ҲИЗБЧИЛАРНИНГ УЧТА БОТИЛ АҚИДАСИ ВА УНГА РАДДИЯ

107

  Аллоҳ таолонинг “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон сураси 103-оят. Тафсири ҳилол) оятига ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “кимки жамоатдан ажраб кетса, бас, бўйнидан ислом бўйинбоғини ечиб ташлабди” (Сунани Абу Довуд 4597) ҳадисига зид тарзда, умматни парчалаш, бирдамлигига путур етказиш ишларида жонбоз тоифалардан бири – ҳизбут-таҳрирнинг Китоб ва суннат таълимотига терс қарашларидан “борлиқда Аллоҳдан бошқа яратувчи бор, Аллоҳ ҳамма нарсани билмайди ва Аллоҳнинг иродаси мутлақ ғолиб ирода эмас” деган даъволаридир.

  Тўғри, ҳизбчилар бу эътиқодларини очиқчасига, омма тушунадиган содда тилда айтишмайди. Балки, авомга нотаниш, мураккаб  айёрона услубда баён қилишганки, уни ақоид илми ва унинг истилоҳларидан бехабар кимсалар илғаб олиши мушкул. Шунинг учун ҳам кўпчилик, ҳатто ҳизбга “ҳавас” қилиб сафига қўшилганларнинг аксари ҳам ҳизбнинг асл юзини кўра олмайди. Уларнинг Аллоҳнинг Зотига доир бузуқ эътиқодлари борлигини сезмайди. Ҳизб адашмаган, ҳизб тўғри йўлда, ҳизб ҳақ бошқаси ноҳақ, деб ҳаёл суриб юришади. Аслида эса бу хомҳаёл. Аммо ҳизб орасида юқоридаги масалаларни батафсил биладиганлари ҳам йўқ эмас, бироқ уларда илм бўлса бордир, лекин илмнинг манфаати йўқ.

Хозир биз сизга ҳизб жамоасининг бош манбаларидан бири “Ислом низоми” китобидан юқоридаги ботил ақидавий тушунчаларини исботлаб, кўрсатиб берамиз:

Ҳизб асосчиси Тақиюддин Набаҳоний ўзи ўйлаб топган фирқаси учун дастур қилиб ёзган “Ислом низоми” китоби “ҚАЗО ВА ҚАДАР” бобини очар экан, муқаддимада Қуръондан еттита оят келтириб, ўзининг қуйидаги фикрини илова қилади: “бу ва бунга ўxшаш оятларни кўпчилик “Қазо ва қадар” масаласига далил қилиб келтирадилар. Шундай далил қилиб кўрсатадиларки, бу далилдан гўë инсон қилаëтган ишларида мажбур қилинаëтгандай, қилаëтrан ишларини Оллоҳнинг иродаси вa хоҳишининг мажбурияти остида амалга ошиpаëтгандай вa гўё инсонни ҳам, унинг қиладиган иши-амалини ҳам Oллоҳ яратгандай — амалга оширaётrандай бўлиб кўpинади. Улар ўз сўзлари ва даъволарини Оллоҳнинг ушбу сўзлари билан таъкидламоқчи бўладилар:

و الله خلقكم و ما تعملون

  “Сизларни ҳам ва амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган” (Соффат сураси 96)”.  (Тақиюддин Набаҳоний. Ислом низоми. “Қазо ва қадар” боби. 17-Б).

Бу матн Ҳизбнинг “Ислом низоми” рисоласидан олинган иқтибос бўлиб, хозир бирма-бир бу матнни таҳлил қиламиз ва натижада ҳизбнинг асл юзини очамиз:

  Биринчи ибора: “бу ва бунга ўxшаш оятларни кўпчилик “Қазо ва қадар” масаласига далил қилиб келтирадилар.” Бу иборада кўзда тутилаётган оятлар оли Имрон сураси 145-оят, Аъроф сураси 34-оят, Ҳадид сураси 22-оят, Тавба сураси 51-оят, Сабаъ сураси 3-оят, Анъом сураси 60-оят, Нисо сураси 78-оятлардир. Ҳизб асосчиси бу оятларни қатор келтириб, аслида бу оятларни ислом умматидан кўпчилик “Қазо ва қадар” масаласига далил қилиб келтиришини айтади. Ва ўзи ўша кўпчиликка қўшилмаслигини билдиради. Ва ҳолбуки Исломда кўпчилик томонда туришга буюрилганмиз. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ муснадларида келтирган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилган:

عليكم بالجماعة

  “Жамоатни маҳкам тутинглар”. (Мишкот ал-масобиҳ 1- Ж. 31 – Б.) Ҳадис зоҳирига кўра мусулмон киши доим эътиқодда катта жамоат тарафда бўлиши керак, чунки ҳақ кўпчилик тарафда бўлади. Аллоҳ таоло бу умматни залолатда жамламайди.

  Набаҳоний қатор келтирган оятларни бирма-бир келтириш мақолани катталаштириб, ўқувчини малоллантириб қўйишини ҳисобга олган ҳолда ўша оятларга кўпчилик тарафдан берилган тафсирлар хулосасини умумлаштириб келтириш билан кифояланамиз: юқоридаги оятларнинг хулосаси шуки, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ белгилаб қўйган ва у ўзгармайди, инсоннинг ҳар бир иши, унга етган яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Лавҳ ул-маҳфузда битиб қўйилган. Ислом низомида келтирилган оятлар “Қазо ва қадар” борасида зоҳиран шу хулосани беради. Лекин бу оятлар мадлулини ҳизбчи Набаҳоний очиқчасига тан олмаган ва ўз мантиғига таяниб инкор этган.

  Аҳли сунна таълимотига кўра, оламда содир бўладиган барча ҳодиса-воқеалар азалдан Аллоҳ таолога маълум. Аллоҳ Ўзининг Илм сифати билан ҳамма нарсани олдиндан билган ва шу илмига биноан Лавҳ ул-маҳфузга ёзган. Масалан фалончи кофир бўлади, пистончи эса иймон йўлини танлайди ва ҳоказо. Аллоҳ Ўз илми билан оламдаги воқеаларни олдиндан Лавҳ ул-Маҳфузга ёзиши “қазо” яъни Аллоҳнинг ҳукми дейилади. Ўша ёзилган ишларнинг вақти билан воқеликка чиқиши эса тақдир дейилади. Оламда содир бўлаётган ишларнинг ҳаммаси тақдир ва қазо асосида бўлади. Тақдир ва қазонинг жабр ва икроҳ (мажбурий ҳукм чиқариш, мен шундай ҳукм қилдим, шу бўлади тамом вассалом)га алоқаси йўқ. Тақдир ва қазога иймон келтириш шундай бўлади. (Абдулмалик Саъдий. Шарҳи ақоиди насафия. 117 – Б).

  Ҳизбчилар раҳнамоси ўзининг “Шундай далил қилиб кўрсатадиларки, бу далилдан гуë инсон қилаëтган ишларида мажбур қилинаëтгандай, (бўлиб кўринади)” иборасида эса Аҳли сунна уламоларининг “Қазо ва қадар” борасидаги таълимотини нотўғри талқин қилиши англанади.

  Шу ўринда Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги жумлаларини эсалб ўтиш ўринли:

قال الخطابي : وقد يحسب كثير من الناس أن معنى القضاء والقدر إجبار الله سبحانه وتعالى العبد وقهره على ما قدر وقضاه، وليس الأمر كما يتوهموه، وإنما معناه الإخبار عن تقدم علم الله سبحانه وتعالى بما يكون من اكتساب العبد و صدوره عن تقدير منه

  “Хаттобий айтган: аксар одамлар “қазо ва қадар” маъносини Аллоҳ таоло томондан банданинг амалларига мажбурланиши ва Ўзи битган ҳукмларни бажаришга зўрлаши, деб ҳисоблашади. Аслида иш улар гумон қилгандек эмас. “Қазо ва қадар”нинг маъноси бу – келгусида банда қиладиган ишларни Аллоҳ олдиндан билиши ва Ўз тақдирига мувофиқ бандадан содир бўлиши” демакдир. (Имом Нававий. Шарҳи Муслим. 1 – Ж. 154 – 155 Б).

  Демак Ҳизбчилар раҳнамоси ҳам аслида “Қазо ва қадар” маъносини чала тушунганлардан бўлган. Аллоҳ таоло инсонга ақл-фаросат берган ва пайғамбарлар орқали уларга ҳақ ва ботил йўлни баён қилган. Банда қай йўлни танласа Аллоҳ унга ўша йўлда юриш имконини яратиб беради. Аллоҳ ҳеч кимни мажбур кофир ва ҳеч кимни зўрлаб мўмин қилмайди.

  Ҳизбчи Набаҳоний “қилаëтrан ишларини Оллоҳнинг иродаси вa хоҳишининг мажбурияти остида амалга ошиpаëтгандай (бўлиб кўринади)” деган ибораси билан “Аллоҳнинг иродаси мутлақ ғолиб ирода эмас” деган ботил ақидани сингдирмоқчи бўлади. Унинг тушунтиришича, инсон ўз иродасида эркин ва ҳатто Аллоҳнинг иродасига қарши бориб ўзи хоҳлаган ишни амалга ошира олади. Бу ақида аслида исломда адашган тоифалардан бири мўътазилаларга тегишли бидъат. Уларнинг мазҳабига кўра, Аллоҳ ҳамма инсонларни иймонли бўлишини хоҳлаган, лекин кофирлар Аллоҳнинг хоҳишига қарши ирода билан куфрни хоҳлашган ва Аллоҳнинг хоҳлагани амалга ошмасдан кофирларнинг хоҳиши амалга ошган. Ҳизбчилар ҳам худди мўътазилалар каби бандага эркин иродани исбот қилишади. Ҳизбчилар раиси Набаҳонийнинг қуйидаги ибораларига диққат қилинг:

Инсон тарафидан амалга ошириладиган ишлар чуқур тадқиқ қилиб кўрилса шу нарса маълум бўладики, инсон икки доира ичида яшайди. Бу икки доиранинг бирида (Аллоҳ эмас) инсон ҳукм юритади, бу доира (Аллоҳнинг эмас) инсоннинг тасарруфи остида бўлади. Бу доира ичида инсон ҳамма ишлари-амалларини (Аллоҳнинг эмас) ўзининг тўла ихтиёрига кўра амалга оширади”. (Тақиюддин Набаҳоний. Ислом низоми. “Қазо ва қадар” боби. 19-Б).

  Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:

وَمَا تَشَاءُونَ إِلَّا أَن يَشَاءَ اللَّهُ ۚ

  “Ва Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳлайсизлар. (Инсон сураси 30-оят. Тафсири ҳилол).

     Абдулҳақ Ҳиндий раҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида айтади: тафсирчи уламолар бу оятда назарда тутилаётган Аллоҳнинг хоҳиши умумий бўлиб, тоат-исён, иймон-куфр ҳаммасини ўз ичига олишини таъкидлаган. (Абдулҳақ ал-ҳиндий. Иклил. 7 – Ж. 472 – Б).

Тўғри эътиқод шуки, Аллоҳ инсоннинг ўзини ҳам, унинг ақлини ҳам, бирон иш қилишга қобилят ва имкониятини ҳам, танловини ҳам Ўз хоҳиш иродаси билан Яратувчисидир. Аллоҳ инсон касб қилиб амалга ошираётган ишлар ва ҳатти-ҳаракатларни ҳам яратади ва бу яратиш инсоннинг ўша ишни амалга оширишни қасд қилиши яъни иродаси ортидан содир бўлади. Яъни инсон бирор ишни истаса шу истак ортидан (агар ўша истагининг амалга ошиши тақдирда бўлса) Аллоҳ уни яратиб беради. Тақдирида бўлмаса инсон истаб, хоҳлаб қолаверади, лекин Аллоҳ уни яратиб бермайди. Инсоннинг истак иродаси асло Аллоҳнинг истак иродасидан устун бўла олмайди ва Аллоҳ хоҳламаган ишларни иснон ҳеч қачон ярата ҳам олмайди, касб қилиб амалга ҳам ошира олмайди.

  Ҳизб раҳнамосининг “вa гўё инсонни ҳам, унинг қиладиган иши-амалини ҳам Oллоҳ яратгандай — амалга оширaётrандай бўлиб кўpинади” деган ибораси эса “воқеликда Аллоҳдан бошқа яратувчи бор” деган эътиқодни англатади. Яъни инсон ўз ҳатти-ҳаракатларини яратувчисидир. Бундай бузуқ эътиқод башарият тарихида ҳатто мушрикларда ҳам бўлмаган. Расулуллоҳга очиқча қарши чиққан Макка мушриклари оламда ягона Яратувчи деб битта Аллоҳни тан олишар эди. Уларнинг ширки улуҳиятда яъни, бут-санамларни Аллоҳ каби яратувчи бўлмасада, лекин ибодатга хақли, деб эътиқод қилишларида эди. Аллоҳ Қуронда айтади:

و لإن سألتهم من خلق السماوات و الأرض ليقولن الله

  “Агар улардан: “Осмонлау Ерни ким яртаган?” деб сўрасанг, албатта, “Аллоҳ”, дерлар”. (Луқмон сураси. 60-оят. Тафсири ҳилол). Бу оятга кўра, ҳизбчиларнинг Аллоҳ ҳақидаги тушунчалари Макка мушриклариникидан ҳам паст бўлиб чиқади. Маърифатда ўшаларчалик ҳам эмас, деган хулоса келади.

Аллоҳ таоло Қуръонда ҳамма нарсани Ўзи яратишини исботлаб шундай деган:

الله خالق كل شى

  “Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир”. (Зумар сураси. 62-оят. Тафсири ҳилол). Оятдаги “нарса” (شىء) сўзи инсоннинг ўзини ҳам унинг амалларини ҳам қамровчи сўз ҳисобланади. Яъни инсоннинг ўзини ҳам амалларини ҳам Аллоҳ фақатгина Аллоҳ яратади. Яна бир оятда шундай деган:

وَأَسِرُّوا قَوْلَكُمْ أَوِ اجْهَرُوا بِهِ ۖ إِنَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُور * أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ

  “Ва сиз сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўнгиллардагини ҳам билувчидир. Яратган зот Ўзи билмасми? Ҳолбуки, у дақиқаларгача билувчи ва хабардордир”. (Мулк сураси 13-14-оятлар. Тафсири ҳилол).

  Шу оятнинг тафсирида аллома Абулмуин Насафий айтади: “бу оят Аллоҳ таоло бандаларнинг амаллари, ҳатти-ҳаракатларини Ўзи яратишига очиқча сариҳ ҳужжатдир. Шунингдек, бу оятда яна Яратувчи Зот ўзи яратадиган нарсани бутун тафсилотини билиши кераклигига далолат бор. Демак, “инсон ўз амалларини яратувчиси”, дейишлик мантиқан тўғри бўлмайди. Чунки инсон амаллари тафсилотини тўлиқ билмайдику. Масалан, юриб кетаётган одам шу юриши жараёнида қадам ҳаракатлари ададини, неча марта ерга қадам қўйиб неча марта кўтарганини, қадамининг вазни ва тезлигини, юриш жараёнида бошқа аъзоларининг қандай ҳаракатларини борлигини батафсил билмайди. Аллоҳ эса, банданинг ҳар бир ҳаракатини тўлиқ тафсилотлари билан билади. Демак, банданинг ҳаракатларини яратувчиси банданинг ўзи эмас, аксинча Аллоҳ экан”. (Абулмуин насафий. Табсират ул-адилла. 2 – Ж. 613 – Б).

  Набаҳонийнинг “Улар ўз сўзлари ва даъволарини Оллоҳнинг ушбу сўзлари билан таъкидламоқчи бўладилар:

و الله خلقكم و ما تعملون

  “Сизларни ҳам ва амалларингизни ҳам Аллоҳ яратгандеган сўзига келсак, бу гап исломда дастлабки адашган тоифалар – мўтазилалардан сўзма-сўз олинган кўчирмадир. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Таъвилоти аҳли сунна”да шу оятни тафсир қилар экан, бу оят мадлулини мўътазилалар тан олмаслигини таъкидлаган. Шу билан бир қаторда оят бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратганига сариҳ ҳужжат бўлишини исботлаб берган. Оятда Аллоҳ бандаларни ҳам уларнинг қилмишларини ҳам Ўз зотига изофа қиляпти, яъни “Аллоҳ сизларни ҳам қилмишларингизни ҳам яратган” демоқда. Бу эса мўътазилаларга қарши сариҳ ҳужжатдир. (Абу Мансур ал-Мотуридий. Таъвилоти аҳли сунна. 4 – Ж. 237 – Б). Йирик мутакаллим олим Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратларининг ўз даврида мўътазилаларга берган бу жавоби замонавий мўътазилалар ҳисобланмиш – ҳизбут-таҳрирчиларга ҳам раддия бўла олади.

  Ҳизбчилар амири нафақат “Қазо ва қадар” балки Аллоҳ таолонинг Илм сифатини фаҳмлаш борасида ҳам адашган. Чунки уларнинг хулосасига кўра, “Аллоҳ таоло инсонлар дунёда ўз ихтиёрлари билан нималар қилишини лавҳ ул-маҳфузга битмаган, чунки у ишларни инсонлар ўзи яратади. Агар Аллоҳ яратганда, у ишларни қачон ва қай тарзда яралишини аниқ биларди ва шу илмига кўра Лавҳ ул-маҳфузда ёзиб қўярди”, деган ботил ақида келиб чиқади. Аслида эса Аллоҳ ғойибни ҳам, шоҳидни ҳам билгувчидир. У Буюкдир, юксакдир. (Раъд сураси 10-оят. Тафсири ҳилол).

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳизб ут-таҳрир жамоаси ботил ақида асосидаги бидъатчи жамоа. Ҳизб низоми билан танишган одам, бу тоифа асосчиси ўзи ўйлаб топган ҳизбига низом битишда оят ва ҳадислар у ёқда турсин ҳатто соғлом ақлга ҳам суянмаганини англаб олиши қийин эмас. Ҳизбнинг “Қазо ва қадар” борасидаги фикри асрлар оша келган салаф ва халаф уламоларининг фикри ва мазҳабига тамоман хилоф.

  Ҳизбчилар низомига кўра, “Аллоҳ ҳамма нарсани билмайди, хусусан бандаларнинг ихтиёрига боғлиқ ишларни билмайди, шунинг учун уларни Лавҳ ул-маҳфузга битмаган, демакки инсон амаллари қазо ва қадарга боғлиқ эмас. Инсон ўз иродаси билан Аллоҳ хоҳламаган ишларни қилиши мумкин ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни қилмаслиги ҳам мумкин. Аллоҳнинг иродаси ҳамиша ҳам ғолиб бўлавермайди. Борлиқда Аллоҳдан бошқа яратувчи ҳам бор. Бу инсоннинг ўзи ва у ўз амалларининг яаратувчисидир”. Наузу биллаҳ, шу қадар ҳам залолат бўладими?!

  Мана ҳизбнинг асл юзи! Ҳизбнинг бундан бошқа ҳам шармандагарчиликлари бор. Аммо ақлли инсон учун ҳизбнинг кимлигини билиб олишга шунинг ўзи ҳам етарли бўлса керак. Аллоҳ таоло барчамизни Ҳизбнинг залолатлари ва унинг ортидан келиши мумкин бўлган оммавий балолардан асрасин! Соддалиги билан ҳизб сафига кириб қолганларга эса ҳидоят берсин! Омин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар «ҒИШТЛИ» жоме масжид имоми-хатиби