Тўйларимиз ҳақидаги ўйларимиз!

985

Барчамизга сир эмаски, ёз ва куз фасллари юртимизда тўйлар, турли маросим-тадбирлар ўтказиладиган мавсум ҳисобланади.

Кейинги пайтларда ўтказилаётган ушбу тадбирларда, айниқса, тўй-тўркинларда дабдабага берилиш, исрофгарчилик ва менталитетимизга тўғри келмайдиган одатлар тез-тез кўзга ташланиб, қулоққа чалиниб турибди.

Бу каби жамият орасида учраб турган иллатларга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Тўйларни тартибга солиш, ихчамлаштириш ҳамда ортиқча исрофга ишлатилаётган ўша маблағларни янги ташкил топган ёш оилаларни келажаги, бахти, фаровон ҳаёти йўлида сафарбар этиш ишлари анча жонланган ва тартибли йўлга қўйилмоқда. Бу каби ҳайрли ишларда Юртбошимизнинг ўзлари юртнинг бошида турганлари қувонарли ҳолат, албатта! Давлат раҳбари жойларда ташкил этилган бир неча суҳбатларида бу мавзуга куйунчаклик билан тўхталиб ўтди. Тўғри-да, ривожланган давлатлар билан тенгма-тенг рақобатлашиш йўлида шаҳдам қадамлар билан одимлаётган ўзбек халқини арзимас ҳою ҳаваслар, дабдабали тўй қилиш билан овора бўлиб қолгани ҳунук ҳолат.

Тўй тадбирларни рисоладагидек ўтказиш ва бу ишга кенг жамоатчилик фикрини жалб этиш йўлида бир қанча амалий ишлар қилинди. Ойнаи жаҳон орқали кўплаб маърифий дастурлар, газета ва журналларда турли мақолалар, радиоларда эшиттиришлар кўпчиликни ҳукмига ҳавола қилинмоқда.

2018 йил 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг ҳотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 30 мартдаги тегишли қарори асосида Республика ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикри ўрганилди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июнда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг ҳотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Кўриб турганимиздек, бу борада талайгина ишлар қилинган.

Пайғамбаримизнинг даври саодатларига бир назар

Саҳобаи киромларнинг катталаридан бўлмиш Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан тўйни қандай қилиш ҳақида маслаҳат сўраганида, Пайғамбаримиз: “Битта қўй сўй”, деган эканлар. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қийинчилик бўлмасин деган мақсадда шундай деяптилар деб ўйлаб: “Мен бир неча қўй сўйишга қодирман”, деб бир-икки қайтарибди. Шунда Сарвари коинотимиз: “Эй молинга Ҳудо барака бергур, битта қўй сўйгин” деб танбеҳ берган эканлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам қўйлари кўп бўлган Соҳабаи киромга биттагина қўй сўйишга буюрганликлари остида ҳикматлар жуда ҳам кўпдир.

  1. Бошқа соҳабаларни тўй қилишликда қийланмасликлари учун.
  2. Келажакдаги умматларини ташвишларини қилганлар.
  3. Қўйлари кўп бўлсада рухсат бермадилар.
  4. Исрофни олдини олганлар.
  5. Илм-фан исботладики кўй гўштини истеъмол қилган инсон, табиатан юмшоқ (ҳалим) бўлар экан.

Бу эса кўриниб турган ҳикматларидан баъзилари, биз билмаган қанчадан-қанча ҳикматлари бор.

Тўйларимизга бир назар солсак, ҳозирги кунда бизларнинг маросимларимизда ким ўзарлик ва хўжа кўрсин ишларимиз жуда-жуда кўпайиб кетди. Эшитиб, гувоҳи бўлиб қоламиз. Тўйдан олдин келин-куёв ҳаммани олдида рақс (валсга) тушишлик учун махсус машғулотларга борадилар ва бу ҳам етмагандек тўй куни ҳаммани олдида тўйдан олдин қайсидир бирин бурчакларда юрганини (ажнабий тилда “Love Story” яъни “Севгимиз тарихи” деб) тасмага тушириб катта экранларда намойиш қиладилар. Аслида уйланаётган йигитларимизда, турмушга узатаётган қизларимиз тушунчасида маҳрам-номаҳрам деган ота ва она маъсулиятига қараш жуда ҳам оздир. Дабдаба билан тўй қилаётган куёв тўрадан маҳрга нима олгансиз деб сўралса, мазҳабимизда лоақал маҳрнинг энг озига ҳам етиб бормайдиган бир узукни кўрсатади ёки тўйдан кегин маҳрини бериб қўяман деган, “эсидан чиқиб қоладиган” гапни айтадилар. Минг афсуслар бўлсинки маҳрни адо этиш келиннинг ҳаққи бўлиб, куёв тўранинг беришлиги вожибдир. Қуръони карим оятларида бир неча жойларида Аллоҳ таолонинг ўзи марҳамат қилган амаллардандир. Ҳозирги кунда шу даражада бепарво бўлиб кетдикки, зарур амал қолиб беҳуда ишлар билан овворамиз. Асосий эътиборни қилаётган издахомимиздаги дастурхонларимизга қаратамиз.

Ҳаддан ошишлигимиз юқори даражага чиқди. Олдинлари оддий нон қўйган бўлсак, ҳозирги вақтда ёғли нон, гўштли нон, тан олиб айтишимиз керакки қорнимиз оч қолган вақтда ҳам иккиланиб ейдиган оқ унда бўлган ва қора унда бўлган бўлка нонларни ҳам дастурхонда кўриб, исрофдан бошқа нарса эмаслигини биламиз, ваҳоланки бу кесиб қўйилган бўлка нонларнинг бир кесими ҳам ейилмади-да. Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони каримда:

إِنَّهُ لا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

 Албатта У Зот (Аллоҳ таоло) исроф қилгувчиларни севмас.Аъроф сураси 31оят)

Яна бошқа ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қиладилар:

إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

Албатта Аллоҳ таоло тажоввузкорларни (ҳаддан ошувчилар) ҳуш кўрмас. (Бақара сураси 190оят)

Бизлар қилаётган тўйларимизда бир неча ояти карималар ва ҳадису шарифларга амал қилмаслик кўзга ташланади.

Аслида тўй-тўркинларимиз қандай ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади?

Ҳулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳар бир ишни Аллоҳ учун қилишни шакллантиришимиз керак. Биз қилаётган тўйларимиз сабабидан кам таъминланган оилалар тўй қилишлик вақтиларида ўксинмайдиган, қийланмайдиган тўй қилсак айни мақсадга мувофиқ бўлади. Шундай камтарона маросим ўтказайликки, бизга қараб бошқалар дарс олсинда ва сафимизга қўшилсин.

Асадуллоҳ Азимов

Андижон шаҳар “Жиддаи Муборак”

жоме масжиди имом ноиби