(Салафи солиҳларнинг қўшниларга нисбатан қилган муомала ва муносабатларидан айрим намуналар)

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо қачон бирон нарса сўйиб, қон чиқарганда яҳудий қўшнисини эсдан чиқармасди. Балки, гўштдан биринчи ўринда ўша қўшнига илинар ва фарзандларига бир неча марталаб: “Яҳудий қўшнига ҳам тухфа қилдингизми?”, – дея астойдил суриштирарди.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг уйида қўй сўйилди. У хизматчи йигитга: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?” – дея ҳадеб сўрайверди. Сўнг: ‘‘Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхишлик қилиш ҳақида менга тинмай насихат ва васият қилавергач, охири: «қўшни ҳам (қўшнисига ҳудди яқин қариндошдек) меросхўр бўлади», деб айтса керак, деган фикрга бориб қолдим”, – деганларини эшитганман, деди.

Мужоҳид розияллоҳу анҳу хикоя қилади. Бир куни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Унинг хизматчиси сўйилган қўйнинг терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ ибн Амр унга хитобан: “Хой бола! қўйни саранжомлаб бўлганингдан кейин, гўштлардан тарқатишни яҳудий қўшнимиздан бошлагин”, – деди. Иттифоқо, ўша ерда айрим яҳудий қавмидан бўлган кишилар ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Амрнинг сўзини эшитиб, улардан бири: “Барака топинг, Аллоҳ сизни аҳли салоҳдан қилсин”, – дея дуо қилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: “Мен Набий алаҳиссалом қўшнига яхшилик қилиш ҳақида кўп васият қилганларини эшитганман. Ҳатто қўшниларни бизга меросхўр қилиб қўярмиканлар, деган хавотирга ҳам бориб қолганмиз», деди.

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайхнинг одатларидан бири шундай эдики, у киши ҳар кеча уйқудан уйғониб, таҳорат олиб, таҳажжуд намозини ўқирди. Сўнгра сокин тун бағрида мусхафни очиб, Аллохнинг каломини тиловат қилар ёки фиқхий масалалар устида бош қотириб, илм билан машғул бўларди. Бироқ у кишининг ичкиликка муккасидан кетган бир қўшниси бор эди. Мазкур қўшни кечасини мастлик, ашула ва бақир-чақир билан ўтказар, унинг дастидан Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ кечалари хотиржам мутолаа қилолмасди. Бу ҳолат унга салбий таъсир кўрсатиб, фикри бўлиниб кетарди. Лекин у киши бу ҳолатга сабр қиларди. Бояги ароқҳўр йигит гоҳида йиғлаб:

Зое қилдилар-а!.. Қандок, йигитни зое қилдилар…

Оғир кунда керакли, ҳимоячини зое қилдилар…

дея хасрат қилиб, махзун қўшиқ ҳам айтарди. Унинг овози туни билан Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳнинг оромини бузарди. Бир кеча негадир ичкиликбоз қўшнининг овози чиқмай қолди. Бу ҳолатдан ҳайрон бўлган имом тонг отгач, унинг уйига чиқса, йигит уйда йўк, эди. Одамлардан суриштириб билса, ҳалиги йигит бир кун олдин маст ҳолатда ушланиб, қамалиб қолган экан. Бу хабарни эшитган заҳоти Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ тўғри шаҳар ҳокими Исо ибн Мусо олдига бориб, бояги кишини озод этишларини илтимос қилди. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳурмати ва кафолати туфайли маҳбус дарҳол озод қилинди. Шундай қилиб, икковлари Имомнинг уловига мингашган ҳолда жимгина уйга қайтиб келишарди. Афтидан, йигит ўта ҳижолатда эди. Бир вақт Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ унга паст овозда сўз қотиб: “Хуш, сени зое қилибмизми йигитча?” – деди. Йигит йиғламсираб: “Йўқ, балки, эҳсон ва карам қилдингиз, Аллоҳ ажрингизни берсин!”, – деди… Абу Ҳанийфа жонига оро кирган ўша йигитнинг кейинги ҳаёти ижобий томонга ўзгара бошлади. У ичишни ташлади, илм ҳалқаларининг аъзоларидан бўлди ва охири Куфа фақиҳларидан бирига айланди…

Қўшнига кўрсатилган биргина оқилона ёрдам, ҳакимона муомала туфайли фисқ ва фужур ботқоғига ботган кимса яхши одамлар қаторига кириб, пировардида Аллоҳнинг дўстларидан бирига айланди ва жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиб олди. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳақиқий олим, чинакам валий экани ана шундай воқеаларда рўй-рост намоён бўлади. Қаранг, бу зот фожир қўшнисининг ичиб олиб, кечалари берган озорларига узоқ муддат чиройли сабр қилди. Ичкиликбоз қўшни қамалиб қолганда эса “Хайрият, энди тинчибман!” дея хурсанд бўлиш ўрнига уни йўқлаб, қамоқдан чиқариб олди. Бу кишининг ўша зараркунанда қўшниларига маълум муддат индамасликлари ҳам ҳикматдан холи бўлмаган. Агар бирдан уни койиб, урушиб, маломат қилганларида, бу иш ҳаётда қоқилиб, маломатдан кўра кўпроқ ёрдамга муҳтож бўлиб қолган бу йигитга эҳтимол акс таъсир кўрсатар ва инсофу диёнатдан янада узоқлашиб қоларди. Алломанинг сукутида ҳам аслида ибрат мавжуд эди. Эҳтимол, жамият шафқатсизларча юз ўгирган кўплаб қоқилган кимсаларга, ўз номаъқул ишларидан ачинсалар-да, барибир тўғри ҳаёт остонасига қадам қўя олмаётган иродаси ожизларга Абу Ҳанийфадек халоскор етишмаётгандир. Агар уларнинг ҳар бири ўз Абу Ҳанийфасини топса, балки аҳвол бошқачароқ бўлган бўлармиди…

       Саҳл ибн Убайдуллоҳ Тустарий (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг зиммий қўшниси бўлиб, унинг ҳожатхонасидан доимий равишда Сахлнинг уйига ифлос-нопок нарсалар сизиб чиқар эди. Саҳл ҳар куни ўша жойга бир катта тос қўйиб қуярди. Мажусийнинг ҳожатхонасидан чиққан нарсалар кечгача ўша идишга тўпланар ва кечқурун ҳеч ким кўрмайдиган жойга олиб бориб ташланар эди. Саҳл ибн Убайдуллоҳ ҳазратлари узоқ муддат шу тахлит иш юритдилар. Қўшниларига бирон нарса демадилар. Вафотлари яқинлашгач, мажусий қўшнини чорлаб:

  • Мана бу уйга кириб, бу ерда нима борлигини бир кўриб қўй, дедилар. У кириб идишга тушаётган ифлос, нопок нарсаларни кўриб:
  • Бу нима? деб сўради.
  • Бу нарсалар узоқ муддатдан бери уйингдан мана шу ерга тушади, – дедилар. Саҳл ибн Убайдуллоҳ ҳазратлари, – уни кундузлари шу идишга тўплаб, кечалари ташқарига олиб чиқариб ташлар эдим. Агар ажалим яқинлашиб қолмаганида, буни сенга айтмаган бўлардим. Мендан кейин сенга қўшни бўлиб келадиган одамнинг хулқи қанақа бўлишини билмайман. Бу ҳолатга сабр қила олмай, сени қаттиқ ранжитиб қўйишидан қўрқдим. Энди аҳволни билдинг, хоҳлаганингни қил, (яъни истасанг бу носозликни бартараф қил, истасанг шундай қолаверсин. Мен сени огоҳлантирдим, холос). Шунда бу ҳолатдан донг қотган ҳалиги мажусий:
  • Эй шайх, мен кофир бўлсам ҳам, узоқ вақтдан бери менга шундай гўзал муносабатда бўлиб келаётган эдингизми?! Қўлингизни беринг, мен: “Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг бандаси ҳамда элчиси эканига гувоҳлик бераман”, дея мусулмон бўлди. Саҳл розийаллоҳу анҳу шундан сўнг вафот этдилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳ алайҳнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. У киши қўшнисига ниҳоятда кўп яхшиликлар, хайру эҳсонлар қиларди. Қачон ўзига бирон нарса сотиб олса, қўшнисига хам қўшиб оларди. Ўз оила аъзолари ва фарзандларига бозордан кийим-кечак сотиб олганда, қўшнисининг болаларига ҳам шундай нарсалардан харид қилар ва уйга кирмасдан аввал қўшнисини йўқлаб, ҳалиги нарсаларни унга туҳфа қиларди. Бир куни яҳудий уйини сотадиган бўлиб қолди ва бу нарсани атрофга эълон қилди. Одамлар унинг уйига келиб, нархини суриштира бошладилар. Бир куни уникига бир неча кишилар харидор бўлиб келиб, уйнинг баҳосини сўрашди. Яҳудий:

  • Уйимни икки минг динор олтинга сотаман, деди. Бундай баланд нархдан хайратланган харидорлар уй эгасидан бунинг сабабини суриштира бошлашди.
  • Ахир бу хонадонингиз нари борса, минг динорга арзийдиган жой-ку, нима учун икки баравар нарх сўраяпсиз, дея изоҳталаб қилишди. Шунда яҳудий:
  • Ҳа, тўғри айтасиз. Менинг уйим аслида минг динор туради. Уй учун шунча берасизлар. Устидаги яна минг динор эса Абдуллоҳ ибн Муборакдек зотнинг қўшничилиги учун сўралмоқда. Бунинг учун яна минг динор берасизлар, деди.

Бу сўзлардан баттарроқ ажабланган харидорлар ҳеч нарсани тушунмасдан яҳудийнинг қўшниси бўлмиш Абдуллоҳ ибн Муборак хазратларининг уйига чиқиб, бўлган воқеани гапириб беришди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қалби эриб, бир зум алланечук ахволга тушди ва қўлларини дуога очар экан: “Эй, Аллоҳим, эй Пок Парвардигорим, бу қулингни ҳидоят қил, уни Ислом неъматидан баҳраманд айла”, дея Аллоҳга илтижо қилди. Кейин тўғри қўшнисининг уйига чиқиб, уни ҳидоятга чорлади. “Жон қўшним, Аллоҳга иймон келтиргин, мен сенинг жаҳаннамга ўтин бўлиб, абаду-л-абад азобланишингни хоҳламайман. Сенга яхшиликни истайман”, деди. Шунда ҳалиги қўшнининг юзлари ёришиб, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қўлларини маҳкам сиқиб олди-да: “Ашҳаду ал-лаа илааҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан аъбдуҳу ва расулух”, дея шаҳодат калимасини айтиб, иймон бахтига мушарраф бўлди.

       Шундай экан азизлар бизлар ҳам қўшнимиз ким бўлиши, ижтимоил келиб чиқиши, хулқ-атворидан, бой-камбағаллигидан қатъий назар чиройли муомила ва гўзал хулқ билан хуш муомилада бўлсак уларнинг ҳидояти ва муҳаббатига сазовор бўлар эканмиз.

Санатбек домла Турсунов “Усмони Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби