Адашганларнинг оқибати

1164

Чимқалъа қишлоғида туғилган Шамсиддин Туранов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм эълон қилиниб, кучга кирди. Ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаган, куч-ғайратини Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги, оиласини таъминлаш учун сарфлаши мумкин бўлган йигит энди узоқ муддатга бола-чақасидан айри яшашга, жазо муддатини ўташга мажбур.
Тўғри, Шамсиддин суд жараёнида қилган ишидан пушаймонлигини, ўйламай, хато йўлга кирганлигини айтди. Онаси, икки ёш фарзанди борлиги, уларни иқтисодий таъминлаш зиммасида эканлигини айтиб, кечирим сўради. Лекин сўнгги пушаймон – ўзингга душман, дейдилар.
Аслида Шамсиддин ва у каби ғўр инсонларни қинғир йўлга бошлаганлар фақат уларнинггина эмас, балки юртимиз, халқимиз душманларидир.
Энди, у – отаси, икки акаси каби қамоқда ўтиришга маҳкум. Агар вақтида «кўзини очмаганида», яна бир акаси – Шоймардон каби Сурияга бориб қолган, не-не бегуноҳ инсонлар қонини тўккан бўларди.
Ҳар бир ақлли инсон, аслида, қай ишга қўл урмасин, қай йўлда юрмасин, аввал яхшилаб ўйлаши, ақл тарозисида тортиб кўриши зарур. Ким нима деса, ишониб, оқибатни ўйламай, иш бошлаш, номаълум йўлга кириш эса, ғофил бандалар учун азоб-изтироб, ғам-кулфат келтиради.
Шамсиддин отаси ва акалари каби синалмаган отнинг сиртидан ўтди. Намоз ўқишни ўргатаман, Ислом динидан таълим бераман, деб алдаган, ўзининг манфур, разил ниятларини яширган Мансур Бобоёров, деган кимсанинг ширин алдовларига учди. Ўзаро йиғилиб, «ош ейишлар», аслида, мияларни заҳарлаш, тўғри йўлдан адаштириш эди. Аввалига Шамсиддиннинг отаси – Нуриддин Туранов, акалари – Шоймардон, Муҳаммад, Яҳё ва уларнинг яна бир неча қариндоши Бобоёровнинг тузоғига илинишди. Яширин йиғилишлар пайтида, исломий давлат тузиш учун ундашлар, ҳар бир мусулмоннинг чин вазифаси ҳақидаги тарғиботлар замирида, аслида, қандай жирканч мақсад ётганини на ота, на ака-укалар ўйлаб кўришмади. Улар бирин-кетин «Туркистон Исломий ҳаракати»га аъзо бўлишди. Қасамёд этар эканлар, бу ҳаракатнинг мамлакатимизда, қўшни давлатларда таъқиқланганини хаёлларига ҳам келтиришмади.
Турановлар Россияга ишлаш учун боришгач, яна Бобоёровга дуч келишди. Суриянинг қонуний ҳукуматига қарши урушда қатнашаётган нопок ниятли кимсалар билан алоқада бўлган Бобоёров Турановлар, уларнинг қариндошларини Тожикистондаги мавжуд қонуний Ҳукуматни ағдаришга гиж-гижлай бошлади. Сурияга бориб, гўё азобда қолган Ислом аҳлига ёрдам беришга даъват этди. Кимдир бироз ўйланиб қоладиган бўлса, маккорлик билан ичган қасами урушини эслатди.
Қасам. Аслида, кўр каламушлар каби писиб бориб-писиб чиқиладиган яширин давраларда, ўзини яшаётган минтақаси амири, деб эълон қилган разил мақсадли инсон олдида ичилган қасам – қасамми? Турановлар, жумладан, кенжа Туранов – Шамсиддин нега бу ясама қасам урушидан қўрқишди-ю, мамлакатимиз ва халқимизнинг тинч ҳаётини бузишдан қўрқишмади? Нега, ҳатто, чегараларимизни қўриқлаётган ҳарбий қисмга ҳужум қилишнинг оқибатини ўйлашмади? Нега, Ватанимиз иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин туттган, минг-минглаб инсонларнинг узоғини яқин қилган – мустақиллигимиз меваси «Истиқлол» ва «Шаҳристон» туннелларини портлатишдек террорчилик амалларига рози бўлишди?
Россия ва Туркиядаги портлатишлар жаҳон аҳлини ғазабга солди. Бу портлашлар – террорчилик амаллари натижасида юзлаб бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлишидан юраклар ларзага тушди. Энди, тасаввур қилинг, «Туркистон Исломий ҳаракати» топшириқларини бажараётган кимсалар агарда тоғларимиз бағридан ўтказилган ҳаёт йўллари – туннелларни портлатишганда нима бўларди? Туннелдан ўтаётганда, мажақланган машиналар, фарзандларининг ҳузурига етиб бора олмай, жон берган ҳайдовчилар, йўловчилар, оғир яраланган одамларнинг оҳ-воҳи, қон дарёси… Бу фожиалар террорчилар кўзини кўр қилмайдими? Жаҳаннам азобига мубтало этмайдими? Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди! Ёлғон қасамнинг эса, заррача кучи йўқ! Ёлғон қасам урушидан эмас, эл-юрт лаънати, туғилиб-ўсган Ватанимиз нон-тузи кўр қилишидан қўрқмоқ лозим! Юртимиз тинчлигини кўролмаётганлар эса, разил ниятлари йўлида турли-туман йўллардан фойдаланишади. Жумладан, улар одамларни ота-боболаримиз эъзозлаб келган – Имоми Аъзам Абу Ҳанафа мазҳабидан тойдиришга бор кучлари билан интилишади. Аввало, ҳали Исломдан бехабар одамларни бошқача намоз ўқиш тарзига оғдиришади. Салафийларга эргашганлар, аввалига, мазҳабимизни бузишга уринишади ва сўнг, террорчилик амалларига қўл уришади.
Бобоёровнинг ўзи ва у тузоққа илинтирган ўн нафардан ортиқ ғофил инсонлар ҳозир қамоқхоналарда жазо муддатини ўташмоқда. Яна бир неча панжакентликлар олис Сурияга бориб, болалар, аёллар, кексалар, қуролсиз инсонларнинг қонини тўкишди. Улардан айримларининг ҳалок бўлганликлари ҳақида хабарлар олинган, қолганларининг тақдири номаълум.
Алдангани, тўғри йўлдан адашганини тан олганлардан яна бири – Шамсиддин Туранов устидан ҳукм чиқарилди. Биз унга ўхшаган инсонларнинг Ислом номидан иш кўриб, аслида Ислом дини қоралайдиган қаттол амалларга бошлаётган ёвуз ниятли кимсалар алдовига учиб қолмасликларини истаймиз. Фарзанди олдидаги ўз масъулиятини ҳис қиладиган ҳар бир ота-она ўғли ё қизининг ким билан борди-келди қилаётганини, қайси давраларда ўтириб-тураётганини билиши шарт! Россияга ишлаш учун жўнаб кетаётган фарзандлари тақдиридан ҳам худди шундай огоҳ бўлишлари зарур. Акс ҳолда, «Менинг ўғлим намоз ўқишни ўрганяпти, деб юрган эканман», – дея қилинган пушаймонлар фойда бермайди…

А.Усмонов