Кўпинча ёши улуғ одамлардан ҳозирги ёшлардан ҳаё кўтарилиб кетди – деган эътирозларини эшитиш одатий ҳолга айланганлиги ҳеч кимга сир эмас.        Ҳаё кишининг иймон эътиқоди, одоб-ахлоқининг даражасига қараб, кўп ёки кам бўлади. Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири – ҳаёдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:  “Ҳаё ва иймон ўзаро чамбарчас боғлиқдур. Агар ушбу икки сифатдан бири йўқ қилинса, иккинчиси ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади.”

          Бир одам беъмани ишлардан ўзини тортаётганини ёки бирор нолойик ишни килиб қўйиб, хижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билингки, у ҳаёли инсондир. Агар бордию қилаётган ишларига бепарво бўлса, яхши-ёмонлигига эътибор бермай қилаверса, халқимиз ундай одамдан яхшилик чиқмайди,унинг ҳаёси йўқ дейди. Бу хақида Расулуллох саллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай деганлар: “Кимки одамлардан ҳаё килмаса, у Тангридан ҳам уялмайди.”

 Ҳақиқатан ҳам ҳаёли, андишали, ориятли, диёнатли инсонлар ахлоқ-одоби, муомаласи, ҳалоллиги, камсуқумлиги ила катта-ю кичик меҳрини қозонади. 

           Абу Али Ибн Синонинг “Зафарнома” асарида шундай ҳикоят бор: Бир куни Анушервон Бузургмеҳрдан сўради:  “Ёшлардаги қайси фазилат яхши-ю, кексалардаги  не хислат аъло?”.  Жавоб килди: “Ёшлардаги шарм-ҳаё ва шижоат, кексалардаги донолигу вазминлик”.             

            Минг афсуски, кўр-кўрона Оврупа маданиятига эргашиш каби иллатлар ўзлигимизни суриб чиқарди. Натижада, миллий қадриятларимиз топталди, ёшларимиздан ҳаё кўтарилди.

            Содир бўлаётган турли-туман ўғирликлар, порахўрликлар, одам ўлдириш, зино, гиёҳвандлик, қиморбозлик, фохишабозлик, ичкиликхўрлик, кашандалик каби ноинсоний иллатлар ҳаёнинг йўқолиши оқибатларидир.

            Шукрки, Аллоҳ таолонинг шафқати, марҳамати билан юртимиз мустақил бўлиб, динимиз иймон-эътиқодимиз нурлари халқимиз дилини равшан эта бошлади, кўп ёшларимиз ўзларини ислоҳ қилишга киришдилар. Аммо баъзи ота-оналар ва ёши улуғлар тарбияда аввало ўзлари ўрнак-намуна бўлиши, ўғил-қизларнинг одоб-ахлоқларини назорат қилиш у ёкда турсин, уларга лоқайд, бефарқ, ўзлари тарбияга муҳтож бўлиб қолишган. Тамаки чекиш ва гиёҳват моддалар қабул қилиш, ароқ ичиш, оғизга келган ножўя сўзларни қайтармасликни оддий ҳол ҳисобловчи бу кимсалар бировнинг ҳаққидан қўрқиш, ҳалол-ҳаром деган тушунчалардан йироқдирлар. Улар ўз хатти-ҳаракатини виждон тарозуси билан ўлчамайдилар, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун биладилар.  Ислом дини мусулмонларни ҳаёли бўлишга буюрди, ҳамда ана шу улуғ ҳулқни исломнинг ўзига хос аломати сифатида белгилаб қўйди. Имоми Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай марҳамат қилдилар: “Албатта, ҳар бир диннинг   (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир.

Хақиқатан ҳам ҳаёли, андишали, ориятли, диёнатли инсонлар ахлоқ-одоби, муомаласи, ҳалоллиги, камсуқумлиги ила катта-ю кичик меҳрини қозонади. Аллоҳ барчамизга ҳаё билан ҳаёт кечиришимизни насиб айласин! Омин.

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби.