Аллоҳнинг улуғ неъмати

1007

Ҳар бир инсон учун берилган энг катта Аллоҳ таолонинг неъмати бу фарзанд неъматидир. Никоҳланган йигит ва кизнинг ҳам энг аввалги эзгу мақсади ширин – шакар фарзандларни дунёга келтириш, уларни чиройли тарбиялаб, жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлишини орзу қилади.
Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлган фарзанд кимга ато этилган бўлса, ҳар бир инсон унга шукр қилмоғи лозим, шукр қилишлик эса шу берилган фарзандларни Аллоҳ ва Унинг Расули рози бўладиган ва Халқни ҳушнуд этадиган қилиб тарбиялашдир.
Ота – она фарзанд тарбиясида аввало боланинг хаққини адо этиши лозим, яни фарзандининг қулоқларига азон айтиши, чиройли исм қўйиши, ақиқа қилиш ва энг асосийси бутун борлиқни Яратган Зот Аллоҳ таолони ва унинг Расули Муҳаммад с.а.в ни танитмоғи шулар жумласидандир.
Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Агар у ўз вақтида, яхши парвариш қилинмаса, тўғри ўсмай қолиши мумкин. Ота-онанинг вазифаси эса болага чиройли тарбия бериш, яхши инсон қилиб вояга етказишдир.
Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашганида, у зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан ниҳолларнинг ортиқча шохларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. У ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб яхши ҳосил бермайди. Оқибатда, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда тегади”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:
«Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа¬ беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда бундай келади:
«Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Имом Термизий ривояти).
Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Ота-она тажрибали табибнинг беморга нисбатан қилган муносабати каби бўлишлари керак. Албатта, солиҳ фарзандлар ўз-ўзидан вояга ет¬майди. Балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб, улғаяди. Болалар тарбиясига бепарво бўлмаслик керак. Акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, улар ёмон кишиларга аралашиб қолишлари мумкин. Лўнда қилиб айтганда, бола қалби оппоқ (турли ёзув ёзиш мумкин бўлган) қоғозга ўхшайди. Унга имкон қадар яхши ёзувлар тушириш керак. Фарзандларимиз яхши инсонлар бўлиб етишишлари учун улар тарбиясига чин ихлос билан киришиб, бор имкониятларни ишга солишимиз зарур.
Ҳар томонлама баркамол фарзандни вояга етказиш борасида улуғларнинг жуда кўп насиҳатлари бор. Уларда, энг олдин, болаларда шакллантирилиши керак бўлган яхши хислатлар бундай баён қилинади: Ислом, илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон, ватанпарварлик, адолат, муҳаббат, иффат, сабр, тилни (бўҳтон, чақимчилик, ғийбат кабилардан) тийиш, ибрат назари билан қараш, сир сақлаш ва ҳоказо.
Шу билан бирга, фарзандни ҳасад, манманлик, такаббурлик, ёлғон гапириш, алдаш, мунофиқлик, бахиллик, бекорчилик, жаҳл, ғазаб, ғийбат, беҳуда сўзларни гапириш, мазах қилиш, шаҳватга берилиш, сўкиш, тама қилиш, зулм, жоҳиллик каби ёмон хислатлар ривожланишидан муҳофаза қилиш зарурлиги ҳам айтилади.
Фарзанд инсонга ҳадя қилинган энг улуғ неъматдир. Шундай экан фарзандлар олдидаги бурчимизни виждонан адо этиб, уларни эл-юрт корига ярайдиган ўғил-қизлар бўлиб вояга етишига замин яратайлик.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар-бир ота-она ўз фарзандини ҳам маънан, ҳам жисмонан етук бўлишида масъулдир. Ана шу масъулиятни ҳис этиб, фарзандларини иймон-эътиқодли, виждонли этиб, ватанга садоқат, халққа ва дину диёнатга хизмат қиладиган руҳда тарбияласалар, бундай фарзандлар дунёю охиратда манфаат келтирадиган ва ота-оналарининг юзларини ёруғ қиладиган солиҳ фарзандлар бўладилар иншааллоҳ.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.