўлишимизни ўз ичига олган воситаларга эришишимиздаги хоҳишга бирор шубҳа борми, шундай эмасми?

Бу омонликни сенга берган ким. Бало ва офатлардан сени саломат қилган ким. Дунёда тўлиб тошган балки атрофингдаги атмосферани ўраб олган микроблардан сени ҳимоя қилаётган ким? Сени табиблар ва бошқалар ҳам билмайдиган сирли ҳолда ўз борлиғингда турғазиб қўйган ким? Бу туришингни улар тушунтириб бера олмай икки маъноли мавҳум гапларни айтадиларку. Билгинки бу мустаҳкам иммунитетдир. Сени вужудингда ушбу иммунитетни ўрнатган ким? У Аллоҳ Таъоло эмасми?!

Ким ўзини яхши кўрса ўзини офатлардан ҳимоя қилган Аллоҳни севади.

Учинчи сабаб: Сен ўйлаб ва назар солиб ишонч билан Аллоҳга иймон келтирганлигингни биласан. Сен Аллоҳни бирлигига иймон келтириб Аллоҳ сени яхши кўришини биласан. Агар чуқур мулоҳаза қилсанг буни яхши англайсан. Агар Аллоҳ сени яхши кўрмаганида ўзини сенга танитмас эди. Аллоҳ сени яхши кўрмаганида сени ибодатга йўналтириб қалбингни очиб қўймас эди. Агар Аллоҳ сени яхши кўрмаганида сен хожатларни қондирувчи ягона Аллоҳга иймон келтирмас эдинг. Аллоҳ сени яхши кўрмаганида еру осмонни сен учун мусаххар қилиб бўйсундирмаган бўлар эди. Шундай эмасми?

Аллоҳнинг бизга бўлган муҳаббати, бизни унга бўлган муҳаббатимиздан олдиндадир. Ҳа бизни севгимиздан устундир.

Ривоят қилишларича бир ибодатли аёл бир жойда хизмат қилар эди. Ўша жойнинг эгаси у аёл кечаси саждада Роббисидан, “Аллоҳим сени менга бўлган муҳаббатинг билан мени эҳтиром қилишингни ва мағфират қилишингни сўрайман”, деб дуо қилаётган овозини эшитиб уйғониб кетди. У киши аёлнинг бу сўзларини жиддий ҳисоблаб намозини тугатишини кутиб турди. Кейин у аёлга, эй қизим ундай демагин, мени сенга бўлган муҳаббатим билан мени эҳтиром қил, деб айтгин. Сени у яхши кўришини қайердан биласан, деди. Шунда аёл, эй Хожам агар У мени яхши кўрмаганида бу вақтда мени ибодатга уйғотмас эди. Менга муҳаббати бўлмаганида ўз ҳузурида турғазмас эди. Агар мени севмаганида бу каби муножотни қилдирмас эди, деди.

Ҳа биз айтамиз: Аллоҳим сени бизга муҳаббатинг бўлмаганида бизни масжидингда жамламас эдинг. Агар бизга муҳаббатинг бўлмаганида бизга иймонни раво кўрмас у билан қалбларимизни зийнатламас эдинг. Бизлардан куфр ва гуноҳни ёмон кўрмас эдинг.

Аллоҳ таолонинг муҳаббатига муҳаббатимизни алмаштирмаймизми эй азизлар? Мана шу учинчи сабабдир.Ушбу уч восита билан ўзаро биргаликда муомала қилиб борсак қалбимизни эгаллаб олган ҳавои шаҳватларни ва мутаассиблигу муросасозликларни супириб ҳайдашимизга куч топа оламиз. Шунда қалб топ-тоза бўлади. Шунда қалб Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг муҳаббати учун покиза идишга айланади.

Аллоҳ сени яхши кўрганидан кейин сен ҳам уни яхши кўрсанг, мен сенга Аллоҳ таоло ўзининг муҳаббати ва бизнинг унга бўлган муҳаббатимиз шафоатига киргазиш ҳушхабарини бераман.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.”

Шайх Рамазон Бутий хазратларини бу насихатлари сизу биз учун жудаям манфаъатлидир.

Аллоху Таъоло хадийси қудусийда марҳамат қиладики:

«Эй Одам фарзанди! Дунё муҳаббатини қалбингдан чиқар. Чунки Мен Ўзимга бўлган

муҳаббат билан дунё муҳаббатини ҳеч қачон бир қалбда жамламайман.

Эй Одам фарзанди! Зикрим учун вақтингни ғанимат бил, Мен ҳам шунда сени

фаришталарим ҳузурида зикр қиламан.

Эй Одам фарзанди! Сенда ҳам, Менда ҳам хоҳиш бор. Лекин Менинг хоҳлаганим бўлади!

Эй одамлар! Ким Мен томон интилса, танийди. Ким таниса, Мени хоҳлаган бўлади. Ким хоҳласа, Мени талаб қилган бўлади. Ким талаб қилса, Мени топади. Ким топса, Мени эслайди.

Ким Мени унутмасдан эсласа, Мен ҳам уни эслайман, унутмайман.

Хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ Таъолога бўлган мухаббатимизни қандайлигини ҳар биримиз ўз қалбимизга назар қилсак, иншааллоҳ маълумотга эга бўламиз. Аллоху Таъоло ўз мухаббатини бизлардан дариғ тутмасин. Амийн.

Анваржон домла Ибайдуллаев
Олтинкўл тумани “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби