Закот – мусулмон киши зиммасидаги фарз ибодат бўлиб, Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш ва Унга яқин бўлиш ниятида адо этиладиган молиявий ибодатдир. Закот – Ислом динининг асосий беш рукнларидан биридир. У ибодат бўлгани учун ҳам мусулмон бўлмаган кишиларга фарз ҳисобланмайди. Закот мусулмон одамнинг бойлигининг қолган қисмини ҳалоллайди, молига барака олиб келади ва Аллоҳ таоло берилган закотнинг ўрнини тўлдириб қўяди. Айрим инсонлар закот вақти келганда ҳийла қилишни бошлайди. Бу ҳийлалари ўзлари учун зарардир. Закоти берилган бойлик Аллоҳнинг паноҳида бўлади.

Шу ўринда сизларга ҳаётий бўлган бир воқеани айтиб берсам. Уни Аллоҳ раҳмат қилсин борди-келди қилиб турадиган ёши улуғ бир ҳожи тоғамиз айтиб берган дилар. Улар вилоятимиздаги туманларнинг бирида яшардилар. Бир куни сой бўйларида қўй боқиб юрган чўпонни кўриб қолибди. Чўпон бир қўра қўйларни тез оқаётган сойга хайдармиш, қўйлар бирин кетин сойга тушиб, нариги тарафига ўтиб, ўтлаб келишарди.

Ҳожи тоғамиз ҳайратланиб чўпон йигитдан:

-Нега қўрқмасдан қўйларни сойга ҳайдаяпсиз? ахир сув оқизиб кетса қўйларингиздан ажралиб қоласизку?! – деб сўраб қолибди.

-Тўғри ҳожи тоға сув оқизиб кетиши мумкин, лекин мени қўйларимни сув оқизмайди.

-Нима сабабдан? – деб сўрабди, ҳожи тоға.

-Мен қўйларимни ҳар доим шундай боқаман. Бирор марта ҳам ақалли қўйларимдан бирортаси нобут бўлмаган, чунки мен уларни закотини вақтида бериб тураман, – деб жавоб берибди.

Сизларга бўлган ўтган бошқа бир воқеани айтиб берсам. Бир намозхон акамиз боғидан олган  ҳосилини  ушрини  вақтида бериб  турар экан. Ҳозирги даврда мевалардан  ушр берилмаяпти. Чунки меваларни чет мамлакатларга юбориляпти. Мевалар ушрини нақд пул ҳисобида ҳисоблаб  бериляпти. Акамиз ҳам сотган мевасини ушрини чиқариб олиб қўйибди. Кунлар ўта бошлабди, лекин ҳалиги ажратиб қўйилган ушр пули ёдидан кўтарилибди. Бир куни қаттиқ шамол бўлиб уйининг том қисмидаги шиферлари учуб кетибди. Тезда бозорга бориб шиферлар  олиб усталарни чақириб уйларини таъмирлатибди. Усталарни ҳам рози қилиб уйларига кузатиб қўйибди. Энди  бир ҳисоб-китоб қилиб қўяйин деб ҳаражатларни ҳаммасини ҳисоблаб чиқса, ажойиб рақамларни кўрибди. Чунки ушбу сумма ўзи ушр учун олиб қўйган сумма билан бир ҳил эди. Аллоҳнинг мўъжизасига яна  бир бор қойил қолиб, ўзининг эътиборсизлигини тан олибди.

Барчамизга ушбу кунларни ғанимат билиб, закот ва ушрларимизни тезроқ аъдо этишлик насиб этсин.

Нурилло домла Бойматов

Андижон туман 

“Файзибой ҳожи” жоме масжиди

 имом-хатиби