Қариндошлик алоқаларини боғланг!

1211

Бугун юртимизда оила, қариндошлик алоқаларини яхшилаш ва одамлар орасида меҳр мурувват каби хайрли ишларни доимий амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир маҳаллаларда яраштирув гуруҳлари ташкил қилинганлиги, ёшу улуғ ёки боқувчиси юқотган қариялар ва кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар фақат ўзбек халқига хос хислат десак муболаға бўлмайди. Қайси бир жамиятда оила мустаҳкам, қариндош-уруғчилик алоқалари, ўзаро меҳр – оқибат тамойилларига асосланган экан, жамият ва давлат фаровон бўлиши шубҳасиз.
Бизнинг Ҳанафий мазҳабида қариндошлик алоқаларини боғлаш лозим амалдир. Яъни, қариндошлик алоқаларини боғлаган, яқинлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб турганларга бу дунё ва охиратда улкан ажру мукофотлар ваъда қилинган бўлса, аксинча ушбу масалада эътиборсизлик қилган ёки уни узган кишилар маломат қилинган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз»,-деб марҳамат қилган.
(Наҳл сураси 90-ояти)
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейилган.
Афсуски, баъзилар ўз ота-оналари, ака-укалари ёки яқин қариндошлари билан арзимас сабаб билан алоқани узганлигини кўрамиз, эшитамиз. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Мен Аллоҳман. Мен Роҳманман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман” деган. Демак, ким силаи раҳм қилса, Аллоҳ таоло унга яхшилик қилиши, кимда ким уни кесса Аллоҳ ҳам у билан алоқани узиши таъкидланмоқда.
“Силаи раҳм” бизнинг тилимизда “қариндошлик алоқаларини боғлаш” деган маънони англатади.
Силаи раҳмни боғлаш ана шундай фазилатли амал. Силаи раҳм қилган одамга Аллоҳ ҳам марҳаматли бўлади. Унга раҳматини ёғдиради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳадисларида: “Ким Аллоҳ ризқини зиёда қилишини, ажалини ортга суришини истаса, ота-онасига яхшилик ва силаи раҳм қилсин” дедилар. Демак, кимда ким дунёда ризқи кенг бўлиши ва умри узун бўлишини хоҳласа ота-онасига яхшилик қилиши ва қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаши лозим экан.
«Кунларнинг бирида Пайғамбар(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз уловларига миниб борардилар. Бир киши йўлни тўсиб чиқиб, у зотнинг уловлари жиловидан ушлаб тўхтатди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга мени жаннатга киритадиган амалнинг хабарини беринг”, деди.
Шунда у ердаги қавм:
“Унга нима бўлди? Унга нима бўлди?” дейишди.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳожати борга ҳам, унга нима бўлдими!
Бировнинг ҳожати бор экан, йўлни тўсиб чиқиб, уловнинг жиловидан ушлаб туриб, савол берибди. Шунга ҳам ажабланасизларми?
Сен, эй сўровчи! Агар ўзингни жаннатга киритадиган амални қилмоқчи бўлсанг: Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан.
Билдингми?! Ана ўшаларни қил. Энди, у(улов)ни қўйиб юбор!” дедилар».
Бу ҳадиси шарифни шарҳ қилган уламоларимиз ўша суҳбат чоғида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз уловларини миниб турган эдилар, суҳбат тугагач у зот савол берувчига «Уни қўйиб юбор!» деганлар, дейишади.
Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш-қариндошлик алоқаларини яхшилаш имон, намоз ва закот каби Исломнинг рукни бўлган нарсалар билан бир даражага қўйилмоқда. Бу амал кишининг жаннатга киритадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Шундан ҳам силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини тушуниб олсак бўлаверади.
“Силаи раҳм” ни бардавом бўлиши учун қуйидаги ишларни мунтазам бажариш ва доимо эътиборли бўлиш талаб қилинади.
– Насабни яхшилаб ўрганиб олиш. Яъни, ҳар бир киши аждодлари, қариндош уруғларини яхши таниб олиши лозим.
– Қариндош-уруғлар борди-келди, бир-бирларини зиёрат қилиш, бойлари камбағалларига ёрдам бериш, бемор бўлган вақтларида ҳолидан хабар олиш ва мушкулларини енгил қилиш каби ҳам моддий ҳам маънавий ёрдамни беғараз йўлга қўйиш.
– Ҳеч бўлмаганда бир-бирларига салом-алик қилиш. Берадиган нарсангиз йўқ, яхшилик қилишга имконингиз йўқ, фақат қўлингиздан келадиган нарса – салом бериб қўйиш, шуни бўлса ҳам қилиб, қариндошлик алоқаларини боғлаб туринг. Зеро, ҳадисларда: “Раҳмларингизни салом билан бўлса ҳам ҳўллаб туринглар” дейилган.
Шуни унутмаслик керакки, яхшилик фақат қариндошларга эмас, балки ҳаммага, яхшига ҳам ёмонга ҳам, мусулмонга ҳам ўзга дин вакилига ҳам қилинаверадиган эзгу амалдир.

Аллоҳ барчамизни бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни зиёда айласин!

Шаҳрихон тумани
“Гул-тепа” масжиди имоми
Ш.Орипов.