Сўнги йилларда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкилиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, мусулмонлар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқариш ҳамда нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа» деб эълон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар. Энг ёмони, улар ўз ҳатти-ҳаракатларини асослаш учун ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларни ўзларининг мақсадлари йўлида тафсир ва таъвил қилиб мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринмоқдалар.
Ислом дини ҳар қандай оғир шароитда ҳам террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишидан қатъий назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум бўлади. Яна оятга мурожаат қилайлик: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир».
Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади. Масалан: «Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни (тажовузкорларни) ёмон кўргай».
XX аср инсоният тарихида диний экстремизм ва терроризм каби иллатлар билан тарихда алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан қилинишидан қатъий назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, тегишли жазога маҳкум этилиши лозим.
Дунёда тинчликни сақлаш учун ҳамма имконият сафарбар қилиниши керак. Биз Аллоҳ таоло тарафидан Ер юзини обод қилишга амр этилганмиз. Бизнинг динимиз одамзот у ёқда турсин, оддий жониворга ҳам озор бермасликка буюради, зероки у тинчлик динидир.
Ислом нуқтаи назаридан терроризм сўзини таҳлил қиладиган бўлсак, у Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда «фасод», «эътидо», «сафкуд-димо», «қатлуннафс» каби лафзлар билан таъбир этилган. Яъни, ер юзида бузғунчилик, қўпорувчилик, ноҳақ қон тўкиш, тажовузкорлик мазмунида келган бўлиб, уни амалга оширувчилар қаттиқ қораланган.
Ер юзида бузғунчилик ва қўпорувчилик ишларини амалга оширган шахсларга нисбатан Қуръони каримда олий жазо белгиланган. Масалан: «Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси – ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилиниш. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик, охиратда эса, улар учун улкан азоб ҳам бордир».
Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида мазкур ишлар тўғрисида огоҳлантирганлар. Масалан: «Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз».
«Қиёмат куни одамлардан биринчи навбатда ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида сўроқ қилинур».
Экстремистларнинг ақидаси бўйича исломга даъват этишнинг йўли фақат иғвогарлик, жангу жадал, уруш, ҳарбий тўқнашувдан иборат.
Ҳокимиятни босиб олиш ёки конститутциявий тузумни ағдариб ташлашга қаратилган жиноий ҳаракат содир этиш учун ўз кучларини бирлаштирган шахсларни ислом дини нуқтаи назарида боғийлар деб аташ мумкин. Яъни, мусулмонлар ҳақли равишда ҳукумдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида тинч ва осойишта яшаб турганларида ўзлари ичидан унга қарши бош кўтарган кишилар тоифаси боғийлардир. Боғий тоифанинг хуружи зулм сабабли эмас, балки ўзларини ҳақ, подшоҳни ноҳақ деб билиш, ҳокимият талашиш мақсадида бўлса, бундай тўдага қарши подшоҳга ёрдам беришга ҳар бир имкониятли киши ҳаракат қилиши зарур. Чунки бундай тоифани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганлар. У зот айтганларки: «Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин».
Ҳозирги кундаги террористлар айнан фитначиларнинг ўзидир.
Экстремистик руҳдаги «дин ҳимоячилари» ўзларининг жанговор ҳаракатлари, қўпорувчилик ишлари ва иғвогарона ташвиқотларини оят ва ҳадислар билан исботламоқчи бўлиб, далилларни келтирмоқчи бўладилар. Масалан, улар тинч аҳолини ўзларининг эътиқоди бўйича муқаддас саналган жиҳод ва жангу жадалга даъват этиб жумладан ушбу оятни далил сифатида келтиради: «Эй, имон келтирганлар! Сизга не бўлдики, Аллоҳ йўлида (ёвга қарши) қўзғалингиз дейилса, ерга оғирлигингизни соласиз (чиқмай ўтирасиз),?! Охиратдан (кечиб) дунё ҳаётига рози бўласизми? Охиратга нисбатан дунё ҳаётининг матоҳи (лаззати жуда) оздир». Ёки бошқа бир оятда: «(Уруш) тақиқланган ойлар чиқиши билан мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, тутингиз (аср олингиз), қамал қилингиз ва ҳар қандай пистирмаларда уларни кузатиб турингиз» каби ўнлаб оятларни ҳозирги замон шароитига ҳам татбиқ этмоқчи бўладилар. Ваҳоланки, бу оятлар Пайғамбаримиз (с.а.в)га Аллоҳ тамонидан нозил қилинган пайт айнан мусулмонларга қаттиқ озор берган ва юртларидан ҳайдаб чиқарган Макка мушрикларидан қасос олиш мақсадида ҳамда мусулмонларга қарши қўшин тортиб келаётган ғайридинлар билан Табук жанги муносабати билан нозил қилинган бўлиб, ҳозирги замонга татбиқ этилиши мутлақо жоиз эмас.
Маълумки, террорчи ва экстремистик тузилмаларнинг асосий ғояси «жиҳод» йўли билан ўз фаолиятини давом эттиришдир. Бу дегани доимий равишда қайсидир мамлакат халқини қуролли ҳужум орқали мажбурий равишда ўз ғоялари таъсирига тортиш ҳамда ўзларига мос шароит яратиш мақсад қилинган. Уларнинг «ақида»си бўйича «жиҳод» исломни ёйиш воситасидир.
Биз айтамизки, ислом динини қурол воситаси билан ёйиш даври ўтган. Эндиликда бу ғояни татбиқ этиш мақсадида жангариларни тайёрлаш, ҳарбий машқларни давом эттириш ислом динини дунёга манфур қилиб кўрсатиш демакдир. Бунинг ўрнига тинчлик йўли билан ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шавқатга чақирадиган, тараққийпарвар дин эканини амалда намунали тарзда кўрсатиш йўлини танлаш лозим.
Айрим ақидапараст тузилмалар томонидан аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган мамлакатларда гарчи исломнинг бешта аркони амалда бажарилиб келинаётган бўлса-да, шу каби юртларни «дорул-ҳарб» яъни «уруш диёри» дея эълон қилиб, уларга қарши жиҳод эълон қилиш лозимлигини даъво қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу даъволари шаръан асоссиздир.
Шайхул-ислом Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирди фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ўзининг «Китоб ал-фусул» асарининг биринчи фаслини «дорул-ислом» ва «дорул ҳарб» масалалари билан бошлаган.
Ҳанафий мазҳаби мужтаҳидлари дорул-ислом қандай қилиб дорул ҳарбга айланиб қолиши ҳусусида ихтилофлар қилганлар. Абу Ҳанифа сўзига кўра, дорул ҳарб бўлиши учун у мамлакатда ширк ҳукумлари жорий қилинган, дорул-ҳарбга саналувчи мамлакатга бевосита қўшни бўлиб, ўртада бошқа мусулмонлар яшайдиган шаҳар бўлмаган, бирор мусулмон ёки зиммий жонига омонлик берилмаган бўлиши керак. Мана шу шартлар топилмаса дорул-ислом дорул-ҳарбга айланмайди. Яна Абу Ҳанифа айтади: Модомики, ислом аҳкомидан озгина миқдорда қолган бўлса ҳам мамлакат дорул-ислом ҳукмида қолаверади. Шайхул-ислом Абу Бакр ҳам «Сиярул-асл» китобининг шарҳида шундай дейди: Мамлакатда модомики, ислом аҳли амал қилаётган ислом аҳкомидан озгинаси қолган бўлса ҳам, гарчи аҳли исломлик аломати қолмаган бўлса ҳам дорул-ҳарбга айланмайди. Шайхул-ислом Исбийжобий ўзининг «Мабсут» номли китобида дорул-ислом аталиб келинаётган мамлакатда, гарчи битта ислом ҳукми жорий бўлиб турган бўлса ҳам, у дорул-ислом ҳукмида қолаверади.
Экстремистик руҳ билан йўғрилган қора кучлар илоҳий манбаларни нотўғри талқин қилиш билан ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиш билан бирга дунёдаги кўпчилик мусулмонларни чалғитиш ва дунё жамоатчилигига ташвиш орттириш ҳамда ислом дини ёвузликка чақирувчи дин тимсолида танитиш каби зарарли фаолиятлари билан ўта жинояткор бандалар қаторидан жой олаётганлари аниқ ва равшандир.
Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом дини таълимотини соф ҳолда асраб авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайман. Аллоҳнинг ўзи эзгу ниятли кишиларнинг пок ният ва истакларини рўёбга чиқишида мададкор бўлсин!
Санатбек домла Турсунов
“Усмони Зиннурайн”
жоме масжиди имом -хатиби