Жамиятдаги саноқсиз муаммолар сабабчиси

547

(Маст қилувчи ичимликлар)

Аллоҳ таоло ароқ ва қиморнинг ҳаромлигини баён қилиб, шундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» («Моида» сураси, 90-91-оятлар).

Ушбу икки оят улкан насиҳатларни ўз ичига олгандир. Аллоҳ ароқ билан қиморни ифлос нарса, шайтоннинг ишларидан, дейди. Ифлос нарса бу ёмонларнинг ёмони, ниҳоятда ярамас нарса, дегани. Чунки бу икки нарсадан жуда кўплаб ёмонликлар ва фасодлар келиб чиқади.

Атрофимизда оила ва жамиятга оид саноқсиз муаммолар борки, уларни эшитиб, қалбинг оғрийди, ҳасрат чекасан, хафа бўласан киши. Муаммоларни ўрганиб қаралса, энг ачинарлиси маст қилувчи ичимликлар ҳамда гиёҳванд моддалар сабабли содир этилаётган муаммолар эканига гувоҳ бўламиз. 

Фарзандларимизга бефарқ бўлишимиз уларни бекорчи ишлар билан шуғулланишига сабаб бўлмоқда. Бекорчилик оқибатида улар инсон кўринишидаги шайтонлар билан дўстлашадилар, маишатпарастликка бериладилар. Бу эса ачинарли оқибатларга олиб боради. Шунинг учун биз келажагимиз бўлмиш ёшларимизни турли хил хатарлардан асраб-авайлашимиз, уларни тўғри йўналишда тарбиялашимиз даркор. Биз фарзандларимиз тарбиясига лоқайд бўлганимиз учун ўғилларимиз у ёқда турсин, ҳатто қизларимиз ҳам ичкилик иллатига мубтало бўлишмоқда. Бундан оғир мусибат бўлиши мумкинми?!

Ичкилик иллатига мубтало бўлиш инсоннинг яшаш тарзини бузади, ҳаёт равнақини йўқотади. Бу иллатга чалинганларнинг ҳаёти энг расво кўринишда ва энг разил аҳволда ўтади. Чунки мастлик инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи неъматдан, яъни ақл неъматидан жудо қилади, маст киши фикр юритиш қобилиятини йўқотади, эркаклигини бой беради, ҳаё ва иффатидан маҳрум бўлади. Бошқача қилиб айтганда, инсон маст бўлиши билан инсонийлик деб аталмиш энг улуғ мартабадан энг қуйи ҳайвонийлик даражасига тушиб қолади. Ичкиликбозлик дастлаб инсон кўзига иззат, лаззат ва маишат бўлиб кўриниши мумкин, лекин аслида бу иш разолат, хорлик ва икки дунёда азобдир.

Ичкилик қабиҳ ва разил ишларнинг эшигидир. Зино, одам ўлдириш ё ўғрилик қилиш Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган катта гуноҳ бўлса, маст қилувчи ичимликлар шу фисқу фасодларнинг онаси ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ичимликларни шайтон амалидан пайдо бўлган нопоклик деб атагани бежиз эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз умматларини маст қилувчи нарсалардан қайтарганлар. У зот марҳамат қиладиларки, “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”. Бу ҳадисдан билинадики, ҳар бир танани бўшаштирувчи, маст қилувчи нарсалар ҳаромдир. Бу нарса ҳозирда кўпинча ичкиликда яққол намоён бўлмоқда. Ароқ, коняк, вино, пиво каби воситалар борки, уларнинг барчаси ҳаромдир.  “Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”- дедилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Маст қилувчи ичимликлар сабабли лаънатланган кимсалар хусусида Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

1) ароқни тайёрлаган;

2) тайёрлатган;

3) ичган;

4) олиб келган;

5) олиб келтирган;

6) қуйиб берган;

7) сотган;

8) пулини еган;

9) сотиб олган;

10) унга атаб сотиб олинган кишидир.

Азизлар, Худо ҳаққи айтингчи, мусулмон инсон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лаънатларига дучор бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан бадарға бўлишга рози бўлиши мумкинми?! Йўқ, албатта! Мусулмон киши ўзининг мусулмон эканини, иймони бор эканини унутган вақтидагина бу қабиҳ ишга қўл уриши мумкин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароқ ичувчи киши мўмин ҳолатида ичмайди” – деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳар бир давр ва жамият бу жирканч иллатга қарши азал-азалдан курашиб келган. Чунки, бу иллат халқлар учун моддий ва маънавий зарар манбаи бўлган. Тиббиёт ҳам ичкиликни қоралаган ҳолда унинг инсон вужудига, унинг насли ва зурриётига бўлган салбий таъсирини исботлаб берган. Шу боис ичкиликбозликни бартараф этиш шахс ва жамият баркамоллигини таъминлайди.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунга келиб муқаддас китобимиз бўлмиш Қуръони Каримда харом қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини истеъмол қилишдан огоҳлантирган, кўпгина маъсиятларга сабаб бўлаётган, инсон жисмини ва руҳини емирадиган заҳри қотил дўкон расталарида савлат тўкиб турибди. Таассуфки, мусулмонлик даъвосини қилаётган бечоралар умумий овқатланиш жойларида, кафе ва барларда бу шайтон сувини ҳеч тап тортмай сипқормоқдалар. Маросимлар, никоҳ тўйлари бу шайтон сувисиз ўтмай қолди. Шаффоф қадаҳларга қуйиб ичилаётган бу ичкиликни аслида жаҳаннам оловига улоқтирувчи иблиснинг заҳри эканлигини ҳеч ким билмайди.

Иблис гуноҳни бандага жуда чиройли қилиб кўрсатади, банда гуноҳи эвазига жаҳаннамга қулаётганлигини сезмайди. Ичкилик ичаётган кимсалар ҳозирда шундай бадбахтликка ҳам боришмоқдаки, эшитган одам дахшатга тушмай иложи йўқ. Аллоҳ харом қилган бу ичимликни Аллохнинг исмини айтиб туриб ичишгача етиб боришмоқда. Даврада ўтирган майхўрлар маросим сабабчиси бўлган дўстларига тилак билдириш баҳонасида қадаҳ тўлдириб, гўзал сўзларни айтишади.

“Биродаримизни Аллоҳ умрларини узоқ қилсин!”

“Дўстимизнинг топганларини Аллоҳ тўйларга сарф қилишини насиб қилсин!”

“Туғилган чақалоқ ризқи кенг, сердавлат бўлсин!”

Астағфируллоҳ! Аллоҳга маъсият бўладиган амал билан гўзал тилак ва дуоларини айтмоқдалар. Албатта бу гаплар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишларига кифоя.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароққа муккасидан кетиб ўлган киши қиёматда Аллоҳ таолога бутга ибодат қилган кишидек йўлиқади” – деганлар. Сабаби, ароққа муккасидан кетиш шундай бир босқички, унда инсон ароқнинг бандасига айланади. Ароқ учун керак бўлса обрўсини ҳам, ҳаётини ҳам беради.

Ибн Можа ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароққа муккасидан кетган инсон жаннатга кирмайди” – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароқ ичган кишига тийнатул хабол ичиришни Аллоҳ Ўз зиммасига олган” – деганлар. Саҳобалар тийнатул хабол нима эканини сўрашганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзах аҳлидан чиққан тер” – деб жавоб берганлар. Шунингдек, ароқ ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул қилинмаслиги ҳам саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган.

Ароқнинг зарарларини санаб охирига етказиб бўлмайди. Ароқ ичган кишини виждонсиз, уятсиз қилиб қўяди. Жамиятга виждонсиз ва уятсизликдан кўпроқ зарар келтирадиган нарса бўлмаса керак. Чунки, ароқхўр киши ахлоқ-одобга эътибор бермай қўяди ва барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Ҳозирги кунда кўплаб зино ва оилавий хиёнатлар ароқ туфайли бўлмоқда. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетмоқда. Кўпинча тўполонлар, тартибсизликлар, одам ўлдириш ва шунга ўхшаш турли жиноятлар ароқ туфайлидир. Ароқнинг ижтимоий зарарларининг ҳам сон-саноғи йўқ. Ароқ туфайли дўстлар душманга айланмоқда, жамият турли соҳаларда ароқдан чексиз зарар кўрмоқда. Ҳозирги кунда бу оддий ҳақиқат бўлиб, ҳар бир инсонга равшан. Юқоридан айтилганидек, ароқ яъни кишини Аллоҳнинг зикридан ва намоздан ҳам тўсади. Чунки маст одамнинг ақли бўлмайди, ақлсиз одам қандай ибодат қилади? Ибодат ақлга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Ислом бундан 15 аср муқаддам ароқни батамом ҳаром қилди ва уни ичувчиларга уқубатлар белгилади.

Маст қилувчи ичимликларга муккасидан кетган кимса ҳурматга лойиқ эмас. У ўзининг жирканч қилмиши билан жамият орасидаги ўз ҳурматини йўқотади. Ундай иллатга ружу қўйганлар ўз оиласида ҳам, жамиятда ҳам муносиб ўринларини эгаллай олмайдилар. Уйига ароқ ичиб, маст бўлиб келадиган ота қандай қилиб фарзандларига яхши ўрнак бўла олсин. У маст-аласт юриши билан кўпчиликка озор етказишининг ўзи ҳам атрофдагиларни унга нисбатан бўлган илиқ муносабатлардан тўсади.

Маст қилувчи ичимлик ичадиган кимсага қандай муносабатда бўлиш хусусида ўтган салафи солиҳларнинг тутган йўллари барчага ўрнак бўларлидир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ароқ ичувчилар бетоб бўлишса, уларни зиёрат қилгани борманглар”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Ароқ ичувчиларга салом берманглар” деб айтганлар.

Албатта бу уларга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Баъзилар одамлардан уялиб бўлса ҳам бир ёмон амалдан ўзини тийиб туради.

Баъзи уламоларимиз айтган эканлар: “Ароқ ичувчиларни зиёрат қилиш ва уларга салом бериш ман қилинганининг боиси, ароқ ичувчи лаънатланган, фосиқдир. Агар у сотиб олиб ичса, икки марта лаънатланган, бошқа бировга ҳам қуйиб берса, уч марта лаънатланган. Агар улар тавба қилсалар, уларни яна зиёрат қилиш ва салом бериш жоиз бўлади. Кимки тавба қилса, Аллох унинг тавбасини қабул қилади”.  

“Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”. Ҳадисдан

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратди. Дунёдаги барча покиза нарсаларни унга ризқ қилиб берди. Бу ҳақда Роббул Оламийн Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”. Исро сураси, 70-оят

Инсоннинг бошқа махлуқлардан фарқи унинг мукаррам қилинганлигидир. Унга энг покиза нарсалар ризқ қилиб берилди. Бу ёруғ дунёдаги барча мавжудотлар Одам болаларига беминнат хизматкор ўлароқ буйсундириб қўйилди. Албатта бундаги ҳикмат инсон ўз яратган Парвардигорини таниши ва унга ибодат қилиши, Унинг берган неъматларига шукр қилиши учундир.

Инсон бу дунёга ўйин-кулги учун, еб-ичиш учун ёҳуд ерда бузғунчилик, фитна-фасод қилиш учун яратилгани йўқ. Меҳрибон ва Раҳмли Парвардигоримиз Ўзи Қуръони Каримда бу ҳақиқатни ўз бандаларига баён қилди.

“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир.” Ваз-Зориёт сураси, 56-58-оятлар.

Умр инсонга бир марта берилади. Умр шундай неъматки, қадрига етиш лозим бўлган неъматларнинг шукри айнан умр неъматига шукроналикдан бошланади.

Аллоҳ таоло бутун дунёни, хоссатан, она заминимизни бу каби разолатлардан, иллатлардан, икки дунёда хор қиладиган амаллардан ўз паноҳида асрасин. Адашиб қолганларнинг тўғри йўлга қайтишларига Ўзи тавфиқ берсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни оқибатларимизни хайрли иқилсин, кетар чоғимизда иймонимизни ўзимизга ҳамроҳ айласин.  Устиимздаги бу улкан синовдан (касалликдан) барчаларимиз гўзал сабр, ибрат ва бардавом дуолар билан, сўнгида савоб, ажр ва мукофот билан чиқмоқликни насиб қилсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло бу неъматини бардавом қилсин.

Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилиб қоламиз…

Манбалар асосида

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.