Ҳар нарсада ҳикмат бор

968

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тақдирда ниманики битган бўлса барчаси ҳикматдан ҳоли эмас. Ҳар бири иши ҳикматдир. Зеро Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳакимдир, Алимдир.
Баъзи ишларда бизларнинг назаримизда ва ноқис қарашимизда бизларга оғирлик бўлиши мумкиндир, лекин ҳар ишнинг охирини Аллоҳ Ўзи билади. Бизга машаққат туйилган ишнинг охирида биз учун кўпгина яхшиликлар ато қилиниши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئاً وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
Яъни: “Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз”. (Бақара. 216)
Ушбу кунда юртимиздаги карантин ҳолатда ҳам бир ҳикмат, банда учун синов бор. Бундан сира тушкунликка тушмаслик керак. Балки яхшиликдан умид қилган ҳолда, хайрли ишларда фаол бўлишлик керак.
Юртимизда коронавирус эпидемияси аниқланган куннинг аввалиданоқ ҳукуматимиз томонидан тезкор чоралар кўрилди. Хусусан муҳтарам Юртбошимиз халққа мурожаат ҳам қилди. Унда жумладан шундай дейилади:
– Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.
Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.
Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак.
Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.
Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман.
Халқимизга бўлган ишонч кўпчиликни руҳлантириб юборди. Кўплаб ташкилотларда хайрия ишлари йўлга қўйилди. Масжидларимизда қўйлар сўйилиб, кам таъминланган оиалаларга эҳсонлар тарқатилди ва бошқа хайриялар ташкил қилинди.
Хусусан Марҳамат туманидаги “Полвонтош” жоме масжиди ходимлари ҳам халқимизга тушунтириш ишларини олиб бориб, бозорларда савдогарлар билан мулоқотда бўлишмоқда. Шундай синов кунларида нархларни ошириб юбормаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек саховат ишларида ўзлари ҳам ўрнак бўлишмоқда.
Ажаб эмаски, Аллоҳ таоло бандаларнинг саховатини ниоён қилишни ирода қилган бўлса.

Муҳаммадсоли Иминов

Марҳамат тумани

“Полвонтош”

жоме масжиди имом хатиби