Заҳириддин Муҳаммад Бобур

1623

Темурийзода султонлардан бири, улуғ шоир ва давлат арбоби, йирик саркарда ва беназир тарихнавис Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, давру замонлар ўтгани сайин неча авлодни қизиқтириб келмоқда ва бундан буён ҳам шундоқ бўлиши муқаррар.

У – ниҳоятда қисқа, аммо туганмас ҳаётнинг, зим-зиё оламни ёритган чақиндай тез сўнган, лекин, мана беш юз йиллардан буён тўхтамай ўрганлишда давом этаётган ҳаёт ва ижод йўли нақадар нурафшондир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ ва шоирдир, адабиётимизнинг Навоий бобомиздан кейинги эътиборли вакили, темурий шаҳзодаларнинг энг салоҳиятли намоёндаларидандир. “Бобур” арабча “шер” деганидир. Бу исм унинг шахсига ҳам, ижодига ҳам мувофиқ тушган. У 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилди. Отаси Фарғона вилоятининг ҳокими Умаршайх Мирзо (1455-1494) Амир Темур бобомизга эвара (тўртинчи авлод) эди. Бобур жуда эрта ҳаёт гирдобига тортилди.

1494 йилда отаси Умаршайх Мирзо бахтсиз тасодиф туфайли фожиали ҳалок бўлади. Тўнғич ўғил – 12 ёшли Бобур тахт эгаси бўлиб қолади. 1497 йилда Самарқандни қўлга киритади. Бу вақт эса Андижонда хиёнат юз беради. Ишониб топширган кишилари Андижонни душман қўлига топширади. Бўлажак шоир икки йилдан кейингина Андижонга қайтади. Сўнг яна 1500 йилда 17 ёшли Бобур иккинчи маротаба Самарқандни Шайбонийхон қўлидан тортиб олади. Бироқ яна Самарқандни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Ниҳоят, 1503 йилда Қобулга йўл олади. Қобул ва Ғазнани жангсиз эгаллаб, ўзини шоҳ деб эълон қилади. 1507 йилдан Ҳиндистонни эгаллаш иштиёқи пайдо бўлади. 1526 йил 12 апрелда Панипатда Ҳинд султони Иброҳим Лодийнинг 100 минг кишилик қўшини билан жанг қилиб, енгади, жуда катта салтанатни майдонга келтиради. Бу салтанатни унинг авлодлари XIX асрнинг ўрталаригача, инглизлар истилосига қадар идора этадилар.

Бобур 1530 йилнинг 26 декабрида Аграда вафот этади. Унинг умри қисқа бўлиши ва салтанатнинг ташвиши зиммасида бўлишига қарамай, илм ва ижод соҳасида ҳам катта ишлар қила олган сиймодир.

Бобурнинг бир шеърий девони, “Бобурнома”си, аруз ҳақидаги “Мухтасар” асари, “Мубаййин ал-закот” (Закот баёни) номли шеърий рисоласи ва Хўжа Аҳрордан қилинган “Волидия” таржимаси етиб келган.

Девонидаги шеърлари 400 дан ортиқ бўлиб, шундан 119 тасини ғазал, 231 тасини рубоийлар ташкил қилади. Бу ғазал ва рубоийларни маълум қисми ҳасби ҳол (автобиографик) ҳарактерга эга, ҳар бирининг ёзилиш тарихи бор. Лекин барчаси бениҳоя самимий туйғулар билан йўғирилган.

Ҳаётга қайноқ меҳр акс этган жўшқин шеърлар билан бирга афсус – надомат балқиб турган ғазал ва рубоийлар ҳам бор. Лекин ғам-алам ҳам кўпроқ. Сабаби, буюк бобомизнинг ўз ватанидан айро тушганидир.

Менинг кўнглимки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батан қондур,

Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи на имкондур, –

деб бошланади ғазалларидан бири.

Ўз замонининг йирик давлатларидан бирини подшоси бўлиб турса ҳам ўз Ватани Андижоннинг соғинчи умрининг охирига қадар қалбини тирнаб келди. Тақдир уни ўз Ватанига келишига тўсқинлик қилган, унинг қисматига ўзга юртда шоҳ бўлишлик битилган эди. Буни  бобомиз ўз асарларида шундай баён этади:

Толе йўқки жонимға балолиғ бўлди,

Не ишки айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бобомиз Бобурнинг асарларида Аллоҳга муҳаббат, Ватан ва халққа муҳаббатни акс эттирувчи дидактик (панд-насиҳат) байтлари ҳам кўпдир. Энг аввало мўминликнинг белгиларидан бири одамларга, халққа яхшилик қилмоқдир.

Ҳар кимки, вафо қилса вафо топқусидур,

Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ямонлиқ ҳаргиз

Ҳар кимки, ямон бўлса, жазо топқусидир.

Ўрта аср адибларининг аксарияти дидактик асарлар ёзганлар. Бу асарларда асосан Аллоҳга муҳаббатни изҳор қилганлар. Аллоҳга муҳаббат ёр ёки бода, май ва бошқа маъноларда ишлатилган. Бобомиз Бобур ҳам Аллоҳга бўлган  ўз муҳаббатини шундай баён этган:

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,

Сен шуъласену ул шуълаға мен кулдурмен.

Нисбат йўқтур деб ижтиноб айламаким,

Шоҳмен элга, вале санга қулдурмен.

“Бобурнома” Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бутун умри давомидаги эсдаликларидир. У 12 ёшидан ҳаётининг сўнгигача бўлган воқеъаларни қайд қилиб борган ва умрининг охирларида, 1525-1530 йилларда ушбу асарини яратган деб тахмин қиладилар. Асарнинг 10 дан ортиқ қўлёзмалари бўлиб, жаҳоннинг турли кутубхоналарида сақланади. Дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган. У асосда кўплаб бадиий асарлар ёзилган. П.Қодиров, Б.Бойқобилов, Х.Султоновлар Бобурга бағишлаб роман, қисса ва достонлар яратдилар.

“Бобурнома” ҳам тарихий, ҳам бадиий асардир. Унда 1494 йилдан 1530 йилгача Хуросон, Мовароуннаҳр, Ҳиндистонда юз берган воқеалар акс этган. Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Бадиуззамон, Музаффар Мирзо, Умаршайх, Султон Аҳмад, Султон Маҳмуд каби ўнлаб тахт эгалари, Алишер Навоий, Муҳаммад Солиҳ, Камолиддин Биноий, Беҳзод, Мирак Наққош, Ҳусайн Удий сингари адабиёт ва санъат арбоблари ҳақида қимматли маълумотлар, мулоҳазалар келтирилган. Бунинг ҳаммаси Ўзбекистон тарихи учун муҳимдир.

Бобур табиатан ниҳоятда зийрак ва синчков, ғоят фаҳмли ва идрокли, ҳамма нарсага қизиқувчан эди. У қаерга бормасин, ўша ернинг жўғрофий ўрнидан тортиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсигача, об-ҳавосидан элнинг тили-ю урф-удумигача – ҳамма-ҳаммаси билан қизиқади ва ёзиб қолдиради.

Менимча ҳаётда изланувчанлик, ташаббускорлик бобомиз Бобурдан биз андижонликларга мерос қолган бўлса керак. Маълумотларга қараганда бобомиз Бобур ғоят тадбиркор ва ишбилармон бўлган бўлиб, Ҳиндистондан шакар қамишни олиб келиб Ўзбекистондан етиштиришни режалаштирган. Бироқ иқлим тўғри келмаслиги оқибатида шакар қамиш бизнинг диёримизда ривожланмай қолган.

Бобомизнинг ҳаёт йўли ва қилган ишларидан бир парча келтиришдан мақсадим, кимнидир ёдга олмоқчи бўлсак уни албатта қилган ишлари-ю яхши сифатларини ёдга олмоғимиз зарур. Бу билан Бобомиз ҳақидаги қисқача билимларим билан сизлар билан ўртоқлашмоқчи бўлдим. Зеро, 14 февраль куни Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу кунларда бутун юртимиз бўйлаб, унинг таваллуд куни нишонланиб, Бобурхонлик кечалари ўтказилиб, бобомиз хотирланади, унинг ижодидан янада кўпроқ халқимиз айниқса фарзандларимиз бахра оладилар.

Ватанимиз фахри бўлган буюк фарзанди олдида доимо таъзимда бўлиб, уз отнинг ижодларини ўрганишимиз, ундаги ватанпарварлик руҳини ёш авлодга доимо ўрнак қилиб кўрсатмоғимиз лозим.

 

ЎМИнинг Андижон вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин Холиқназаров