Aқида – диннинг асосидир

1085

Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури билан мунаввар қилишидан олдин одамлар турли-туман эътиқодларда эдилар. Асосан, ақидалар хурофий гаплар ва тасаввурлардан иборат эди. Баъзилар жинларга, ўтганлар руҳига, тош-ёғочдан ясалган санамларга, дарахт, ҳовуз ва кўлларга уларда илоҳий куч бор, деб эътиқод қилиб, сиғинарди. Ҳатто самовий дин ҳисобланган яҳудийлик ва насронийлик динлари ҳам инсонлар томонидан ўзгартирилиб, ягона Аллоҳга сиғиниш ғояси, соф илоҳий таълимот асослари деярли йўқ бўлиб кетганди….
Ислом келиб, мазкур ақийдаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Муслмонлар ўз ақийдаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлаётган оят ва ҳадислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бошқа нарса ҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқар эди”.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим оятларини қабул қилиб олиб, омонат билан умматларига етказиб турдилар. Мусулмонларнинг дастлабки авлоди бўлган саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзни катта эҳтимом билан қабул қилиб олар эдилар. Улар ўз Пайғамбарларидан ўрганган ҳар бир оятга амал қилмай туриб, бошқасини олмас эдилар….
Дастлаб иймон эътиқод, тавҳид ва ширкдан йироқ бўлиш ҳақидаги таълимотларни ифода этувчи оятлар нозил бўлди. Кейин мўмин мусулмонларнинг ахлоқ одоби хақидаги оятлар нозил бўлди. Шу билан бирга, куфр ва ширкнинг ёмонлиги ҳамда кофир ва мушрикларнинг кирдикорларини баён қилувчи оятлар ҳам нозил бўлиб турди.
Мусулмон бўлган кишилар қалбидан ширк ва куфрнинг таъсири ювиб ташланганидан ва тавҳид ақидаси жой олганидан кейингина намознинг фарзлиги ҳақидаги оятлар нозил бўлди. Бу улкан ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига қарийб ўн йил тўлганидан сўнг содир бўлди. Оятларнинг мана шундай тартибда нозил бўлишининг ўзи, аввало, ақидани тўғирлаб олиш муҳим эканини англатади. Чунки Исломда ҳамма нарса соф ва мустаҳкам ақида асосида бўлади.
“Ақида” сўзининг ўзаги луғатда “ақд” яъни “тугиш”, “боғлаш”, “маҳкамлаш” маъноларини англатади. “Ақида” сўзининг шаръий атамаси эса “бирор нарсага шак-шубҳасиз даражада қатъий ишониш”га айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади. Агар нотўғри бўлса, ботил ақида саналади. Худди Аҳли сунна вал жамоа ақидаси – тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса – ботил ақида деганга ўхшаб.
Ақида илми – охиратда нажот топишда аҳамиятли эканлиги сабабли ҳар бир киши ўрганиши вожиб бўлган илмдир. Кимнинг ақидаси тўғри бўлса, имони тўғри бўлади ва охиратда омонда бўлади. Кимни ақидаси тўғри бўлмаса, бунинг акси бўлади, Аллоҳ сақласин.
Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида ижобат бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа ибодатлар унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир.

Асос бўлмаса, ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди.
Шу сабабли ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғри талқин қилишга бағишладилар. Чунки ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг зот ва сифатлари, тавҳид, дунё ва охират тўғрисидаги исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, фаришталар, илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашгачгина, пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган.
Мусулмонларни нотўғри эътиқоддан асраш, соф эътиқод ила тарбия қилиш бугунги куннинг долзарб масаларидан бири бўлиб келмоқда. Эътиқодда адашиш, озгина билган нарсасига маҳкам ёпишиб олиб қолганларни сўзини қабул қилмаслик, илмсиз равишда билмаган нарсасига, танимаган шахсларга эргашиш кўпгина кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммамизга маълум. Ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб, бало офатларнинг сабабларидан бири ҳам ақидада адашган, оз билган нарсасига ёпишиб олган замона хаворижлари ҳисобланади…
Ақидада адашиш ва ҳаддан ошишнинг асосий сабаби билимсизлик ҳисобланади. Билимсизлигини тан олмаслик эса балонинг бошидир.
Ҳалил ибҳ Аҳмад айтадилар:
Инсонлар тўрт хил бўлади:

  1. Билади ва билишини ҳам билади. У олимдир, унга эргашинг.
  2. Билади, аммо билишини билмайди. У ғафлатда уни уйғотинг.
  3. Билмайди ва билмаслигини ҳам билади. У йўл бошловчига муҳтож, унга йўл кўрсатинг.
  4. Билмайди, билмаслигини ҳам билмайди. У — жоҳил, ундан узоқ бўлинг.

Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр бобомиз айтганларидек:
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб:

  1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.
    Аллоҳ таолога иймон келтириш ҳақида сўз юритайлик.
    «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтирмоқ лозим….
    Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатлари бор. Ана шу сифатларга иймон келтириш лозим ва лобуддир..

Албатта, уларга иймон келтириш уларга зид бўлган сифатлардан Аллоҳ таолони поклашни ҳам тақозо қилади.
Аллоҳга иймон масаласи икки марҳалага бўлинади:
Биринчиси: Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий мавжудлигига иймон келтириш.
Иккинчиси: Аллоҳ Ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, исмларида ҳам, ишларида ҳам, ҳукмларида ҳам ёлғизлигига, шериги йўқлигига иймон келтириш.
Худди Аллоҳнинг Ўз сўзида: «Унинг шериги йўқ. Ана шунга амр қилиндим ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман», деганидек (Анъом сураси, 163-оят).
Аҳли сунна вал жамоа ақийдаси бўйича машҳур матнлардан бири бўлмиш «Ақоиди Таҳовия»да Аллоҳ таолога иймон келтиришда лозим деб саналган бандлар ила танишамиз:

  1. Албатта, Аллоҳ бирдир, Унинг шерига йўқдир.
  2. Унга ўхшаш нарса йўқдир.
    Шарҳ: Яъни Аллоҳга Унинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам ҳеч бир ўхшаш нарса йўқ. Махлуқотлардан ҳеч бири Аллоҳ таолога хос хусусиятлар билан сифатланмайди, махлуқотлардан ҳеч бири У Зотга Унинг сифатларининг бирортасида ўхшатилмайди.

Бунга далил:
«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У Зот эшитувчи, кўрувчи Зотдир» (Шууро сураси, 11-оят).

  1. Ҳеч бир нарса Уни ожиз қила олмас.
    Шарҳ: Яъни Аллоҳ таолонинг қудрати баркамоллигидан ҳеч бир нарса Унинг қиладиган иши ёки ҳукмини ман қила олмайди.
    Бунга далил эса:
    «На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У Зот билувчидир, қодирдир» (Фотир сураси, 44-оят)
  2. Ундан бошқа илоҳ (ибодатга сазовор зот) йўқдир.
    Шарҳ: Ушбу калима – тавҳид калимаси бўлиб, барча набийлар шунга даъват қилгандирлар. Ушбу калима ила одам ширк зулматидан чиқиб, иймон нурига кирадир.
    Далиллар:
    «Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» (Бақара сураси, 163-оят);

«Бас, билгин, албатта, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» (Муҳаммад сураси, 19-оят).
«Аллоҳ, фаришталар ва илм эгалари адолат ила туриб гувоҳлик берурларки, Азийзу Ҳакийм бўлган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир» (Оли Имрон сураси, 18-оят);

  1. У ибтидосиз қадимдир, интиҳосиз доимдир.
    Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг вужудга келишининг бошланиши йўқдир ва Унинг ниҳояси ҳам йўқдир. Вужудга келишининг бошланиши ва ниҳояси бор ҳар бир нарса янги пайдо бўлган ва яратилган бўлади.
    Tўғри ақидани ўрганиш инсонни адашишдан, ширкдан ва залолатдан сақлайди. ақидани билмаслик эса инсоннинг гумроҳ бўлиб қолишига сабаб бўлади….

Ҳар кимга тавҳид ва ақида илмига доир бирор мушкил масала учраб қолса, то бирор олимни топиб, сўраб, аниқлаб олгунига қадар: «Аллоҳнинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилдим» – деб туриши зарур. Олимни излашда тахир (кечиктирмагай) этмагай. Тахирга қўйса узри қабул этилмас. Агар излашдан тўхтаса, иймонига путур етади, кофир бўлади…

Ҳозирда пайдо бўлган баъзи тоифалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаган аввалги уч асрда яшаб, таълим олиб, умматга пешқадамлик қилган Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламоларимиздан хато излаш пайида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, неча асрлардан буён мусулмон олами бир овоздан имом Абулҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олганлар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!

Манбалар асосида

Мухаммадкуддус Абдухалимов

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом-ноиби