Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тўшакда эдим, бир пайт (ҳужрамизга) қўшнимизнинг қўйи кириб қолди ва сутрамиздан (яъни егуликлар сақланадиган пана жойдан) битта обинонни олиб кета бошлади. Мен дарҳол ўрнимдан туриб, унинг жағидан нонни суғуриб олдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайўи ва саллам: «(Эй Умму Салама) уни бўйнидан бунақа сиқиб олмаслигинг керак эди, қўшнига етказиладиган азиятнинг кичиги бўлмайди», дедилар” (Табароний, Хаттобий ва Хароитий ривоятлари).

Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинган воқеа ҳам қўшниларнинг ҳақ-ҳурмати нақадар буюклигини кўрсатади. Афтидан Умму Салама онамиз (разияллоху анҳо) нонни олиб кетаётган “ўғри қўйни” осонлик ва мулойимлик билан тутиб олмаганлар. Эҳтимол қўй ҳуркиб қоча бошлаган бўлса, уни қўлдан чиқариб юбормаслик учун тез ҳаракат қилиб, куч билан бўйнидан қучоқлаб олганлар. Зеро, куч ишлатилмаса, унча-мунча қўй осонгина бўйин бермайди. Кейин у киши ҳалиги нонни қўйнинг оғзидан чиқариб олганлар. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоху алайхи ва саллам: “(Эй Умму Салама) унинг бўйнидан бунақа сиқиб олмаслигинг керак эди, қўшнига етказиладиган азиятнинг кичиги бўлмайди”, дея танбеҳ берадилар. Шунга кўра Умму Салама онамизнинг қўшнига оид бўлган, гап тушунмайдиган бир жонивор қиёфасидаги чақирилмаган меҳмондан ўз нонини қайтариб олиш учун мажбуран қилган хатти-ҳаракатлари ҳам Набий алайҳиссалом томонларидан қўшнига нисбатан озор ўлароқ баҳоланди. Ҳадиснинг бошқа ривоятларида “уни бўйнидан бунақа сиқиб олмаслигинг керак эди” жумласи .тушиб қолади ва фақатгина Пайғамбаримизнинг: “қўшнига етказиладиган азиятнинг кичиги бўлмайди” деган сўзларигина келтирилади. У ҳолда нафақат қўшнининг жониворини куч билан тутиб олиш, балки унинг оғзидаги нонни тортиб олиш ҳам қўшнига етадиган кичик бир азият эканлигини тушуниш мумкин, валлоху аълам.

Мазкур ривоят нима бўлганда ҳам қўни-қўшниларга тааллуқли ишларда диққатли бўлиш кераклигини ҳамда уларга етказиладиган азият ва озорнинг катта-кичиги бўлмаслигини англатади.

 

Санатбек домла Турсунов

Андижон тумани “Усмон зиннуройн”

жоме масжиди имом-хатиби