Гуноҳи кабираларнинг бири, “ёмонликларнинг онаси” бўлган маст қилгувчи ичимликларни ичиш Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан тақиқланган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ * إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَن يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاء فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَن ذِكْرِ اللّهِ وَعَنِ الصَّلاَةِ فَهَلْ أَنتُم مُّنتَهُونَ

Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?! (Моида. 90-91)

Араб тилида маст қилувчи ичимликни “хамр” деб аталади. “Хамр” луғатда бекитмоқ, тўсмоқ маъноларини билдиради. Чунки, у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади.

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ «(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ النَّسَائِي وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَه).

Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади — Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир” деганлар. (Имом Муслим, имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).

).عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفْتِرٍ (رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ

Умму Салама разияллоҳу анҳо айтади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайрадан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: — Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:

«Зино қилгувчи мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди. Ароқ ичгувчи ҳам мўмин ҳолида ароқ ичмайди». (Имом Бухорий ривояти)

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Ароқ ичгувчи ичаётган ҳолда мўмин бўлмайди», дeган сўзлари ҳақида сўралганда, ерга катта доира чизиб, унинг ичига яна бошқа доира чизиб айтдиларки:

«Аввалги доира Исломники, иккинчиси эса имонники. Банда агар ичса, зино ёки ўғирлик қилса, иймон доирасидан Ислом доирасига чиқади ва ислом доирасидан чиқмайди. Киши фақат ширк билангина Ислом доирасидан чиқади. Аллоҳ сақласин».

Қиддома ибн Мазъун хамр ичиб қўйгани учун Умар разияллоҳу анҳу уни жазоламоқчи бўлди. Шунда у:

  • Менга жазо вожиб бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло:

       لَيْسَ عَلَى الَّذِينَ آمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ جُنَاحٌ فِيمَا طَعِمُواْ إِذَا مَا اتَّقَواْ وَّآمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ     

         “Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар …. еб-ичганларида гуноҳ йўқдир” деган, — деб айтди.

         Умар разияллоҳу анҳу дарра урдирмади. Бу гап ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга етиб борди. Али разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳудан сўради:

  • Нима учун дарра урмадингиз?
  • У менга Қурондан бир оятни ўқиб берди, — деб халифа мазкур оятни тиловат қилди.
  • Қидома бу оятдаги инсон эмас. Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларни қилар экан, яхша амаллар қилганлардан ҳам эмас. Шубҳасизки, Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларни ҳалол санаганлар яхши амал қилгувчилар эмасдир. Уни қайтаринг, тавба қилсин. Агар тавба қилса, унга дарра уринг. Тавба қилмаса, диндан чиққанлиги учун қатл қилдиринг.

Умар разияллоҳу анҳу Али разияллоҳу анҳунинг таклифини қабул қилиб уни чақиртирди. Қидома бу сўзларни эшитиб, дарҳол тавба қилди. Шу билан халифа уни қатлдан озод қилди. Энди қандай жазо қўллаш ҳақида ҳазрат Алидан маслаҳат сўради.

«Унга саксон дарра уринг», — деди Али разияллоҳу анҳу, — Чунки хамр ичгувчи маст бўлади. Маст одам алжирайди, алжираган одам ифтиро қилади (яъни ёлғон тўқийди).

Шаҳобиддин домла Парпиев.

Асака туман бош имом-хатиби