Қуръон мисоли йўқ тенгсиз илоҳий китобдир. Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон мисоли нурдир. Жаҳолат зулматини ёритиб, соҳибини ҳидоят йўлига бошлаб боради. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради.

     Қуръон ўқиш фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

    “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан бир мақомдадир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб берилади”.

     Қуръон ўқиган мўминнинг қалби бойийди, илми зиёда бўлади, маънавияти юксалади, фикр доираси кенгаяди.

     Бойлик деганда, мусулмон одам фақат дабдабали ҳаётни, ҳисобсиз мол-дунёни кўз олдига келтирмайди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир”, деганлар.

     Мана шу ҳадисдан келиб чиқиб айтиш мумкин, Қуръон ўқиган одамнинг кўзи тўқ бўлади. Қуръон ўқиган инсон дунёнинг ўткинчи матоҳлари ортидан ҳаллослаб югурмайди, турмуш ташвишлари деб ўзини ўтга-чўққа урмайди, хотиржам яшайди, қаноатли бўлади: борига шукр, йўғига сабр қилади. Ана ҳақиқий бойлик, ҳузур-ҳаловат қаерда!

     Қуръон ўқиган инсоннинг имони мустаҳкамланади. Қорининг қалби Қуръоний қиссалар, ҳикматли панд-насиҳатлардан қувват олади. Қуръон эшитиб, елкасини тоғдек босиб турган маънавий юкдан халос бўлади, ғам-андуҳлари арийди, дилини ғаш қилиб турган тугунлар ечилади.

     Қуръони Каримда комил мўминлар шаънига мақтов айтилган: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтда қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган, ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир” (Анфол сураси, 2-оят).

     Ерга раҳмат ёмғири ёғса, кўп ўтмай кўзни қувнатувчи майсалар униб чиқади, она замин кўм-кўк либосини кияди. Худди шунга ўхшаб Қуръон ўқиган, Қуръон эшитган мўминнинг қалбида имон нури барқ уради. Қуръонга ошно инсон имони мустаҳкамланади, иродаси пўлатдек метин, қалби қордек оппоқ, зилол сувдек мусаффо бўлади. Бу – чин мўминларга хос сифат.

     Ҳидоятдан тўсилган, қалбида касаллик бор кимсага оятлар таъсир қилмайди. Аксинча уларнинг нонкўрликларини янада зиёда қилади. Шундай экан, биз Қуръонга бутун қалбимиз билан юзлансак, холис бўлсак, ана шунда Қуръон бизни иллатлардан тозалайди.

    Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилади” (Исро сураси, 82-оят).

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни Исломга даъват қилишда, аввало, уларга Қуръон тиловат қилиб берардилар. Мусулмон бўлганларга илк ўргатадиган нарсалари ҳам Қуръон оятлари бўларди. Янги мусулмон бўлган кишиларни олдинроқ Исломга кирган саҳобаларга йўллаб, «Биродарларингизга Қуръон ўргатинглар», дердилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон ҳофизи бўлишдек неъмат берилган ҳар бир инсон ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиб, Қуръоний хулқ билан хулқланиши лозим. шунингдек, улар бошқалардан фарқли ўлароқ, ибодат ва бошқа барча солиҳ амалларда илғор бўлишлари лозим.

     Қуръон ўқиш, уни тадаббур қилиш орқали банда юксак руҳий мақомга, улуғ мартабага чиқиб боради. Банда дунёдаги энг гўзал хулқларни айнан Қуръон ўқиш орқали билади ва уларни ўзига сингдиради. Шу сабаб Қуръон ўқувчи қори вазмин, босиқ бўлиши, агар бирон киши у билан жанжаллашса, у билан тенгма-тенг курашга киришиши ёки илмсизлиги сабаб ҳар хил гап-сўзлар билан жоҳиллик қиладиган кимсаларга қўшилиб урушиши маъқул эмас. Зеро, қори қалбида Қуръон карим жо бўла туриб бундай ишларни қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

     Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темирга сув тегса занглаганидек бу қалблар ҳам занглайди”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, дедилар” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Абу Нуайм “Ҳилйатул-авлийа”да ва Қузоъий “Муснадуш-шиҳаб”да ривоят қилган).

      Темир занглагани каби қалб ҳам занглайди. Темир занглашига унга сув тегиши сабаб бўлса, банда қилган гуноҳлари асорати йиғилиб-йиғилиб қалбни занглатади, уни қорайтиради. Мазкур ривоятда айтилишича, ўлимни эслаш ва Қуръон тиловати қалбдаги зангни кетказади. Ўлимни эслаш билан банданинг шаҳватлари кесилади, кўзига тор кўринаётган дунё кенг, кенг кўринаётган фоний бу ҳаёт эса тор кўринади (туғёнга тушиш хавфи бўлганда ўлимни эслашнинг фойдаси катта). Ўлимни эслаган банда гуноҳлардан тўсилади, ўзини ислоҳ қилишга ўтади. Қуръон тиловати билан қалб яйрайди, банда қироатдан руҳий озуқа олади. Шу йўсин қалбга ёпишган занглар секин-аста тозаланиб боради…

     Ҳозирда кўпчилик қалби қаттиқлиги, бераҳмлик, намозда хушуъсизлик, дунёга ружуъ қўйиш каби иллатлар билан оғриган. Бунинг сабаби битта. У ҳам бўлса ўлимни эсламаслик ва Қуръон ўқимасликдир. Баъзиларга ўлимни эслатсангиз, “қўй, яхши нарсалардан гаплашайлик!” дея сизга қаршилик қилгандек бўлади. Аслида ўлимни эслаш билан инсон ҳаётга нима мақсадда келганини ёдга олади, хато-камчиликларини тузатиб, ўзини ислоҳ қилишга ҳаракат қилади.

     Инсоният Қуръон ва ўлимни эслашдан узоқлиги боис моддий тарафдан бой бўлса-да, ўзини буткул бахтли ҳис қилолмаяпти. Одамлар Қуръон ўқиш ва ўлимни эслашдан узоқлиги боис руҳий тушкунликка, асабий ҳолатларга, ғарб тили билан айтганда депрессияга тушиб қолмоқда. Ҳар қадамда стресс ҳолатлар кузатилади. Демак, ҳозирги кунда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий ва самарали давоси бу Қуръон ўқиш ва ўлимни эслашдир…

     Убайд ибн Умайр ўлим тўшагида ётганда «Нима хоҳлайсиз?» деб сўрашди. У: «Қуръонни яхши ўқийдиган киши менга Қуръон ўқиб берсин», деди.

    Чанқасанг, сув бор бўлганидек, ғамга ботган бўлсанг, Қуръон бор…

    Қуръон бу – шифо. Ҳам танамиз, ҳам қалбимиз учун илоҳий малҳамдир. Илм-фан қанча ривожланмасин, инсон қалбини Қуръондан бошқа нарса билан даволаб бўлмайди. Қилни қир ёрадиган олимлар минг кашфиёт қилмасинлар, қалбни иллатлардан тозалайдиган

     Қуръондан яхшироқ шифони яратолмайдилар…

     Африкалик бир болакайни кўриб, ундан сўради: “Нима учун Қуръонни ўрганаяпсан?”. У (Қуръон), бизни едириб, ичираётган Зотнинг Каломи эканининг ўзи етарли эмасми?!

     Соқов одам Қуръон ўқишни, Кар одам уни эшитишликни, Кўзи ожиз уни кўришни истайди-ю биз соғлом одамлар кўп вақтимизни ғафлат билан ўтказмоқдамиз …

     Аллоҳим, барчамизни Қуръон аҳли ва Аллоҳнинг хос бандаларидан қилгин! Аллоҳим, бизнинг йўл қўйган нуқсонларимизни авф этгин ва савоб ишларни четлаб, ўзимизга бино қўйишдан асрагин! Қалбларимизни бахилликдан халос этгин ва биздан Ўз марҳаматингни аямагин! 

     Аллоҳим, барчамизни қалбимиздаги Қуръонни дунё ва охиратда фойдамизга ҳужжат қил.

Муҳаммадқуддус домла Абдуҳалимов

Ҳўжаобод тумани “Етти Чинор” жоме масжиди имом-ноиби