Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил микдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамларнинг турли қабила ва элатларга бўлиниши уларнинг бир-бирлари билан танишиб дўст бўлишлари учун бўлганидек, мол-дунёларнинг турли миқдорда бўлиши ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ўзаро ёрдам беришлари учундир. Қайси кишига қандайдир одамларнинг ҳожати тушиб турган бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп яхшиликларини хоҳлаган бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

  “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар”. 

(Бақара сураси 245-оят)

  Ушбу муборак оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк Аллоҳ таолога қарз бериш сифатида баҳоланмоқда. Шу боис ҳам динимизга кўра садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат эҳтиёж соҳибларигагина берилади.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар:

  “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) — деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? — деб сўрадим. У айтдики: Чунки, садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади” — деб марҳамат қилганлар. (Табароний ривояти).

  Қарз олди-бердиси жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлардан биридир. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларидаги каби, динимизда бу борадаги барча йўл-йўриқлар ҳам мукаммал ва чиройли баён қилиб берилган. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи – Қуръони каримдаги энг узун ояти каримани айнан шу масалага атаб нозил қилган. Замонамиз уламоларидан машҳур муфассир Ваҳба Зуҳайлий ўзининг «Тафсирул Мунир» асарида бу ҳақда шундай дейди:

  «Қуръони каримдаги энг узун оятнинг қарз олди-бердисига бағишланиши, молиявий ҳукмнинг баён қилиниши Аллоҳнинг наздида мол-дунёнинг таҳқир қилинишини эмас, балки унинг ҳурмати нақадар баландлигини кўрсатади».

  Дарҳақиқат, шундай. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига беҳисоб ризқ берса, хоҳлаган бандасини етишмовчилик билан, молиявий муаммолар билан синайди. Шунинг учун кишилик жамиятини қарз олди-бердисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Қуш тирикчилик қилиши учун қанот қоқишга мажбур бўлганидек, ризқ топиш, мол-дунёни қўлга киритиши учун инсондан ҳам маълум бир саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Уларнинг машруъ йўлларини белгилаб бериш эса диннинг вазифасидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мол-дунё топиш, тирикчилик қилиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида кўпгина оятлар нозил қилган:

  «Ва кундузни тирикчилик қилиб қўйдик» (Набаъ сураси, 11-оят).

  «Намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (Жумъа сураси, 10-оят).

  Баъзилар динда мол-дунё, бойлик қораланган деб ўйлашади. Аммо бу динимизнинг моҳиятини, илоҳий ҳикматларини нотўғри тушуниш оқибатидир. Исломда мол-дунёнинг ўзи эмас, балки унга ўч бўлиш, ружуъ қўйиш ва натижада Аллоҳ кафолатлаб қўйган ризқни деб тоат-ибодатдан чалғиш, гуноҳга ботиш қораланган. Агар динимизда мол-дунё қоралаган бўлса, шариатимизда садақа, хайр-эҳсон, закот, ҳаж каби молиявий ибодатлар жорий қилинмаган бўлур эди.

 Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 282-оятида шундай марҳамат қилади:

 «Эй иймон келтирганлар!».

 «Маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар».

  Маълумки, бугунги кунда молиявий муомалаларга оид барча муҳим ишлар нотариал идоралар томонидан гувоҳлар ҳузурида ёзиб, расмийлаштирилсагина қонуний кучга эга бўлади. Шундай қилинса, ҳеч ким норози бўлмайди, ҳеч кимнинг ҳаққига тажовуз қилинмайди. Қуръони карим эса бундан ўн беш аср олдин бу қоидани гўзал ва мукаммал тарзда, ҳеч бир тўлдиришга ўрин қолдирмай баён қилиб берган.

 «Орангизда бир котиб уни адолат билан ёзсин».

  Демак, қарз ҳақидаги тилхатни қарз бераётган одам ҳам, олаётган одам ҳам ёзмайди. Буни бетараф, холис одам – котиб ёзсин. Таомил шундай.

  «Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин».

  Афсуски, ушбу илоҳий қонундан узоқлашилгани боис, бугунги кунда қарзни вақтида адо этмаслик биз учун одатий ҳол бўлиб қолган. Қаерга қараманг, жуда кўплаб низолар, уруш-жанжаллар, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар орасининг бузилиши, ҳатто оғир жиноятлар қарз муаммоларидан келиб чиқмоқда. Ақл бовар қилмас даражадаги катта қарзлар бир неча йиллардан бери тўланмаган. Кимдир қарз берган, кимдир олган, аммо қуруқ сўзга ишониб, ялиниб-ёлворганига раҳми келиб, на гувоҳ чақирилмаган, на кимдир бирон нарса ёзган. Энди эса омонатга хиёнат юзага келади – қарз берувчи талаб қилади, олувчи бермайди. Мабодо кимдир ўртага тушган бўлса, қарзини қайтариб ололмаган одам жон аччиғида унинг ўзига ёпишяпти, яхшилик қиламан деган одам балога қолиб кетяпти. Шунинг учун кўпинча одамлар бундай ғалвали масалага аралашишдан, ўртага тушишдан ўзларини олиб қочадилар. Аммо Аллоҳ таолонинг Ўзи бунга чақиряпти. Бир киши гувоҳликка чақирилса, Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, чунки бу савоб иш, Аллоҳ буюрган иш.

  Бир мушкулини ҳал қилиш учун қарз олган, сўнгра оғир кунида ёрдам берган биродарининг омонатига хиёнат қилмай, уни ўз вақтида узишга ният қилган кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлар экан:

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким одамларнинг молини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, уни Аллоҳ (Ўз ёрдами ила) адо этади. (Бировнинг молини) йўқ қилишни ният қилиб олган одамни Аллоҳ йўқ қилади». Бухорий ривоят қилган.

  Демак, қарз олмоқчи бўлган одам аввало ниятини тўғрилаши лозим экан. Агар у «Аллоҳим, шу биродаримдан қарз оляпман, уни қайтаришга Ўзинг ёрдам бер» деса, Аллоҳ таоло қарзни қайтаришга албатта ёрдам беради. Лекин «Бойга бало урармиди, топганда бераман-да» деб олса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилади.

  Ҳаётда бундай ҳолатга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Одамларни алдаб, ишончига кириб, найранг йўли билан пул олишни касб қилганларнинг бало-офатларга йўлиқиб, йўқ бўлиб кетаётгани мазкур ҳадиси шарифнинг исботидир.

  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййитни олиб келинди. Бас, у Зот: «Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди. «Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар. «Ўша иккови менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳ ато қилганидан кейин: «Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар».Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўла туриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.Ушбу ҳадисга амал қилароқ, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади.

  Қарз бериш бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир, чунки унда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади». (Муслим ривояти).

  Аллоҳ таоло қарздорлар қарзларини ўз вақтида адо этишларига муяссар айласин, қарз ва омонат борасидаги масъулиятни яхши биладиган омонатдор бандалардан бўлишимизни барчаларимизга насиб қилсин.

  Роббим Бутун дунёни тинч қил, ер юзидаги барча инсониятни соғ омон қил, дунёни ваҳимага солиб турган бу касалликни Юртимиздан, бутун инсоният устидан кўтар. Устиимздаги бу улкан синовдан барчаларимиз гўзал сабр, ибрат, ҳикмат  ва бардавом дуолар билан, сўнгида эса улкан савоб ва мукофот билан чиқишлини насиб қил.

  Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз алҳамдулиллаҳ, Аллох таоло буни муборакли ва бардавом қилсин.

  Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ишлаётган Юртбошимиз ва барча раҳбарларни қилаётган диний ва дунёвий хайрли ишларига доимо Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлсин деб дуо қилиб қоламиз…

  Манбалар асосида тайёрланди.

Мухаммадкуддус Абдулманнон

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби