Ёшлар тарбияси ўта муҳимдир

22

Ёшлар тарбиясида ҳар бир ҳолатга эътибор бериш керак. Тарбиянинг бирор унсури йўқ-ки, енгил саналса. Ҳаёни енгил санасак, келажагимиз олабайроқларга қолади. Банданинг ҳақларига бепарво бўлсак, коррупцияга ҳеч қачон чек қўя олмаймиз. Намозга бепарво бўлсак, унинг ўрнини дискотекага тўлдирамиз. Илмга лоқайдлик қилсак, келажак одамларининг ҳайвонлардан фарқи қолурми?

Ҳар бири ҳам муҳимдир. Шулардан бири ёт ғоялардан сақлаш. Кейинги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз деган ўта хатарли ва нотўғри фикр қамровига тушиб қолмоқдалар.

Асримизнинг энг катта муаммоларидан бири ёшларнинг бузғунчи ғоялар домига тушиб қолишларидар. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз деб эътиқод қилишдари жула ҳам катта муаммо. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш учун уларга бу борадаги ҳақиқий исломий таълимотларни етказиш зарур. Хусусан террор нима эканлигини яхши тушунтиришимиз керак.

Жамоатчилик асосида қилинган саъю ҳаракатлар натижасида бундай хатарларнинг олди олинмоқда. Бироқ бу дегани хотиржам бўлиш керак дегани эмас, балки доимо ҳушёрликда бўлишимиз лозим. Яхшилаб тушунтиришимиз керакки, ноҳақ қон тўкишлик гуноҳи кабира саналади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ва бошқалар).

Золим кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг ана шу амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган.

Аллоҳ таоло Ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради, ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни тақиқлайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло буйруқларига бўйсунмаганлар «шайтон изидан эргашганлар» деб зикр қилинади. Террорчилик қон тўкишнинг шайтоний усулидан бошқа нарса эмас.

Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган. Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган. Аллоҳ таоло буюради:

وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (سورة ﺍﻷنفال/25)

яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.

 

Қамариддин Шарофуддинов. Асака туманидаги “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби