Юрт отасини яна бир бор хотирлаб…

915

Ватанимиз истиқлол неъматига эришгач, диний ва миллий қадриятлар, расм-русум ва урф-одатлар халқимизнинг кунлик ҳаётидан яна қайтадан жой олди. Шулардан бири вафот этганларни хотирлаш ва уларнинг яхши амалларини тилга олиш ва келажак авлодга ўрнак қилиш ҳисобланади. Бу масалада гўзал динимиз томонидан талайгина кўрсатмалар мавжуд бўлиб, ҳатто бу каби амалларни тоат-ибодат қаторига кўтарилган.

Дарҳақиқат, бу ҳақида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: Албатта Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ўтганларингизни яхши (амаллари)ни эсланглар…..”.

Албатта, бу ҳадис шарифнинг мазмунидан вафот этганларнинг ҳар қандай яхшиликларини эслаб ўтишимиз зарур экани маълум бўлмоқда.

Ўзбекистон халқини ортида қолдириб мангулик диёрига юз тутган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёдидан ҳамон қалбларимиз ларзада. Вафотларидан неча ойлар ўтган бўлса ҳамки, биринчи Президентимизнинг қилган ишлари-ю, ҳаммани лол қолдириб кетганларини ҳамон эсламоқдамиз.

Булар ҳаммаси марҳум Юртбошимизга бўлган самимий муҳаббатимиздан. Миллионлаб қалбларнинг муҳаббати. Бир инсон қандай қилиб бунчалар муҳаббатга сазовор бўлди экан?

         Саволнинг жавоби эса бир қутлуғ ҳадиси шарифда келгандай.

Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай мархамат қилганлар: Аллоҳ таоло қачон бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга нидо қилади: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин”. Шунда Жаброил ҳам  уни яхши кўради. Кейин осмон аҳлига нидо қилкур: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, мен ҳам уни яхши кўраман”. Шунда осмон аҳли ҳам уни яхши кўриб қолур. Сўнг у Ерда ҳам қабул қилинур.

Шунингдек, оила давраларида бўладими, катта-кичик мажлис ва тадбирларда бўладими ўтганларимизнинг ватан, юрт учун қилган меҳнатларини ёдга олишимиз энг гўзал ишлардан ҳисобланади. Биз келажак авлод уларнинг заҳматлари эвазига эришилган тинч-осойишта юрт ва серунум заминни қадрлашимиз даркордир. Ота-боболаримиз жонажон ватанимиз учун оилалари, дўсту-ёрон ва уйларини тарк этиб, тинчлик учун ўзларини фидо қилишларини ҳикматларда: “Ватанни севмоқ иймондандир” деб айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория (савоби давомли яхши иш), фойдали илм, унинг ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд”, дея мархамат қилган муборак ҳадисларни яхши биламиз.

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан халқимиз учун бунёд этилган минглаб иншоатларни таърифлаш шарт эмас.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ, буюк алломаларимиз, муҳаддису, фақиҳ уламоларимиз илмий меросларини тадқиқ этиш, ёш авлодни аждодларимизнинг бой маънавий билимлари асосида тарбиялашга юртбошимиз раҳнамолигида алоҳида эътибор қаратилди. “Маънавияти юксак халқни енгиб бўлмайди”, дея айтган сўзлари долзарблиги бугун янада равшан бўлмоқда. Қолаверса, У кишининг адабиёт, маънавият, иқтисод, сиёсат, жамият, тилшунослик ва бошқа фанларга методолия бўлиб хизмат қилувчи асарлари манфаатли илмни ифодалаб беради.  Ўтганларнинг яшаган ҳаётлари ва халқ учун қилган хизматларини бебаҳо тарзда қадрлаш ва келажак авлод учун чиройли намуна қилиш зарур ҳисобланади.

Илоҳим, Юртбошимиз бўлган, Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни Ўз раҳматингга олгин!

 

Андижон шаҳар

“Чинор” жоме масжиди имом хатиби

Авазбек Мўминов