АЛЛОҲНИНГ СИНОВЛАРИ БИЗ УЧУН РАҲМАТДИР

896

Инсон ҳаёти паст ва баландликлардан, равон ва нотекис йўллардан иборат. У яшар экан умри давомида ана шундай синовлардан ўтади. Албатта, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдандир. Агар банда буни чуқур ҳис этса, бошига етган мусибатлар Аллоҳдан эканлигига иймон келтирса, бу унинг учун битмас-тугунмас яхшиликдир. Чунки ҳаётий дунёсида сабр қилгани учун яхши кунлар билан тақдирланади, охиратда эса баъзи гуноҳлари кечирилган ҳолатда бўлади.

Абу Саид ал-Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир чарчоқ, касаллик, ғам-ғусса, қайғу ёки бирор бир мушкуллик ва ҳаттоки зирапча киришидек мусулмонга бирор зиён этиши йўқ-ки, шу туфайли Аллоҳ унинг баъзи гуноҳларини ювиб юборади”, дедилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  мўминларнинг мусибат ва синовларга дуч келишларини таърифлар эканлар уларнинг сабр қилишларини айтадилар. Аксинча, ёмон инсонлар, фосиқлар бу балоларга сабр эта олишмайди ва синишади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин одам янги экилган ниҳол дарахтига ўхшайди, қайси тарафдан шамол эсса, у ана шу тарафга оғади ва шамол тўхтаган пайтда яна тик туриб олади. Худди шундай, мусулмон одам ҳам ҳар хил бало ва қийинчиликларга дучор бўлади (лекин у, Аллоҳ унинг қийинчиликларини кўтаргунича, сабр қилади). Ва ёмон фосиқ одам эса қарағай дарахтига ўхшаб қаттиқ ва тикка бўлиб тураверади, Аллоҳ уни ўзи хоҳлаган пайтда узиб (синдириб) ташлагунича”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар Аллоҳ бирор бир бандага яхшиликни раво кўрса, у одамга ҳар хил синовларни юборади”.

Кўпларнинг боши беморликдан чиқмаса, дарров тушкунликка тушишади, Аллоҳга нидо қилиб, “қайси айбим учун?”, деб зорланишади. Аслида, бундай ҳолатларда сабр қилиш ва дуода бўлиш талаб этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига разм солсак, у киши ҳам жуда кўп бетоб бўлганликларига гувоҳ бўламиз.

         Азиз биродарлар! Бугунги кунда барча инсонлар бошига келган бу касаллик ғайри мусилмонлар учун бир бало, биз мусулмонлар учун эса Аллоҳнинг бир синови бўлди.

Бу синовдан чиройлик ўтишимиз учун, сабабларни маҳкам ушлаб, Аллоҳга дуо қилиб бу синовдан чиройлик ўтказишини  сўрашимиз керак. Аллоҳим ўзи бу балосини барча мусулмонлардан аритсин ва бу синовидан мустаҳкам иймон билан ўтишимизни Аллоҳим ўзи насиб қилсин!

Сотволдиев Саидбурхон

Шаҳрихон тумани

Жўрабой

жоме масжиди имом хатиби