Ҳақ йўлдан адашган тариқатчилар

938

Маълумки, тасаввуф руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи сифатида пайдо бўлиб, унинг намояндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кўплаб олиму уламо, фозилу фузалолар ўзларини тасаввуф оламига дахлдор санаган, унинг покликка даъват қилувчи ғояларини халқ турмуш тарзига татбиқ этиш йўлида саъй-ҳаракат қилишган.
Тариқат, тасаввуф аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Саодат асри ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ҳам Ақоид, Фиқҳ, Ислом тарихи ва бошқа диний илмлар қатори Тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиқмаган эди. Ўша даврдаги мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзига эргашар эдилар. Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар ўзлари учун керакли оят ва ҳадислардан далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилдилар. Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид ҳалифа, Абу Зарр Ғифорий, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, асҳоби суффа розияллоҳу анҳумлар ва бошқалар кўзга кўринган эдилар. Тобеинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар. Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг исм сифатида шаклланишида катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди.
Авлиёлар ҳаётига назар солсак, уларнинг ҳалол касб ва ҳалол луқмага жиддий аҳамият берганликлари маълум бўлади. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурига келганлардан “Касбинг нима?” деб сўрарканлар. Агар бирор касби бўлма-са, “Бор, бирор касб ўрган, сўнгра келасан”, деб айтар эканлар. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбар ва авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланиб, ҳалол яшашни шараф деб билганлар.
Аммо сохта шайхлар, жоҳил, илмсиз сўфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Уларга эргашмасликка даъват қилинади. Тариқат асосчилари ва улуғ валийлар Қуръон ва ҳадисга асосланмаган ҳар қандай тариқатни рад этади ва ботил санайди. Жоҳил, нодон ва такаббурлар ўзларини тариқат аҳли санасалар ҳам, унинг файзидан бебаҳрадирлар.
Биз бугунги кунда тасаввуф борасида содир этилаётган хатоларни тан олган ҳолда, ундан тегишли хулоса чиқариб, уларни тезда тўғирлаб олмоғлигимиз керак бўлади. Акс ҳолда, мўмин-мусулмонларнинг маънавияти ва бирдамлиги учун улкан хизматлар қилган тасаввуфнинг шаънига доғ тушириб қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Ҳозирги вақтда ўзини тасаввуфга мансубман, деб ҳисоблайдиган айрим кимсалар “Тариқат ҳақиқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар, баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Ваҳоланки, Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а) ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”. Ислом дини ақидаси бўйича, биз мусулмонлар шариатга ҳам, тариқатга ҳам баробар – ижобий эътиқод билан қараймиз. Тасаввуф тариқатлари ислом шариати аҳкомларини тўла эътироф этган ҳолда мўмин-мусулмонларнинг ахлоқий фазилатларини такомиллаштиришга хизмат қилади деб биламиз. Лекин, баъзи бир чаласавод, сохта эшонлар фақат ҳозир эмас, балки, илгари даврларда ҳам шариатимизга ўзларининг ножўя ҳаракат ва сохта кароматлари билан доғ тушириб келганлар. Тариқат ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканликларини аниқлаш учун улар амаллари шариатга, маърифий ислом дини кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштиришнинг ўзи кифоя қилади. Диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ҳар бир ишда илмнинг йўқлиги ғарибликни келтириб чиқаради. Нақшбандия тариқати эса касб-ҳунар ва меҳнатдан ажралмаган ҳолда, илм-маърифатни муттасил зиёда қилиб боришга даъват этади.

Шарофуддинов Мухторжон Марҳамат туман бош имом хатиби