Асримизда инсоният келажагига хавф солиб турган энг хатарли иллатлардан яна бири ОИТС (СПИД) касаллигидир. ОИТС (СПИД) касаллиги дарди бедаводир. Ҳозиргача бу дарди бедавога бирон чора топилгани йўқ. Агар инсон Аллоҳнинг амрини бажаришдан бўйин товласа, унинг ҳаром қилган ишларидан ҳазар қилмаса, Яратган унинг бошига турли бало ва офатларни солади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида қуйидагича айтилади: “Қайси бир қавмда зино авж олса, Аллоҳ таоло ўша қавмга бир балони юборадики, бу балони уларнинг ота-боболари ҳам кўрган эмас”. Маълумки СПИД касаллигини келтириб чиқарувчи энг асосий омил – зинодир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир” (Ал-Исро, 32) деб марҳамат қилган.

“Яқинлашманглар”, деган сўзда кенг маъно бор. Зинога яқинлашмаслик – унга олиб борувчи сабаблардан сақланишдир, яъни кўз, қўл, қулоқ ва бошқа аъзолар зиносидан ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Қуръони каримда ҳам кўзни юмиш фаржни сақлашдан олдин келган: “(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”. (Нур, 30) Зино ҳаром, шунингдек унга олиб борувчи барча сабаблар ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “(Аллоҳ) кўзларнинг ҳиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам билур”. (Фотир, 19).

Аввало, зинокор ўзига ҳиёнат қилган бўлади. Чунки  бу гуноҳи орқали ўзини дунёда турли касаллик ва маломатларга, охиратда эса аламли азобга дучор қилади. Қолаверса, бу ўз оиласига ҳам ҳиёнатдир. Чунки ўзининг жуфти ҳалоли унга ишониб, вафо ила муомала қилсаю, у  садоқат билан жавоб қайтармасдан турли ифлос йўлларда юриши  инсофсизликдир. Зино – бошқа мўминларнинг иффат ва обрўларига ҳиёнатдир. Чунки ҳеч бир киши ўз яқинлари билан зино қилишга рози бўлмайди. Зинокорлик келажак наслларга ҳам ҳиёнатдир. Жирканч ишга мубтало бўлган ота-она сабабли майиб-мажруҳ, ақли заиф, ногирон фарзандлар туғиладилар. Улар умрининг охиригача машаққат билан ҳаёт кечирадилар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғончига чиқаради”.

Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Али, назарни назарга эргаштирма, биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир”, деганлар. Дарҳақиқат, биринчи қарашда зарур мақсад хосил бўлади. Аммо кетма-кет қарашлик шаҳват қўзғатади. Шунинг учун биринчи назар тушишлиги мубоҳ бўлса, кейинги қараш ҳаром ҳисобланади. Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир инсон бир аёлнинг гўзалликларига назар солсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади”, деганлар. Зинонинг ҳамда бир эркак ва аёлнинг бир уйда қолишларининг олдини олиш мақсадида Аллоҳ таоло бировнинг уйига сўраб киришга буюрди. Бу ҳам зинога сабаб бўлгувчи бир ишнинг олдини олади.

СПИД касаллигини келтириб чиқарувчи омиллардан яна бири гиёҳванд моддаларни игна орқали олишдир. Гиёҳванд модданинг ҳар қандай тури шариатда ҳаром. Зеъро, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларда: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деб марҳамат қилганлар. Мабода гиёҳвандлик моддалари ароқ каби маст қилмайди, деб эътироз билдирувчилар топилса, уларга жавоб шуки, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи  нарсаларни истеъмол қилишдан ман этганлар”. Гиёҳванд моддаларнинг бўшаштирувчи, заифлаштирувчи  эканлигида шубҳа бўлмаса керак. Гиёҳвандликнинг ёш авлод тарбиясига етказадиган зарарлари жуда аянчлидир. Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка илк бор қадам қўйишлик ёшларда кўпроқ 11 ёш билан 17 ёш ўртасида  кузатилади. Шу ёшда уларни жиловлаб олинса, фожиани олди олинган бўлади. Бунинг учун фарзандларимизни ким билан юргани, дўсти кимлигига назар солишимиз керак бўлади. Шу маънода форсча байт ёдга келади:

Ёри бад баттар бувад аз мори бад,

Ба хаққи зоти пок Аллоҳус сомад.

Яъни: Ёмон дўст ёмон илондан ҳам ёмонроқдир.

           Зоти пок Аллоҳус сомадга қасамки,

Ёри бад орад туро сўйи жаҳим,

Ёри неку гир то ёбе наъим.

Яъни: Ёмон дўст сени жаҳаннам сари  етаклайди.

           Яхши дўст орттиргинки, жаннати наимни топасан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сиздан ким ёмон мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир” – деганлар. “Мункар иш” – “ёмон иш, қайтарилган иш” деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир. Азизлар! Нўмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллохнинг ҳадди чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли, худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга хожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўлар экан” дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривояти). Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, у моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тешиб ғарқ этишга уринаётган жоҳиллардирлар. Агар кўплашиб уларнинг қўлларидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарурдир. Асримиз вабоси бўлган СПИД, гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш, уларни моддий – маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

Искандар домла Ортқов,

Олтинкўл тумани “Оқ масжид”

жоме масжиди  имом-хатиби