Экстремизм ва террорчилик бутун дунёни ташвишга солмоқда. Фитна ва фасод ҳар давр ва ҳар замонда ҳам бўлган эса-да, йигирманчи аср охирлари ва йигирма биринчи аср бошларига келиб унинг хавфи шунчалар оммавий бўлиб кетдики, бунга кўпроқ интернет тармоқларининг ҳудуд билмаслиги кўпроқ сабаб бўлди.
Барча бузғунчи мафкуралар ўзларининг ғояларини интернет орқали кенг ёймоқдалар ва ўзларига динни ниқоб олишлари соф диний тушунчага етарли эга бўлмаган ёшларни тузоққа илинтиришга қулай восита бўлмоқда. Бу бизларни ташвишга солмай қўймайди. Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида бу борада шундай деган:
“Бугунги кунда халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар кучайиб бораётгани бутун инсониятни, жумладан, бизни ҳам қаттиқ хавотирга солмоқда. Бундай мураккаб шароитда юртимизда ва минтақамизда тинчлик ва осойишталикни асраш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда”. (Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқидан. 2018 йил)
Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.
Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.
Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак яхши, ёмонликка ишлатсак ёмон нарсага айланади.
Хусусан ёшларимизнинг интернетдан қандай фойдаланиши бизларни бефарқ қолдирмаслиги керак. тўғри, уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатларини мутлоқ кузатиб боришнинг имкони йўқ. Доимий кузатув фақат Аллоҳгагина хос. Шундай экан биз уларни ҳар соҳада бўлгани каби интернет тармоқларида ҳам тўғри йўлларга йўналтиришимиз лозим. Хусуан экстремизм ғояларининг асл мақсадлари ҳақида омматан чиқишлар қилиб, асл диний тушунча ҳақида кенг кўламда тушунча бериб боришимиз лозим, токи ёшларимизнинг диний тушунча ҳақидаги қизиқишларига ўзимиз етарли маълумотлар тақдим эта олайлик.
Шунингдек, экстремизм ҳақида тушунча бериб бориб, уларнинг кридикорларини фош қилиш ҳаммасидан ҳам муҳимроқ. Маълумки, диннинг қандайдир бир йўналишини бузиб талқин этган ҳолда сиёсий мақсад қўювчи ҳаракат диний экстремизмга олиб келади. Диний экстремизм қандай номланмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга киритишдир.
Умуман, «фундаментализм», «фанатизм» «экстремизм», «терроризм», каби сўзлар том маънода ҳокимият учун курашувчи ижтимоий-сиёсий гуруҳ ва оқимларга тегишли бўлиб, жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга мос келмайдиган, уларга зид бўлган ҳаракатларни ифодалайди.
Ўз мақсадларига эришиш учун барча экстремистлар зўравонлик, яъни террорчилик ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан омма ичида қўрқув пайдо қилиш ва ўзларининг кучларини кўрсатиш орқали ҳукуматга босим ва тазйиқ ўтказишга интиладилар.
Бу борада иқтисодни турли йўллар билан (диверсия, қишлоқ хўжалиги ва саноат манбаларини издан чиқариш) таназзулга учратиш орқали ҳукуматни кучсизлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилади.
Шаҳобиддин Парпиев
Асака туман бош имом-хатиби