بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْاَمِين، وَعَلَى آلِهِ وَأصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ أَمَّا بَعْدُ

Аллоҳнинг зикри

    Алҳамдулиллоҳки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло бизларни мусулмонлар жамоасидан, Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати қилиб қўйган. Бунинг шукронасини адо қилиш имконсиздир. Шундай экан, бор имкониятимиз доирасида шукр қилмоғимиз лозим.

قال ابن جرير: حدثنا حميد بن جبير, حدثنا يعقوب عن هارون بن عنترة عن أبيه, عن ابن عباس قال: سأل موسى عليه السلام ربه عز وجل فقال: أي رب أي عبادك أحب إليك ؟ قال: الذي يذكرني ولا ينساني.

   Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Мусо алайҳис салом Буюк ва Ғолиб Раббисидан сўради:

  “Эй Раббим! Бандаларингнинг қай бири сенга маҳбуброқдир?”

  Аллоҳ таъоло жавоб берди:

  “Шу бандамки, у мени зикр қилади ва унутиб қўмайди”. (Ибн Жарир ривояти)

  Кимки Аллоҳ азза ва жаллага суюкли банда бўлишни хоҳласа кўпроқ зикр қилсин. Қуръони каримда шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا  وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб. 41-42).

  Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оят ҳақида шундай дейди:

   “Аллоҳ таоло нимани фарз қилса, унга чегара қўйган, кейин уни бажарадиганларга узрли ҳолатларни баён қилган. Аммо Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш учун чегара қўйилмаган. Нисо сурасининг 103 оятида: “Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!”, деб марҳамат қилган. Ақли ҳуши жойида бўлган  киши учун зикрни тарк қилишга узр йўқ.

  Аллоҳ таолонинг “Аллоҳни кўп зикр қилингиз”, деган сўзининг маъноси эртаю кеч, денгиз ва қуруқликда, соғлик ва касалликда ҳамда ошкор ва махфий “Аллоҳни зикр қилинг”, деганидир. Муфассир Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кўп зикр қилиш У Зотни ҳеч унутмасликдир” (Тафсири Бағавий китобидан).

  Бугунги кунда инсонларнинг қалбидан ҳаловат кўтарилиб кетгани барчамизга маълум. Пул бор, бошпана бор, нон бор, хотин, бола-чақа, ҳатто машиналар ҳам бор. Фақат хотиржамлик етишмайди. Биласизми сабаб нимада? Аллоҳнинг зикри камлигидан.

 الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд. 24).

 Ҳа, қалблар пул-молнинг кўплиги билан эмас, балки Аллоҳнинг зикри биландир.

وعن أبي هريرة رضي الله عنه عن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((مَن سبَّح الله دبرَ كلِّ صلاة ثلاثًا وثلاثين، وحمِد الله ثلاثًا وثلاثين، وكبَّر الله ثلاثًا وثلاثين، فتلك تسعٌ وتسعون، وقال تمام المائة: لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير – غُفِرت خطاياه وإن كانت مثل زَبَد البحر))؛ رواه مسلم.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

  “Кимки ҳар бир намознинг ортидан ўттиз уч марта Аллоҳни поклаб ёд қилса (субҳоналлоҳ), ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса (алҳамдулиллоҳ), ўттиз уч марта Аллоҳни улуғласа (Аллоҳу акбар), бас бу тўқсон тўққиз бўлур. “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” билан юзта тамом бўлур. Унинг хатолари агарчи денгизнинг кўпигича бўлса ҳам кечирилур”. (Муслим ривояти)

  Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

  “Икки хислат борки, мусулмон киши уни қилса, албатта, жаннатга киргай. У иккиси осондур, уларни қилгувчилар эса оздур:

  Ҳар намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. (Абдуллоҳ айтади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб турдим, бармоқларини букиб санар эдилар”). Бу – тилда бир юз элликта. Тарозуда бир минг беш юзта.

  Қачон кўрпасига кирса тасбеҳ айтади, ҳамд айтади ва такбир айтади. Тилда юзта, тарозуда мингта. Хўш, қай бирингиз бир кунда икки минг беш юзта саййиот қила олади?”

  “Ундай бўлса қандай қилиб уларнинг саноғини қилмас?” – дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

  “Бирингиз намоз маҳалида эканлигида шайтон келади. “Уни эсла, буни эсла!” деб айтади, токи чалғитади. Натижада қилмай қўйиши мумкин. Бирингиз ётар ўрнида бўлганида у яна келади. Уйқусиратиб, охири ухлатиб қўяди”. (Абу Довуд, Насаий ва Термизийлар ривоят қилганлар)

Улуғбек қори Йўлдашев

Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими