Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

  • Яқинда тавба қиламан, деб айтувчи ҳалок бўлади. Мўмин кишига то ўлим келгунича, ҳар вақт Аллоҳга тавба қилмоғи лозим бўлади. У ўлим пайтида тавба қилгувчи бўлса Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилгувчидир. Аллоҳ таоло айтди: “У бандаларидан тавба – тазарруъ қабул қиладиган, ёмонликларни авф этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган зотдир” (Шўро, 25). Яъни гуноҳларидан ўтади, агар тавба қилсалар ва гуноҳлардан қайтсалар.

Тавба – гуноҳларига қалби билан пушаймон бўлмоғи, тил билан истиғфор сўрамоқлиги  ва гуноҳларига ҳеч ҳам қайтмасликни кўнглига тугмоқлигидир.

 Абдуллоҳ Ибн Масъуд, Аллоҳ ундан рози бўлсин, айтади: “Кимки фақат якка-ю ягона, улуғ Аллоҳ таолодан кечирим сўрайман, деб уч марта айтса, унинг гуноҳлари кечирилади, агар денгизнинг кўпикларича бўлса ҳам”.

 Абу Қалоба айтди: “Албатта  Аллоҳ  таоло иблисни лаънатлаган пайтда иблис муҳлат беришни сўради. Аллоҳ унга муҳлат берди. “Сенинг улуғлигинга қасамки, бандангнинг қалбидан жони чиққунича чиқмайман”, деди. Аллоҳ айтди: “Улуғлигимга қасамки, бандамдан тавбани тўсмайман, токи нафаси чиққунича”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Гуноҳига тавба қилган киши гўёки гуноҳи йўқ кишига ўхшайди.”

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Агар банда бир гуноҳ қилса, кейин айтсаки: “Ё Аллоҳим, мен гуноҳ қилдим”, ёки айтсаки, “Мен бир гуноҳ содир қилиб қўйдим, мени кечиргин”, деб. Аллоҳ таоло айтади: “Бандам гуноҳ қилди, билдики, унинг Парвардигори гуноҳларни кечиради ва шу гуноҳ билан жазолайди. Бас, бандамнинг гуноҳларини кечирдим”. Бу нарсаларнинг ҳаммаси  Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламнинг  ҳурматлари учундир.

Демак ҳар бир мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таолога кечаю – кундуз тавба қилмоғи лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни тавбалари қабул бўлган бандаларидан бўлишимизга насиб этсин.

 

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби.