Инсон учун бериладиган неъматларнинг энг улуғларидан бири бу фарзанд неъматидур. Чунки фарзандсиз одам ҳеч қачон ўзини тўлақонли бахтли ҳисобламайди. Ва шак-шубҳасиз фарзандни Аллоҳ таоло хоҳлаганидек ва хоҳлаган бандасига беради. Бу ҳақида ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Осмонлар ва ернинг ҳукумронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйган. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдур”. (Шўро, 49-50).

Ушбу оятни ҳақиқатини ҳаётда кўриб турибмиз, кимларда фақат ўғил фарзандлар бор, кимларда эса фақат қиз фарзандлар бор, яна кимларда ўғил ҳам қиз ҳам йўқ, битта фарзандга зор бўлиб яшамоқда. Аллоҳ таоло кимга фарзанд берса унга дунё неъматларидан энг улуғи берилган бўлади. Ота ва она деган шарафли номга лойиқ бўлган бўлади.

Шу билан бирга ота-оналардан ҳам фарзандлари олдидаги вазифаларини  бажаришлари талаб қилинади. Яъни фарзандига чиройли исм қўйиб, одоб- ахлоқини гўзал қилиб, эл-юртни корига ярайдиган қилиб, Ватанига, халқига содиқ ва диёнатли қилиб тарбиялаш шулар жумласидандир.

Албатта фарзандни Аллоҳ таолонинг неъмати деб билиб, уни чиройли тарбиялаган инсонлар фарзандларини камолини кўриб уларни ортидан эл-юрт олдида ғурурланиб юрадилар. Аксинча, фарзандининг тарбиясига лоқайд бўлган инсонлар, фарзандининг қилмишидан бош эгиб, юзи қора бўлмоқда.

Аслида фарзандлар ота-онага Аллоҳ таолонинг омонатларидур. Омонатга хиёнат қилмасдан ота-она фарзандларини гўзал хулқлик ва гўзал одоблик қилиб тарбиялашлиги керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида: “Ҳар бир туғилгувчи фитратда (соф, покиза табиатлик) туғилади, бас унинг ота-онаси уни яхудий, насроний ёки мажусий қилади”, — деганлар. Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики фарзанд тарбиясига ота-она масъул ва уни оддийроқ қилиб айтганимизда ўғри ёки тўғри бўлиши ота-онасига боғлиқ.

Халқимизда ҳам фарзанд тарбиясида ишлатиладиган бир қанча мақоллар бор, “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Фарзанд одоби билан азиз” каби. Ота-онани фарзандида ҳаққи бўлганидек, фарзандларнинг ҳам ота-онада ҳақлари бор. Ҳазрати Умар р.а даврларида у кишининг хузурида бир киши ўғлини етаклаб келиб ўғлидан шикоят қилди ва ўғлини оқ қилмоқчи эканини айтади. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мазкур болага

  • Отангга оқ бўлишда Аллоҳдан қўрқмайсанми? Отангни сенда ундай-бундай хақлари бор деб санади. Буни эшитган ўғил:
  • Эй Амирал мўминин! Фарзандни ҳам отасида ҳаққи бўладими? — деди. Амийрал мўминийн:
  • Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи, унга она танлашда яхши аёл танлаши, токи бола ундан ор қилмасин. Чиройлик исм қўйиши ва унга чиройли таълим бериши”, — деди. Шунда халиги йигит:
  • Аллоҳга қасамки онам яхши аёл эмас эди, отам уни 400 дирхамга сотиб олган. Исмимни ҳам чиройлик қўймаган менинг исмимни Жўъл (Қўнғиз) деб номлаган ва менга Аллоҳнинг китобидан бирор оят ўргатмаган деди. Буни эшитган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу отага юзланиб:
  • Ўғлимни оқ қиламан, дейсан ваҳоланки сен унга оқ бўлибсан. Тур ҳузуримдан чиқиб кет”, деган эканлар.

Дарҳақиқат фарзандларимиз бизларни ҳаққимизни адо қилсин деган ҳар бир ота-она аввал фарзандлари ҳаққини адо қилиб қўийишлари лозим бўлади.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни салоҳиятлик фарзандлардан қилсин!

Миркомил домла Ботиров,

Булоқбоши тумани

“Қирғизбой” жоме масжиди имом-хатиби