Аллоҳ сабрлиларни севади

968

Сабр барча фазилатларнинг асосидир. Сабр – Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишдир.
Ҳадиси шарифларда сабр уч қисмдан иборатлиги баён қилинган:

  1. Тоат ва ибодатларда сабрли бўлиш.
  2. Гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш.
  3. Мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиш.
    Абу Ҳурайра (р.а.) шундай деганлар: “Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “… Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур”. (Зумар,10) деб марҳамат қилган.
    Ибодатларни мукаммал адо этишда, барча гуноҳлардан сақланишда, Аллоҳ томонидан имтиҳон ва машаққатларга бардош беришда ирода ва қатъият билан нафсни жиловлай олиш сабрдир. Сабр имоннинг ярми бўлиб, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир. Зотан, “Албатта, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир” деб марҳамат қилган.
    Дарвоқеъ, ҳаётда банда доимо синовда бўлади. Гоҳ яхши ҳолатлар билан, гоҳо машаққат ва қийинчиликлар билан. Буларнинг барчасида доимо сабрли бўлиш талаб этилади. Сабрнинг олий даражаси фожеа содир бўлган мусибат етган пайтдаги илк дақиқалардаги сабрдир. Мусулмон каттаю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи гуноҳларига каффорат бўлиши айтилган.
    Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш, унинг суюкли бандасига айланиш инсон учун энг улкан бахт эмасми? Хўш, Аллоҳнинг муҳаббатига нима билан эришиш, Унинг розилигини қандай топиш ва жаннат деган олий неъматга нима билан эришиш мумкин дейилса, унга жавоб куйидаги Аллоҳ таолонинг оятидир. “Аллоҳ сабрлиларни севади”. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг муҳаббатига сазовор айласин.

Улуғбек Назиров

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой”

жоме масжиди имом-хатиби